АҚШ: 'Россия халқаро битимни бузди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Битим 1987 йилда Михаил Горбачев ва Роналд Рейган томонидан имзоланган

АҚШ ҳукуматига кўра, Россия ядровий ракета синовини амалга ошириш билан муҳим халқаро келишувни бузган.

Америкаликларнинг даъво қилишларича, Россия ракета синовини амалга ошириб, Совуқ уруш даврида имзоланган Ўртача ва қисқа масофага учадиган ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимга хилоф равишда амал қилган.

АҚШ маъмуриятининг юқори даражали расмийси Россия синовининг тафсилотларини бермади, бироқ унинг амали “ўта жиддий” эканини айтди.

Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида келишилган битимга биноан, 500дан 5500 чақиримга етиб бориш салоҳиятига эга ўрта масофали ракеталар ман этилган.

Оқ Уйнинг бу даъволари АҚШ Россияни Украинадаги можарога алоқадорликда айблаши билан ўзаро совуқлашган алоқалар манзарасида янграмоқда.

'Ман этилган жиҳозлар'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Обама мазкур масалада Путинга мактуб йўллаган

Исми-шарифи очиқланмаган юқори даражали АҚШ расмийси ўз баёнотида ракета синови жуда муҳим масала экани ва АҚШ маъмурияти уни “Россия билан анчадан бери муҳокама қилишга уринган”ини билдирган.

“Биз Россияни битимни имзолаш орқали ўзига олган мажбуриятларини бажаришга ва ман қилинган жиҳозларни ишончли тарзда йўқ қилишга ундаймиз”, - деб айтган расмий.

Унинг айтишича, Барак Обама мазкур масала борасида Россия раҳбари Владимир Путинга мактуб йўллаган.

Би-би-сининг Вашингтондаги муҳбири Пол Блекйнинг айтишича, мазкур масала йиллар оша қизиб келаётганига қарамай, АҚШ ҳукумати илк марта очиқчасига айбловлар билан чиқди.

Ўтган январь ойида Нью Йорк Таймс газетаси Россия 2008 йилдан бери ракеталар синовини амалга ошириб келаётгани ҳақида ёзган.

Мақола чиққан вақтда АҚШ Давлат департаменти мазкур масала муҳокама қилинаётганини билдирганди.

Совуқ уруш даврида собиқ президентлар Роналд Рейган ва Михаил Горбачевлар ўртасида имзоланган бу битим, муҳбиримизга кўра, АҚШ-Россия қурол назорати ҳаракатларининг юрагида туради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ