Шимолий Вазиристон: 'етти ўзбек жангариси ўлдирилган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Покистон ҳарбийлари хабар қилишларича, қавмлар назоратидаги Шимолий Вазиристон минтақасида 30 дан ортиқ исломий жангари ўлдирилган, шулардан етти нафари ўзбек бўлган.

Покистон армияси 5 август куни тонгида Шимолий Вазиристоннинг асосий шаҳри - Мироншоҳдан 40 километрча ғарбда жойлашган Даттаҳел деб номланган жой ҳаво ҳужумларига тутилгани ҳақида хабар тарқатган.

Даттаҳел Покистон армиясига қарши отланган исломий жангарилар паноҳ топган ҳудуд ҳисобланади.

Би-би-си мухбири Илёс Хон айтишича, бу жойларда аҳоли сийрак жойлашган ва ҳар-ҳар жойга сочилиб кетган.

У ерларда матбуот йўқ ва Покистон армияси хабарларини мустақил манбалар орқали текшириш имкониятсиз, дейди Би-би-си мухбири.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сешанба кунги ҳаво ҳужумлари 30 жангарини ўлдиргани, бундан олдин эса ҳаво ҳужумларига тутилган ҳудудлардан шарқроқда етти ўзбек жангариси ҳалок этилгани ҳақида хабар қилган Покистон армияси.

Душанбадан сешанбага ўтар кечаси юз берган жангларда камида икки Покистон аскари ҳалок бўлган.

9 июн куни Покистоннинг йирик ҳаво қўналғаларидан бири ҳисобланган Карачи аэропортига ҳужум қилинган, жанглар оқибатида Покистон расмийлари 28 инсон ҳалок бўлганини хабар қилган.

Карачи аэропорти ҳужуми учун масъулиятни Ўзбекистон Исломий ҳаракати зиммасига олган.

Июн ойи ўрталаридан эса Покистон қуролли кучлари Шимолий Вазиристонда жойлашган ва Толибон билан қалин алоқаларга эга жангариларга қарши йирик амалиётларни бошлагани ҳақида эълон қилган.

Ҳудуддан минглаб тинч фуқаролар қочиб чиқишга мажбур бўлганлар.

Сўнг қавмлар назоратидаги қишлоқ ва шаҳарчаларда бўлган мухбирлар айрим дўконларда ўқ-дори, қурол-яроғ билан бирга ўзини ўлдиришни истаган худкуш ҳужумчилар учун "шаҳидлик белбоғлари" эмин-эркин сотилганининг гувоҳи бўлганлар.

Айрим хабарларда соч-соқолини қириб ташлаган жангарилар тинч аҳолига қўшилиб ҳужум режаланган ҳудудлардан қочиб чиқиб кетганлари айтилган.

Покистон армияси ҳаво ҳужумлари ва қуруқлик қўшинлари амалиётлари натижасида 400 дан ортиқ исломий жангари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Бир ярим ой давомида 30 дан ортиқ Покистон ҳарбийси ҳалок бўлган.

Шу пайтгача Афғонистон ҳукумати асосий рақиблари деб кўриладиган Ҳаққоний тармоғининг бирор бир юқори мартабали вакили ёки бошқа маҳаллий ёхуд хорижлик кўзга кўринган қўмондон ҳибсга олингани маълум эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ