Қашқадарёда ВИЧга чалинган 6 чақалоқ ҳаётдан кўз юмган

Image caption Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтириш, ОИТСга чалиниш билан рақамлар ошкор этилмайди

Хабарларга кўра, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида ВИЧ вирусини юқтирган болалардан 6 нафари ҳаётдан кўз юмган.

12news.uz вебсаҳифасида ВИЧга чалинган болалар сони 26 нафар бўлгани айтилади.

Бу ҳақда аввалига Шаҳрисабз прокурори Шерали Аширов маҳаллий матбуотга билдирган.

Вебсаҳифа прокурор Шерали Ашировнинг "мазкур факт юзасидан Жиноят кодексининг (Таносил ёки ОИТС (СПИД) касаллигини тарқатишга оид) 113 моддаси 3 қисми бўйича жиноий иш" очилгани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.

Мазкур ишга масъул деб топилганларга беш йилдан саккиз йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Айни хабарларда айтилишича, шаҳрисабзлик болалар ВИЧни 2007-2013 йиллар орасида юқтиришган. Баъзи манбалар вирус болаларга нотоза қонни қуйиш орқали ўтган бўлиши мумкинлигини айтишади.

ОИТС маркази раҳбари: "Қаерда чиқибди бу хабар?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтирган болалар бўйича аниқ рақамлар йўқ

Би-би-си бу маълумотларни тасдиқлаш учун Республика ОИТСга карши кураш марказига боғланган.

Марказ директори Нурмат Атабеков: "Қаерда чиқибди бу хабар? Ўқиган бўлсангиз бўлди, нега менга чиқяпсиз?" дея жавоб берган.

Бу хабарлар нақадар тўғри ёки нотўғри экани ҳақида сўралганда эса, жаноб Атабеков: "Ёлғон хабар, қаердан чиққанини билмайман", дейиш билан телефонни узиб қўйган.

Шаҳрисабзликлардан бирига кўра, одамлар орасида тиш даволаш клиникаларида СПИД чиққанига оид гап-сўзлар тарқалган.

"Тиш дўхтирдан чиқибди СПИД деган гапларни эшитдик. Ҳозир баъзи тиш дўхтирхоналарни ёпибди ҳам дейишади. Одамлар орқа эшикдан кириб-чиқиб юришган эмиш", дейди шаҳрисабзликлардан бири.

Озодлик радиоси ҳам ўз манбаларига таяниб, шу кунларда Қашқадарë вилояти бўйлаб "эҳтимолий ОИТС вируси ташувчиларни мажбуран текшириш" бошлангани хусусида хабар берган.

Аммо, Қашқадарёдан ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатовнинг айтишича, хорижга, ҳатто, Россия ёки Қозоғистонга чиқиб келганларнинг ҳам қонларини текшириш аввалдан йўлга қўйилган.

Худди шунингдек, ташқарига чиқиш учун паспорт ва чиқиш изни олмоқчи бўлган одамлар ҳам ОИТС марказларида текширувдан ўтишлари мажбурийдир.

Ўзбекистонда болаларга иммун танқислиги вирусини юқтириш илк бора кузатилаётгани йўқ.

Ўзбекистоннинг Наманган шаҳридаги шифохонада 2007-08 йиллар оралиғида ВИЧ вируси қарийб бир юз элликка яқин болага юқтирилгани ҳақида хабар қилинган.

Ўшанда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда болаларнинг ВИЧ вирусини юқтириш ҳолатлари қайд этилганини тасдиқлаган, аммо уларнинг қон қуйиш натижасида юз бергани ҳақидаги тахминларни рад этганди.

Ўзбекистонда ВИЧ вирусини юқтириш, ОИТСга чалиниш билан рақамлар ошкор этилмайди.

2012 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21500 дан ортиқ ВИЧ инфекциясини юқтирган киши аниқланган. Аммо, мутахассислар ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори экани айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ