Руҳий шифокорга савол: нега Ўзбекистонда завод-фабрикалар ишламай қолди?

Ўзбекистонда "Нега завод-фабрикалар ишламай қолди, ишчилари Россияга кетди, аёллар мардикорлик қилишга мажбур бўлаяпти?", деган саволларни қўйиб бўлмайдими?

Бунга жавоб "Йўқ, бу саволни берсанг, сен руҳий соғлом эмассан".

Жиззахлик фаол Алиқул Саримсоқов 16 кунни руҳий шифохонада ўтказганидан кейин келган хулоса шу.

У 17 июн куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Бош вазир Шавкат Мирзиёевга очиқ хат эълон қилган.

Шу йилнинг 12 майида эса Алиқул Саримсоқов Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевни "ўз лавозимига нолойиқ"ликда айблаб, маҳкамага беришга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзи ҳам фермерлик билан шуғулланган Алиқул Саримсоқов жиззахлик фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан.

Шунингдек, у маҳаллий ҳокимларнинг уй-жой қурилиши билан ноқонуний амалларидан шикоят қилиб ҳуқуқ-тартибот органларига, Ўзбекистон раҳбариятига шикоятлар қилган.

Аммо, Алиқул Саримсоқовга кўра, ўз мурожаатларига Ўзбекистон конституцияси, қонунлари доирасида чора кўриш ўрнига "ҳуқуқ-тартибот маъсуллари ҳокимлар билан тил бириктириб", ўзига қарши тазйиқларни кучайтирганлар.

16 июн куни участка милиционери Алиқул Саримсоқовни чақирган, кейинги кун кечгача ушлаб туришган.

Сўнг Жиззах руҳий шифохонасига олиб боришган.

"Менинг тентаклигим ҳақида на суднинг қарори, на суд ажримини кўрсатишди, на бош врач хулосасини", дейди Алиқул Саримсоқов.

"Уч кун очлик эълон қилдим. Кейин бош врач мени ёш болани аврагандай аврамоқчи бўлди. Мен "Хўп, майли сиз айтаётгандек бўлсин, нимага унда завод-фабрикалар ишламай қолди, нимага у ерда ишлайдиганлар одамлар ҳамма тарафга мардикорликка кетади? Улар у ёқдан мардикорликдан келгунча бу ерда аёллари мардикорликка чиқяпти?", дедим.

"Главврач гап тополмай, "Ҳа бир-икки кун шу ерда дам олинг", деди.

Алиқул Саримсоқовнинг айтишича, руҳий шифохонада кўрган 50 тача "бемор"нинг 10 нафари ҳақиқий руҳий хастага ўхшайди.

"Қолганлари ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилгани учун "жиннихонага тушиб қолган" соғлом одамларга ўхшади", дейди Алиқул Саримсоқов.

Бу мавзуда батафсилроқ