Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Обидхон қорини ёмонотлиқ қилиш ва қариндошларга босим давом этаяпти'

2012 йил Швецияда ҳаётига суиқасд қилинган таниқли ўзбекистонлик имом Обидхон қори Назаровнинг ўғли Довудхон айтишича, 2004 йил ёзида Тошкентда ғойиб бўлган акаси Ҳусниддин Назаровнинг тақдири ҳалигача ўзларига қоронғу.

Ўшанда бир неча кун ичида Ҳусниддин Назаров ва яна бир неча ёш намозхон йигитлар Тошкент кўчаларида ғойиб бўлган.

Обидхон қори Назаров ва унинг оиласи аъзолари ушбу ғойиб бўлишлар ортида Ўзбек махсус хизматлари турганига ишонишларини айтадилар.

Имом оиласи аъзолари Ўзбек расмийларига ва халқаро ҳамжамиятга бир неча марта мурожаат қилиб, ёш йигитлар тақдири ҳақида маълумот беришни сўраганлар.

Довудхон Назаров айтишича, Ўзбекистонда отасини ёмонотлиқ қилиш кампанияси кучайган ва Ўзбекистонда қолган қариндошларига босим ўтказилиб, Швецияда Обидхон қори Назаровга Ўзбекистон ҳукумати суиқасд уюштиргани ҳақидаги матбуот чиқишларини тўхтатиш талаб қилинаяпти.

Таниқли 2006 йилдан буён имом оиласи билан Швецияда яшаб келади.

Ўзбекистон ҳукуматининг энг таниқли танқидчиларидан бири бўлган имомга расмий Стокгольм сиёсий бошпана берган.

Обидхон қори Назаров 2012 йил 22 февралида Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида ўз уйининг остонасида номаълум шахс томонидан отиб кетилган.

Суиқасддан сўнг у чуқур кома ҳолатига тушган.

Имомга суиқасдни уюштирган шахс қўлга олинмаган.

Ушбу суҳбатни Довудхон отаси Обидхон қори Назаровнинг диний-маърифий фаолиятини тарғиб қилишга бағишланган саволга жавоб билан бошлайди.