Ўзбекистон автосалонларида 'ур-тўполон'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

GM-Uzbekistan қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни 7 августдан бошлаб ўзбек сўмида харид қилиш учун шартнома берилиши ҳақида хабар тарқаларкан, Тошкентдаги аксарият автосалонларда турнақатор навбатлар пайдо бўлган.

Тошкентдан журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, айниқса, пойтахтдаги йирик автосалонларда "ур-тўполон", "нохуш манзара" кузатилмоқда.

"Автомобиллар сотиб олиш учун бу каби навбатнинг юзага келишига сабаб, соғлом бозор муносабатларининг йўқлиги, хориждан келтириладиган машиналарга сунъий равишда тўсиқ қўйилгани, яъни давлат божлари юқори қилиб қўйилгани ҳамда Ўзбекистон автомобил бозорининг эркин эмаслигида", дейди журналист.

Матбуотга гапирган "Ўзавтосаноат" вакили автомобилларни ўзбек сўмида харид қилиш учун шартнома берилиши ҳақидаги хабарни тасдиқлаган ва машиналар қиймати ўтган йилгисидан ўзгармаганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон қонунларига биноан, мамлакатда тўловлар миллий валютада амалга оширилиши керак.

Бироқ, Ўзбекистондаги автомобил ишлаб чиқариш тизими ҳам, бу автомобилларни қаерда қанчага сотилиши ҳам шаффоф эмаслиги айтиб келинади.

Журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, автомобил сотиб олиш истагидаги одамлар белгиланган нархнинг 85 фоизини олдиндан тўлашлари керак бўлади. Аммо, машина калитини олиш учун маълум муддат кутишга тўғри келади.

"Энг қизиқ томони - тўлов шартномаси берилаётган фуқароларга автомобиллар 1,5 йил, баъзан 2 йилдан кейин берилади. Шартномалар асосида пул тўлаган одамлар бевосита заводнинг ривожланишига ҳисса қўшган бўлади. Яъни, уларнинг пуллари "оборот"да - айланмада ишлайди", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг аксарият қисми экспорт қилинади. Мутахассисларга кўра, ушбу автомобиллар Қозоғистон ва ё Россия каби давлатлар бозорларида баҳоси ўта арзонлиги билан харидоргирдир.

"Аммо, Ўзбекистон аҳолисининг ўзига автомобилларга нисбатан эҳтиёж катта, лекин Ўзбекистон ҳукумати уни ички бозорда сотишдан кўра, ташқи бозорга сотишдан кўпроқ манфаатдор", дейди журналист.

Ҳозир GM Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан Damas, Nexia, Matiz, Gentra, Spark, Сaptiva, Malibu, Cobalt, Orlando каби моделдаги автомашиналар сотувга чиқарилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ