Каримов АҚШнинг ҳарбий режалари билан қизиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza
Image caption АҚШ генерали билан кечган музокаралар тафсилотлари маълум эмас

Президент Ислом Каримов АҚШнинг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан кейинги режаларини билиш истагида эканини айтган.

Жаноб Каримов бу ҳақда чоршанба куни Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони Ллойд Остин билан музокаралар чоғида гапирган.

Ўзбекистон давлат телевидениесининг Президент Каримовдан иқтибос келтиришича, Ўзбекистон раҳбари АҚШ генералидан Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетганларидан сўнг АҚШнинг минтақадаги роли қандай бўлади, деб сўраган.

"Бизнинг охирги учрашувимиздан буён жуда кўп нарса ўзгарди. Биз энг аввало, Марказий Осиё ва Афғонистон масаласини гаплашиб олишимиз керак. Энг муҳим савол-АҚШнинг Афғонистондаги иштироки қанчалик бўлади?. Агар сизнинг қўшинларингиз Афғонистондан чиқиб кетадиган бўлса, Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги роли қандай бўлади?", -деб сўраган Президент Каримов.

АҚШ Марказий Қўмондонлиги раҳбарининг ушбу саволларга қандай жавоб бергани маълум эмас.

Расмий хабарда жаноб Остин "ўзбек-америка муносабатларининг истиқболлари юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдириб, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлагани" айтилади.

Президент Каримов бундан аввал ҳам 2014 йилда халқаро кучлар Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши борасида хавотирлар билдирган, аммо бу жаноб Каримовнинг АҚШнинг келажакда минтақадаги ҳарбий иштироки борасида илк бор тўғридан-тўғри савол қўйиши.

Саволнинг оҳангидан Ўзбекистон раҳбари Американинг минтақадаги ҳарбий иштироки камайишини истамаслиги сезилади.

Раддия

Айни пайтда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Қўшма Штатлар Ўзбекистонда ҳарбий база очишни режалаётгани ҳақидаги хабарларни қатъиян рад этган.

Тошкентда чоп этиладиган "Новый Век" мустақил рўзномаси АҚШ элчихонаси вакилининг "Ўзбекистонда ҳарбий база очиш борасида режа ҳам, музокара ёки ҳаракат ҳам йўқ ва бўлиши мумкин эмас",- деган сўзларини келтирган.

Аввалроқ Ўзбекистон куч тизимларига яқин деб тахмин қилинадиган Узметроном нашри АҚШ генерали ўзбек томони билан Афғонистон билан чегарадаги Термез шаҳрида Американинг ҳарбий контингенти ва техникасини жойлаштириш масаласини муҳокама қилгани ҳақида ёзган.

Нашрнинг дипломатик манбаълардан иқтибос келтиришича, Қўшма Штатлар бунинг учун Ўзбекистонга "йилига 1 миллиард доллар тўлашга рози".

АҚШ генералининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида ёзган Россия матбуоти ҳам россиялик экспертларнинг Ўзбекистон Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёдаги таянчига айланаётгани ҳақидаги фикрларини келтирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сўнгги йилларда Президент Каримов яна АҚШнинг яқин ҳамкорига айланган

Бундан аввал Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ расмийлари, жумладан, собиқ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон жаноб Каримовни Америка Марказий Осиёни ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги борасида ишонтиришга уринганлар.

Аммо айрим таҳлилчиларга кўра, афтидан, Украинадаги воқеалар манзарасида Президент Каримов Қўшма Штатлардан кўпроқ кафолатлар истамоқда.

Ўзбекистон Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва Украина шарқидаги воқеалар мустақилликка жиддий хавф туғдирганини айтган.

Таҳлилчиларга кўра, Украинадаги воқеалар минтақадаги геосиёсий вазиятни ўзгартирган ва Қўшма Штатлар ҳам ўз режаларини қайта кўриб чиқаётган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон АҚШнинг Андижон воқеалари юзасидан танқидлари сабаб, 2005 йилда Америка ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборган эди.

Аммо сўнгги йилларда Тошкент АҚШ ва НАТО билан ҳамкорликни 2005 йилгача бўлган даражага чиқаришга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ