“Ўзбекистонда Эбола вирусидан хавотирларга ўрин йўқ”

Image caption Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Ғарбий Африкада Эбола касаллигининг тарқалишини халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон этди

Podrobno.uz сайтининг Ўзбекистон эпидемиологларидан иқтибосан ёзишича, ушбу вируснинг мамлакатга кириб келиши учун асос йўқ.

"Аэропорт ва вокзаллардаги замонавий назорат ва эпидемия ўчоғи бўлмиш давлатлар билан тўғридан тўғри ҳаво алоқасининг йўқлиги сабаб вируснинг Ўзбекистонга кириб келиши учун асос йўқ", деб ёзади интернет нашри.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиа ширкати матбуот хизмати Тошкент аэропортида ҳеч қандай карантин ҳолати киритилмаганини ва фақатгина шифокорларга шикоят қилган йўловчиларнинг ҳарорати ўлчаб кўрилаётганини билдирган.

Мурожаат қилганлар орасида Эбола хасталиги аломатлари билан йўловчилар қайд қилинмаган.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти (ЖССТ) Ғарбий Африкада Эбола касаллигининг тарқалишини халқаро фавқулодда ҳолат деб эълон этди.

ЖССТ расмийларига кўра Эбола вируси тарқалишини тўхтатиш учун муштарак халқаро чоралар кўрилиши лозим.

Эбола инсон саломатлиги учун хатарли бўлган вирус турларидан биридир.

Унинг одамни ўлимга олиб бориш даражаси 55%дан 90%гача деб ўлчанади. Эбола тана суюқлиги орқали одамдан одамга юқади.

Ҳозирга қадар бу йилнинг ўзидаёқ Ғарбий Африкада Эбола касаллигидан 930дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ