Экологик ваҳшийлик хатолари англаб етилаяптими?

Image caption Дарахтлар ҳам...омон чиқмади

Сўнгги 6-7 йил давомида бутун Ўзбекистон бўйлаб кекса, бақувват, ёзда соя-салқин берадиган дарахтларга аёвсиз қирон келтириш ортидан дарахтларни муҳофаза қиладиган тузилма ташкил этишга қарор қилинган.

Ўтган йили Ўзбекистонда атиги 1000 та кекса дарахт қолгани маълум бўлган эди.

Тошкентлик таниқли журналист Наталя Шулепинанинг атроф-муҳит масалаларини ёритишга ихтисослашган sreda.uz блоги хабар қилишича, Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига дарахтлар ҳимояси билан шуғулланадиган бўлим очишга рухсат беришини сўраб мурожаат қилган.

Бунга жавобан ҳукумат махсус қарор қабул қилган.

Бу қарор бутун Ўзбекистон эмас, фақат Фарғона вилоятига мўлжалланган.

У Фарғона шаҳри марказини ободонлаштириш, қимматли дарахт турлари ва ўсимликларини асраш, шаҳар майдонлари, хиёбонлари атрофини тоза-ораста сақлаш мақсадига қаратилган.

Шу мақсадда ҳокимият қошида Фарғона шаҳрини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш департаменти ташкил этилади.

Бу департамент ташкил этилишидан олдин Фарғона вилояти ҳокимлиги Фарғона шаҳри марказида нечта дарахт, нечта симёғоч, фонтан ва тунги ёритиш ускуналари борлигини инвентаризациядан ўтказиши талаб қилинади.

Sreda.uz веб-сайти ёзишича, Фарғона шаҳри марказида нечта кекса дарахт қолганини ҳисоблаб чиқиш ҳам дарахтларни ваҳшиёна кесишни тўхтатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкин.

Веб-сайт Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидаги, Фарғона шаҳридаги кекса ва қимматли дарахтлар инвентаризация қилинмагани ва шу сабаб ҳам Тошкентда бир асрлик дарахтлардан 300 тасига қирон келтирилдими ёки 400 тасига, номаълум эканини ёзади.

Лаънатга қолган дарахт қўпорувчилар

Image caption "Қудратига ўзи ишонмаган мулозимларнинг қурбони..."

Ўзбекистонлик амалдорлар охирги 6-7 йилда ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан соғлом, кўп йиллик, ёзда микроиқлим барпо этадиган улкан дарахтларни қўпоришга "ружу қўйдилар".

Нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам кўпчиликни ларзага солган воқеа Тошкентнинг Амир Темур хиёбонидаги ёши бир асрдан катта дарахтларнинг таг-томири билан йўқ қилингани бўлди.

Тошкентликлар сўзларига кўра, Амир Темурнинг "бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган биноларга боқинг" иборасини ёқтирадиган бугунги раҳбарлар учун бир асрлик дарахтлардан кўра хиёбон четига қурилган Форумлар саройининг маҳобатини кўз-кўз қилиш муҳим бўлган.

Суҳбатдошлардан бири, " тепада ўтирганлар ўзлари ишонмайди, ҳеч кимдан кам эмасмиз деб кўкракка муштлагани билан нимага эришдик, қанақа қудрат ҳақида гапирасиз, йўқ нарсага ўзлари ҳам ишонмаганидан кўприкбозлик, бинобозлик қилишади", деб куйинади.

Кўпчилик кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги бир асрдан кекса, бугун ҳам соғлом ва бақувват, ёзнинг жазирамаларида инсонларга соя берадиган дарахтларнинг илдизлари билан қўпорилиши ортида камида учта сабаб бор.

Бири мансаб курсисини эгаллаган амалдорларнинг "юқорига ёқиш" ва шаҳарни қайта қуриш ва ободонлаштириш баҳонасида давлат бюджетидан кўпроқ маблағни ноқонуний ўзлаштириш истакларидир.

Шунингдек, СССР замонини эслатадиган хотира қолдирмаслик, мамлакат мустақиллиги йилларида Ўзбекистон шаҳар ва кўчаларининг нақадар кенг ва обод бўлганини кўрсатиб қўйиш интилиши.

Охирги икки йилда ёзда Ўзбекистонда ҳаддан зиёд жазирама иссиқ кузатилаяпти, мана шундай кунларда "кўчада қолганлар соя-салқин бериб турган дарахтларни кўпоришга буйруқ берганларни лаънатлаб юриптилар", деб ёзди Интернет ижтимоий тармоқларидан бири фойдаланувчиси.

Бу мавзуда батафсилроқ