Россиялик депутат президент Каримов билан тил бириктирдими?

Image caption "Ўзбекистон...борсаммикан, бормасаммикан..."

Россия парламенти қуйи палатаси депутати Иля Дроздов Россиядан барча ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳайдаб чиқариш таклифи билан чиққан. Уни АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очиш борасидаги хабар ташвишлантириб қӯйган.

Россиялик депутат АҚШнинг бу мақсадини амалга ошириш учун Ӯзбекистон йӯл очиб берадиган бӯлса, ӯз мамлакатида ишлаётган барча ӯзбекистонлик меҳнат муҳожирини чиқариб юбориш билан жавоб бериш зарур дея ҳисоблайди.

Бу ҳақда Россия нашрлари хабар берган.

Иля Дроздов Россия парламенти қуйи палатаси (Давлат думаси)нинг МДҲ ишлари, Овросиё интеграцияси ва ватандошлар билан муносабатлар қўмитаси аъзосидир.

Унинг сўзларига кўра, агар Ўзбекистон ўз ҳудудида АҚШ базасини очишга рухсат берса, бунга қарши Россия раҳбарияти даражасида қарор қабул қилиш керак.

«Агар биз Ўзбекистон бизга ортиқ иттифоқчи эмаслигини аниқлаб олсак, умуман олганда, рақибимизнинг ҳарбий базасини жойлаштирилишига рухсат берилиши ҳам иттифоқчи томонидан қилинадиган ҳаракат эмас, Россияда бирорта ҳам ўзбекистонлик муҳожирни қолдирмаслик учун бир ой етади. Ана, улар АҚШ базасига бориб, пул ишлайверишсин», - деган жаноб Дроздов.

Депутатнинг сўзларига кўра, бу АҚШнинг Марказий Осиёдаги ҳаракатларига нисбатан «нормал, муносиб муносабат» бўлади.

Маълумки, ӯтган ҳафта АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Ллойд Жей Остин Ўзбекистонга сафар қилганди.

У Ӯзбекистонда жумладан президент Ислом Каримов билан учрашганди. Худди ана шу кунларда Россия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси очилиши ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Ҳатто бунинг учун Америка Ӯзбекистонга ҳар йили 1 миллиард доллар тӯлаши ҳақида хабарлар янграганди.

Каримовнинг "кўнглидагини" топдими?

Image caption "Ҳамма ватанга қайтсин!.."

Орадан бир неча соатлар ўтибоқ...бу хабарлар ӯз тасдиғини топмади. Қайтага АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ва АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги томонидан рад этилди.

Лекин АҚШ ҳарбий базаси очилиши тасдиқ ё рад этилмасин, Россиялик депутат айни Ӯзбекистон президенти кӯнглидаги гапни топиб айтган, дейишади маҳаллий таҳлилчилар.

Чунки Россияда ишлаётган ӯзбекистонлик меҳнат муҳожирларини «дангасалар» ва «текинхӯрлар» деб атаган Ислом Каримов уларни ӯз мамлакатига қайтариш йӯлларини изламоқда.

Аммо таҳлилчиларга кӯра биргина ӯтган йили Ӯзбекистонга 6 миллиард 600 миллион доллардан ортиқ пул жӯнатган меҳнат муҳожирлари юртларига қайтиб боришса уларни етарли маош бериладиган иш билан ким таъминлайди?

Россия Федерал муҳожирлик хизмати маълумотларига кӯра эса, биргина 2013 йилда Ӯзбекистондан 3 миллион нафардан ортиқ киши Россияга ишлаш учун борган.

«Агар биз ишёқмас бӯлсак, юбораётган пулларимизга Ӯзбекистонда янги, замонавий уйлар қурилармиди, ӯғил уйлантириб, қиз чиқарармидик, болаларимизни контрактга катта-катта пул бериб ӯқита олармидик», дейди Фарғонанинг Бешариқ туманидан эканлигини айтган 45 ёшли Акмалали.

Тахлилчиларга кӯра эса, борди-ю миллионлаб ӯзбекистонликлар чет эллардан Ӯзбекистонга қайтиб келишса, мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликлар юзага келиши мумкин.