Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Риштон аҳолиси сув танқислигидан азият чекмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистон сув резервуарларидаги заҳираларнинг кескин камайиб кетиши натижасида фавқулодда ҳолат юзага келганини айтмоқда.

Расмийларга кўра, Бишкек ва Чуй водийсидаги ирригация сувларининг етмиш фоизи ишлатиб бўлинган ва Қирғизистон Қозоғистонга шартномада кўрсатилган ҳажмдаги сувни етказиб беролмайди.

Қирғиз ҳукумати минтақаларга етказиб бериладиган сувга чеклов киритган ва сув таъминотини мувофиқлаштириш бўйича махсус штаб тузишини эълон қилган.

Айни пайтда Ўш шаҳрида ичимлик суви таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Шаҳарнинг қатор мавзеъларида ичимлик суви умуман йўқлиги айтилади.

Расмийлар муаммога сувдан нооқилона фойдаланишни сабаб қилиб кўрсатишади.

Сув муаммоси минтақада эҳтимолий зиддиятларнинг манбаъси сифатида кўрилади.

Бундан икки йил муқаддам Президент Каримов Марказий Осиёда сув уруши хавфидан огоҳлантирганди.

Сув уруши ҳозирнинг ўзида камида бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлган.

14 июл куни қирғиз-тожик чегарасида сув устидан чиққан жанжалда бир тожик фуқароси ҳалок бўлган, етти киши жароҳатланган.

Амударё ва Сирдарёнинг юқори оқимидаги Қирғизистон ва Тожикистон сув манбаъларининг катта қисмини назорат қилади.

Ўтмишда Қирғизистон қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистонга сувни сотиш эҳтимоллари ҳақида ҳам гапирган.

Риштонлик журналист Баҳодир Элибоевнинг Би-би-сига айтишича, маҳаллий аҳоли ҳозирнинг ўзида деҳқончилик учун қирғизлардан сувни пулга сотиб олмоқда.

Ичимлик сувини эса маҳаллий тужжорлар қўшни туманлардан олиб келиб сотишади.