'СтопХам' сурбет, қонунбузар ва маданиятсиз ҳайдовчиларни тўхтата оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи nasimov.uz

Ўзбекистонда қиммат автомобиллар сотиб олиб, "ўзини хон, кўланкасини майдон" ҳис қиладиган шахсларни "тийиб қўйиш" мақсадидаги кампания бошланган.

Бу Россиядаги "СтопХам" - "Сурбетни тўхтат!" кампаниясига ўхшаш жамоатчилик ташаббуси билан бошланган кампаниядир.

Бундан олдинроқ Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳи орасида "СтопХам" ёзуви ёзилган ёпиштириладиган қоғозларни қаердан сотиб олиш мумкинлиги ҳақида баҳс бошланган, бу билан ўша ҳайдовчилар билиб туриб йўлларда ҳаракатланиш қоидаси, автомобилни сақлаш жойи тартибини бузаётган инсонларни "одобга чақириш" мақсадини кўзлаган эдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи anhor.uz

Шу йўл билан Тошкентда ҳам ҳайдовчилик маданиятини ошириш ният қилинган.

Август ойининг биринчи кунларида Тошкентдаги айрим автомобиллар ойналарида "СтопХам" ёпиштириладиган қоғозлари пайдо бўлган.

Бу яхши янгилик сифатида қабул қилинаётгани, матбуот ва Интернет ижтимоий тармоқларида қўллаб-қувватланаётганини кузатиш мумкин.

Айрим Интернет фойдаланувчилари ушбу акциянинг "Тўхта, Сурбет!" деган ўзбек тилидаги ёзувини тезроқ кўпайтириб тарқатиш таклифини илгари сурганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи nasimov.uz

Нафақат Тошкентда, бутун Ўзбекистонда шахсий автомобиллар сони тезлик билан кўпаймоқда.

Бироқ ҳали СССР замонидан машина бошқариш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома - "правани сотиб олиш" осон бўлиб келган, бугунги автомобиллар сони кўпайган замонда эса "отасининг пули кўп", бироқ ҳали автомобил ҳайдаш ёшига ҳам етмаган "бойваччалар"нинг қиммат машинани кўчага чиқиб кўз-кўз қилиш истаклари ҳам ўзларининг ва ҳам ён-атрофдаги пиёда ва ҳайдовчилар умрларига зомин бўлган ҳоллар кўпаймоқда.

Шу кунларда мухбиримиз Тошкент кўчалари қонун-қоидани бузиш бўйича "пойга" йўлакларига айлангани ҳақида мақола ҳам ёзган эди.

Бундан олдин таниқли тошкентлик блоггер "Тошкент кўчаларидан пиёдаларни қувиб чиқариш"таклифини ҳам илгари сурган.

Бу билан у автомобилни сақлаш қоидасига амал қилмайдиган ҳайдовчиларни "инсофга чақириш"га ҳаракат қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ