Ўзбек автомобили қўшни Қозоғистон автосаноати учун хавфми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bibi.uz
Image caption Uzdaewoo машиналари Қозоғистонда ўтган йил энг оммабоплардан бўлган

Қозоғистон автомобил ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон машиналари миллий автосаноатнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётганини билдирган.

Қозоғистонда автомобил йиғувчи ширкатлардан бири раҳбари импорт қилиниши тўхтатилган ўзбек "Нексия"сининг яна Қозоғистон бозорига қайтиб қўйилгани қозоқ автосаноатига зарба бўлганини айтади. Қозоғистонлик ишбилармонлар икки давлат ўртасида авто савдосида ўзаро тенг муносабат шаклланиши кераклигини урғулашган.

Ўзбек автомобиллари Қозоғистонлик автосаноатининг ривожланишига халақит бераётгани ҳақида Қозоғистоннинг tengrinews.kz сайти хабар берди.

Қозоғистоннинг миллий автомобил ишлаб чиқариш заводларидан бири бўлмиш “Азия авто” корхонаси президенти Ерик Сагимбаев Қозоғистонга божхона тўловларисиз UZ-Daewoo маркаси остида кириб келувчи ўзбек машаналари импорт кўлами бўйича кучли учликка кириб келганини таъкидлаган. Шу йил бошида Қозоғистон Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи “Нексия” русумли машиналарини техник регламентга тўғри келмаслигини сабаб қилиб импорт қилишни тўхтатган эди.

“Бир неча ой ўтиб Ўзбекистон янги талабларни бекор қилишнинг уддасидан чиқди. Бу нимага олиб келди. Бир ойдан кам муддат ичида Қозоғистонга 20 минг автомобил олиб кирилди. Таққослаш учун ўтган йил давомида Қозоғистонга 13 300 та ўзбек автоси олиб кирилган эди. Келинглар, ҳамма нарсани ўз номи билан атайлик. Шу тариқа биз эвазига ҳеч нарса олмай ўзбек автосаноати ривожига ҳисса қўшяпмиз”, - деган “Азия авто” заводи президенти Ерик Сагимбаев.

Ерик Сагимбаев ташқи савдо адолатли бўлиши учун Ўзбекистон томони ҳам Қозоғистон автомобиллари учун божхона тўловларисиз кириб келишни таъминлаши ёки Қозоғистон ўзбек автомобилларига нисбатан акциз тўловлари ва солиқларни кўтариши керак.

Қозоқ автомобил ишлаб чиқарувчиларининг ушбу эътирози қозоғистонлик автоҳаваскорлар томонидан хуш қаршиланмаган.

Ижтимоий тармоқларда ўзбек автомобиллари Қозоғистонда нархи ва сифати сабаб анча рақобатдардош эканлиги, Қозоғистонда терилаётган автомобиллар нархи эса сунъий кўтарилиб кўрсатилишини эътироф этишган.

Олма отадан иқтисодчи кузатувчи Улуғбек Одилов Қозоғистонда терилаётган машиналар халқ орасида оммалашмагани айтади.

“Машҳур эмаслигига биринчи сабаб истеъмолчилар ўзларининг пули ва ҳамёни билан овоз беради. Яъни, одамлар ўша товарни сотиб олмаса ва муҳокама қилмаса унга талаб йўқ деб тушунаман. Сифат ёки нарх томонидан унга талаб йўқ”, - дейди Улуғбек Одилов.

Қозоғистонда рули ўнг томонда бўлган автомобилларни олиб киришга тақиқ қўйилиши ва ишлаб чиқарилган йили эски бўлган минилган машаналарни олиб кириш божхона тўловларининг кўтарилгани аҳолида арзон ва сифатли машиналарни олишга катта эҳтиёж пайдо қилди.

Қозоғистон терилаётган машиналар эса нарх борасида анча қимматлиги харидорларни "Лада" ва "Нексия" сингари машиналарни кўпроқ сотиб олишга ундади.

Қозоғистонда бешта корхона автомобил териш билан шуҳғулланаётган бўлса ҳам уларни улгуржи қилиб четга экспорт қилиш кузатилмаган. Қозоғистон автомобилларини Россия бозорига сотишни истайди бироқ Россия томонидан машиналарга утилизация йиғимларини сўраши ушбу экспорт истиқболига соя солмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ