Марьям Ибрагимова: 'Араб баҳор'ига танқидчилар эмас, умидсизлик, адолатсизлик етаклайди

Марьям Ибрагимова 1956 йили Хева шаҳрида туғилган.

У Ўзбекистон Миллий университети(Тошкент Давлат Университети)нинг Тарих факультетини тамомлаган.

Марьям Ибрагимованинг талабалик йиллари Ўзбекистон собиқ Ташқи ишлар вазири, Сенатор Содиқ Сафоев ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг ҳам ТошДУ Тарих факультетидаги талабалик йилларига тўғри келган.

У 1987 йил Киевда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Марьям Ибрагимова 35 йил мобайнида Тошкентда талабаларга политология, социология ва ҳуқуқдан сабоқ берган.

Охирги 20 йилда Тошкентдаги Жаҳон Тиллари университетида ишлаган.

Марьям Ибрагимова Интернетда қатор мақолалар, хусусан, Ўзбекистон таълим тизимидаги коррупция, Ўзбекистонда "бахмал" инқилобни амалга ошириш имконсиз экани, Ўзбекистон ҳукумати либерал мухолифатнинг мамлакат ичкарисида фаолият юритишига изн бермасдан хатога йўл қўйгани каби фикрлари илгари сурилган мақолаларини эълон қилган.

Тошкентлик журналистларнинг "Shut me" видеолойиҳаларида иштирок этган.

Ана шу мақолалари ва видеомуҳокамалардаги иштироки учун Марьям Ибрагимова 2014 йил февралида Ўзбекистон Бош прокуратурасига чақиртирилган.

Бош прокуратурада политолог ўзи билан профилактик суҳбат ўтказилгани, унинг фаолияти конституцион тузумга туҳмат қилиш ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материаллар тарқатиш каби Ўзбекистон Ўзбекистон Жиноят Кодекси бандларига мос келиши мумкинлиги ва бундан кейин ўз фикрларини билдираётган пайтда ўзини "корректно" тутиши лозимлиги ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйган.

Би-би-си меҳмони Марьям Ибрагимова билан суҳбат

Би-би-си: Биринчи саволимиз сизнинг бундан олдин суҳбат ва мақолаларда айтган фикрингизга боғлиқ. Сиз, Ўзбекистон ҳукумати либерал мухолифатга мамлакат ичкарисида фаолият юритишига рухсат бермасдан хато қилган, деб айтгансиз. Нима учун сиз шундай фикрдасиз?

Марьям Ибрагимова: Мен ўйлайманки, бизнинг ҳукуматимизнинг либерал мухолифатга фаолият юритишига рухсат бериши мамлакатимизга фойда келтиради. Мен либерал мухолифат деганда ҳокимият учун курашишни хоҳлаймайдиган, ҳатто ўзларининг сиёсий партиясини тузиш истагида бўлмаган эркин фикрли инсонларни назарда тутаман. Либерал мухолифат - бу ўз фикрларини эмин-эркин ифода этишни хоҳлайдиган бизнинг зиёлиларимиз. Бу одамлар кўп нарсани талаб қилмайдилар, улар фақат мамлакатда яхши ислоҳотлар амалга оширилишини хоҳлаётган ва бу ҳақда гапиришни, бу мавзуларни очиқ муҳокама қилишни истаётган инсонлардир. Агар бизнинг ҳукуматимиз ўзини танқид қилишларига изн берса, ҳукуматнинг ўзига фойда-ку. Ана ўшанда ҳукумат ўзининг хато-камчиликларини кўради. Агар ҳукумат ўз хато-камчилигини кўрса, кўрганидан кейин уларни тузатишни бошласа, ёмонми? Мана Ғарбда сиёсий тузумлар нега ўз мухолифатини яхши кўради, ўз мухолифатини қадрлашади, унинг ривожланишига ёрдам беришади. Шунинг учун агар бизнинг ҳукуматимиз мамлакат ичкарисида либерал мухолиф ҳаракатларнинг фаолият юритишларига рухсат берса, танқид қилиш учун эркинлик берса, буни мен жуда катта муваффақият, деб ҳисоблаган бўлардим. Бу, биринчи навбатда, коррупцияга қарши курашда улкан рол ўйнаган бўларди. Мен бу гапни ҳар доим айтиб келганман: ҳокимият пирамидасининг тепасида ўтирганлар ўзларининг қўли остидаги ҳамма амалдорларини ўзлари тўла назорат қилолмайдилар. Аҳвол шундай бўлгани учун ҳам Ўзбекистонда коррупция шу даражада кенг тарқалган. Коррупция эса жамиятни чиритиб юборадиган кислота-ку. Шунинг учун ҳам коррупцияга қарши курашиш муҳим. Қисқа қилиб, нега жамиятда либерал мухолифатга эркинлик бериш керак, деган саволга мен шундай жавоб берган бўлардим. Батафсил жавобни хоҳлаганларга эса жуда узоқ вақт давом этадиган лекция ҳам ўқиш мумкин.

Би-би-си: Лекин ўзбек расмийлари сизга айтишлари мумкин: мана бизда бир неча мухолиф партия бор, парламентнинг қуйи палатаси - Қонунчилик палатасида уларнинг фаолиятини кўришингиз мумкин, деб эътироз билдиришлари мумкин...

Марьям Ибрагимова: Бундай эмаслигини ҳамма жуда яхши тушунади. Бу партиялар ҳокимиятни танқид қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Улар ҳокимият айтганини доим маъқуллаб турадилар. Бу партиялар ўзларининг бирорта ислоҳот дастурини олдинга суриш ҳақида жиддий ўйлаб кўрмаганлар ҳам. Ҳукумат фаолиятини танқид қилиш ҳақида жиддий бош қотирмаганлар. Улар ҳокимият томонидан молияланадиган, ҳукуматпараст партиялардир. Ахир бундай бўлиши тўғри эмас. Мамлакатда сиёсий партиялар эркинлиги бўлиши керак. Мен либерал мухолифат ҳақида гапирганда, сиёсий партиялар эркинлигини эмас, оддий эркин фикрли инсонларнинг танқидий чиқишлари эркинлиги ҳақида гапирдим. Бизда сиёсий партиялар эркинлиги йўқлиги аён. Мен ҳатто сиёсий партия тузмайдиган, яъни сиёсий ҳаётда иштирок этмайдиган либерал мухолифат ҳақида гапирган эдим. Сиёсий партия билан либерал мухолифат ўртасидаги фарқни ажратиб олиш лозим. Сиёсий партия ташкил қиладиганлар сиёсатда иштирок этадиган, ҳокимият учун курашни ўзига мақсад қилиб олган инсонлар. Мен сиёсатдаги иштирокка қизиқмайдиган, оддий сўз эркинлигини истайдиган либерал мухолифатни назарда тутганман. Бизда шунга ҳам рухсат берилмаган-ку. Сиёсий партиялар бундан кейинги масала ҳисобланади. Мен ҳозирча фақат биринчи босқич ҳақида гапираяпман. Ўзингиз яхши тушунасиз, мен ҳали иккинчи, жиддий босқич ҳисобланган сиёсий фаолият эркинлиги мавзусига нега ўтмаётганим сабабини. Бироқ одамлар ўйлашмасин, бу киши сиёсий партиялар эркинлигига қарши экан, деб. Мен ўзим политолог бўлиб туриб, қандай қилиб сиёсий партиялар эркинлигига қарши бўлишим мумкин? Биз ҳозирча бу ҳақда орзу қилаётганимиз ҳам йўқ. Биз ҳозирча оддий сўз эркинлигини хоҳлаётганимиз ҳақида гапирмоқдамиз.

Би-би-си: Марьям опа, сизга аллақачон айтишган: "сизга ўхшаган танқидчилар туфайли "Араб баҳори"га ўхшаган ҳодисалар рўй беради, тинч мамлакатлар беқарорлашади", деб. Бунақа гапларга сизнинг жавобингиз қандай бўлди?

Марьям Ибрагимова: Бу аҳмоқона ва кулгили гап. Бундай ҳодисаларга айнан коррупция сабабчи бўлади. Қачонки, оддий одамларда бирор бир умид қолмаса, жамиятда адолатсизлик кучайиб бораверса, инсонларни жиддий сабабсиз ва тўхтовсиз репрессия қилаверишса, бизнесларини тортиб олаверишса, ўзини-ўзи рўёбга чиқаришига йўл беришмаса, буларнинг оқибатида жамиятда ғазаблар "қайнай бошласа", булар ҳаммаси йиғилиб-йиғилиб "Араб баҳори" ёки "Майдан" ёки бошқа шунга ўхшаган ҳодисаларга етаклайди. Шахсан мен эса ҳукумат ўз халқини ана шу даражагача "олиб бормаслиги"нинг тарафдориман. Мен ҳукумат ўз халқининг арзу-додига, шикоят ва танқидларига қулоқ солиши, ўзининг хато-камчиликларини тузатиши ва, энг муҳими, ислоҳотларни амалга ошириши тарафдориман. Бизда "ислоҳот" сўзини қўллашса, бугунги кунга келиб одамларнинг энсаси қотадиган бўлиб қолган. Чунки 1991 йилда бизга ислоҳотларни ваъда қилишган, эълон қилишган эди. Аслида эса ҳеч қандай ислоҳот амалга оширилмади. Мен эса ҳақиқий ислоҳотлар ҳақида гапираяпман. Бу сиёсий ҳаётда сиёсий партиялар эркинлиги, адолатли, ҳақиқий эркин сайловлар дегани. Ана шунда амалдорларни назорат қилиш имконияти пайдо бўлади. Халқ ўзи сайлаган парламент орқали амалдорларни назорат қила олади. Қўлида қуроли бор одам - ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳарбий тизимлар амалдори халқ сайлаган парламент олдида жавобгар бўлиши лозим. Иқтисодиётда эса хусусий мулк тараққиёти бўлиши шарт. Биз деҳқончилик мамлакати ҳисобланамиз, ҳайдаладиган экин ерлари деҳқонларга берилиши керак, эркин фермерлик ривожланиши керак. Бугунгидек эмас - бугунги ўзбек фермери крепостной замонидаги қул. У фақат ҳукумат айтган экинни эка олади, ҳосилини ҳукумат хоҳлаган нархдагина сота олади. Булар биринчи босқичдаги ислоҳотлар. Ана шу ислоҳотлар амалга оширилсагина мамлакат ривожланади. Чуқур, яхши ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилганидан кейин, халқ бу ислоҳотлар ўзларининг ҳаётига олиб келаётган ўзгаришларни кўрганларидан кейин "рангли инқилоб" қилиш истаги сўнади. Умидлар уйғонади. Ана ўшанда биз бетартиб кунларни кўрмаймиз. Бизга ундай кунлар керак ҳам эмас. Биз ҳаммамиз тинчликни хоҳлаймиз. Биз ҳамма ўзгаришлар яхшилик билан, тинчлик билан юз беришини хоҳлаймиз. Одамлар ўлишидан асрасин! Биз бир-биримизни ўлдиришимиз нимага керак? Мамлакатда ана шундай тартибсизликлар бошланса, ким кафолат беради бегуноҳ одамлар ўлмайди, деб? Шунинг учун либерал мухолифат вакиласи сифатида мен айтаман: Келинг, чуқур ислоҳотларни ҳозир бошлайлик! Ўшанда ўзимизни ўшандай беқарорликларнинг сценарийсидан қутқариб қоламиз. Мен "бахмал инқилоби" деганда чуқур ислоҳотларни тушунаман, фуқаролар урушини, зўравон қарама-қаршиликларни эмас. "Араб баҳори" ёки "Майдан" "бахмал инқилоб" бўлмади, бу фуқаролар урушига айланиб кетди. Бироқ буни Украина босиб ўтиб, ҳал қилишига мен ишонаман. Донецкда кетаётган урушга қарамасдан, мен "Майдан" ғалаба қозонди, деб ҳисоблайман.

Эркин Қул: Марьям опа, Ўзбекистон Тожикистон, икки қўшни давлат сиёсий, ижтимоий соҳалардаги муносабатлари яқин ўтмишини қандай шарҳлайсиз ва келажагини қандай кўрасиз? Икки давлат юқори бошлиқлари орасидаги "дўстона" муносабатлар бора-бора икки халқ онгига ҳам сингдирилиб борилса, оқибати қандай бўлади? Худо кўрсатмасин, Исроил билан Фаластинга айланмайдими?

Марьям Ибрагимова: Бу савол - Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг келажаги қандай бўлади, деган савол қандай ўзгаришлар бўлишига боғлиқ. Агар бизда ўзгаришлар тинч йўл билан, яъни ислоҳотлар йўлидан кетса, бизнинг мамлакатимизда эркин сайланган парламент йўлга қўйилиб, сайловда ғалаба қозониб ҳокимиятга келган партия - ҳукумат халқ манфаатига хизмат қиладиган чин ислоҳотларни амалга оширса, мамлакатлар, халқлар ўртасидаги муносабатлар ҳам ўзгаради. Халқлар - оддий ўзбекми, оддий тожикми, ўзаро муносабатлар ёмон бўлишини истамайдилар, урушни хоҳламайдилар. Ҳокимият ва пулга интилганлар урушни гижгижлашдан манфаатдор бўлишлари мумкин. Албатта, бундай кишилар оддий одамларни ҳам ўз йўл-йўриқларига солишлари, одамлар бир-бирини ёмон кўрадиган даражага олиб боришлари ҳам мумкин. Бундай бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун мен айтаманки, бизнинг жамиятларимиз тинч, ислоҳот йўллари билан ўзгарса, биз бир-биримиз билан урушишгача бормаймиз. Бироқ жамиятлар ўзгармаса, одамларда йиллар давомида йиғилиб қолган ғазаблар ташқарига чиқса, беқарорлик бошланса, бу беқарорликдан ўз манфаатини кўзлайдиганлар ҳам ўртага чиқади. Бу "лойқаланган сувда ўзининг осон балиғини тутишни" миллатчилар ҳам хоҳлаб қолади, исломчилар ҳам. Барча муаммо ва мушкулликларга "айбдор қидириш" бошланган пайт миллатчи шиорлар ҳам, исломий шиорлар ҳам ўртага ташланиши ва бу шиорлар ортидан одамлар эргашишлари ҳам мумкин. Лекин мен эртами-кечми, мамлакатимизга ҳақиқий демократия келишига ишонаман. Ўзи-ку қанча эрта бўлса, шунча яхши.

Facebook фойдаланувчиси Abdulbosit Rasulov: INQILOB ni amalga oshirgan davlatlarda-nima yaxshi tarafga özgardi !? Köpida FUQAROLAR URUSHIGA aylanib ketdiku ! ODDIY XALQ NIMA FOYDA TOPDI?!

Марьям Ибрагимова: Мен унинг эътиборини фақат бир нарсага қаратмоқчиман: мен ҳам бу бирор бир яхшилик келтирмайди, деган фикрга қўшиламан. Бироқ бундай ҳодисалар кимдир шундай бўлишини хоҳлагани учун рўй бермайди. Мисол учун менга ўхшаган либерал мухолифат вакиллари бундай ҳодисалар юз беришини хоҳламаймиз. Хоҳламаганимиз учун ҳам, "бизга ҳукуматни танқид қилишимизга рухсат беришсин, биз ўз танқидларимизда айтган хато-камчиликларини ҳукумат тузатсин", деб айтмоқдамиз. Ислоҳотлар амалга оширилсин, мамлакат ривожлансин. Ана ўшанда бизнинг мамлакатимизда бундай ҳодисалар юз бермайди. Агар муаммолар ҳал қилинмай ётаверса, жамиятда норозилик, қўрқув, нафрат ва қашшоқлик кучаяверса-кучаяверса, охир-оқибат портлашга олиб келади. Бу янгилик эмас, бу тарих қонунияти. Бизнинг жамиятимизда эса одамларнинг онгига сингдирмоқчи бўладилар: агар сен сўз эркинлигини, матбуот эркинлигини талаб қилсанг, сен ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилсанг, сен ўшанақа инқилоблар тарафдорисан. Йўқ, биз инқилобларга қаршимиз. Биз айнан шундай инқилоблар рўй бермаслиги учун ўзгаришлар ясанг, деб чиқаяпмиз. Биз портлашга олиб бормасдан, одамлар ғазабини қайнатмасдан жамият қусур-камчиликларини бартараф этилиши тарафдоримиз. Бироқ бу ҳодисалар ҳукумат оддий халқнинг арзу-додига "қулоқларини бекитиб олганида" рўй беради. Ҳукуматнинг бор диққат-эътибори фақат ўз манфаатларига қаратилса, фақат ўша манфаати йўлида иш тутаверса, нариги қутбда умидсизлик шунча ортиб бораверади. Биз эса бундай бўлишини хоҳламаймиз, бунинг оқибати ёмон бўлишини биз жуда яхши тушунамиз. Бунинг олдини олиш учун ҳам гапирамиз.

Facebook фойдаланувчиси Дж Шод: "бахмал" инқилобни амалга оширишдан мақсад нима эди? буни тагида турганлар кимлар эди, молиявий тарафдан кимлар кўмакчи эди? олдиндан раҳмат агар тўлиқ жавоб бера олсангиз!

Марьям Ибрагимова: Мен, бунинг ортида ҳеч ким тургани йўқ, деб ўйлайман. Бундай "портлашлар", мен юқорида айтиб ўтганимдек, муаммоларнинг ўнлаб йиллар давомида ҳал қилинмасдан, тўпланиб-тўпланиб келгани оқибатида рўй беради. Охири бу ғазабнинг "вулқон лавинаси"ни тўхтатишнинг имкони бўлмай қолади. Бунга менинг ишончим комил. Бошқа барча "фитна назариялари"ни, бу ҳодисалар ортида, ҳар доим айтиладиганидек, Америка ёки Ғарбнинг "қўли бор" деган гапларни мен жиддий қабул қилмайман. Аммо бу содир бўлиб бўлганидан кейин, яъни жамиятдаги бу норозиликлар фуқаролар уруши бошланишига олиб келганидан кейин, албатта, ҳар ким бундан ўзининг фойдасини чиқариб олиш пайида бўлади. Ҳар ким ўзининг ўйинини ўйнашни бошлайди. Бу энди бошқа масала. Мен демократик давлатларнинг нияти яхши эканига ишонаман. Бу демократик давлатлар ҳам янги ҳокимият билан яхши муносабатларни йўлга қўйишни исташади. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўлишига интиладилар. Бироқ ҳамма мамлакатларни ҳам ана шундай яхши ниятли деб айтиб бўлмайди. Албатта, қўшни мамлакатда юзага келган беқарорликдан бу мамлакатни парчалаб ташлаш ёки бу мамлакатда ўзининг гегемонлигини ўрнатишни истаб қоладиган ё бўлмаса бу беқарорликдан ўзига қандайдир фойда чиқариб олмоқчи бўладиган давлатлар ҳам топилади. Бу нарсани ҳам инкор қилиб бўлмайди. Чунки давлатлар, мамлакатлар ҳам ҳар хил. Лекин мен қайсидир мамлакатлар бир мамлакатда ҳокимиятни ағдариш учун бор кучи билан ҳаракат қилади, деган гапларга ишонмайман. Шу жумладан, СССРни Америка парчалаб ташлади, деган гапга. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Совет Иттифоқининг иқтисодий модели бесамар, яроқсиз экани очиқ-ойдин кўриниб қолган бўлса, бу тизим яна қанча узоқ давом этиши мумкин эди? Охирига бориб боши берк кўчага кириб қолган эди-ку. Бу жиддий гап эмас. Буларнинг ортида бир нарса туради: ички муаммоларнинг ҳал этилмагани. Мамлакатдаги коррупция, адолатсизлик. Мана асл сабаблар. Лекин инқилоб юз бериб бўлганидан кейин турли сиёсий кучлар, мафия гуруҳлари, айрим давлатлар ҳам бундан фойда кўришлари мумкин ва бу оловга ўтиш ташлашни бошлашади. Мени мен тан оламан. Бу саволга менинг жавобим мана шу.

Zloy Ochkarik, Kathmandu: Ўзбекистон ташқарисида юрган, ҳукумат билан шахсий муносабатини ёмонлашишини истамаган ўзбек сиёсатшуносларига қандай долзарб, аммо "хавфсиз" сиёсий мавзулар билан илмий шуғулланишни маслаҳат берардингиз? Сиз-ку ҳақиқатчи, карьеристларга қандай маслаҳат берардингиз?

Марьям Ибрагимова:Мен уларга қандай маслаҳат беришим мумкин? Ўйлайманки, ҳар ким ўз тақдирини ўзи танлаган. Кимдир ташқарида, кимдир Ўзбекистоннинг ичида. Мен доим ҳақиқатга ишонганман. Мен ҳақиқат эртами-кечми ғалаба қозонишига ишонаман. Агар ишонмаганимда, мен бошқача яшаган бўлардим. Кимдир учун эса ҳақиқат фақат ўзи ҳақида ўйлаш, фақат ўзи ҳақида қайғуриш бўлиши мумкин. Шундай бўлганидан мен ундай кишига қандай маслаҳат беришим мумкин? Улар ўз мавзуларини ҳам аллақачон танлаб бўлишган. Уларнинг айримлари эса олим ҳам эмас. Улар тузумнинг тарғибот-ташвиқотчилари. Бу агитатор-пропагандистлар эса ўз тақдирларини танлаб бўлишган: мен нимани буюришса, ўшани бажараман, деб. Улар учун ўз шахсий ҳаётида муаммо бўлмаса бўлди. Улар оёғи остида тош, бошқа тўсиқ бўлмаган теп-текис йўлдан юришни маъқул кўришган. Нима ҳам деймиз? Ҳар ким ўзининг танловини ўзи танлайди. Бизда эркинликни севадиган, эркин фикрлайдиган зиёлилар камлиги мени ҳар доим ҳайратлантириб келган. Биз юқори, устун поғонада бўлишни афзал кўрмаганмиз. Билмайман, бунинг сабаби нимада? Балки сиёсий ва иқтисодий билимларимиз камлигидандир. Бу билимлар ҳозир ҳам йўқ-ку. Мана политология фани. 20 йил давомида политология мавжуд эди. Ҳозирга келиб эса аста-секин фан сифатида политологияни камайтириб йўқ қилиб боришаяпти. Шунинг учун биз бир-биримизга бирор маслаҳат бера олмаймиз.

Би-би-си: Сиз Ўзбекистонда политология фанига бугунги кундаги муносабат ҳақида қандай фикрдасиз? Қандай мантиқдан келиб чиқиб сиёсатшунослик Ўзбекистонда ўқитилиши шарт эмас, деган қарорга келинган, сизнингча?

Марьям Ибрагимова: Бу ерда қарама-қаршилик юзага келди. Мана бизга сиёсатшуносликдан сабоқ беришга рухсат этишди. Лекин бу фанни ўқитадиганларнинг кўпчилиги тарғибот-ташвиқотчилигича қолиб кетаверди. Уларга бизнинг сиёсатимизга мос қилиб ёзилган догмалардан иборат дарсликни беришди. "Фақат мана шу дарслик бўйича ўқитинглар", деб талаб қилишди. Лекин "йўқ, мен политологияни жаҳон андозалари даражасида ўқитаман", деб қарор қилган ўқитувчилар ҳам чиқиб қолди. Бундай ўқитувчилар чиндан ҳам ўз фанини севади, ўз соҳасининг билимдони ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг ёзиб берилган ўқув дастуридан ташқарига чиқиб дарс бериш истагига ҳеч ким қарши чиқа олмайди. Лекин бундай ўқитувчи талабаларни ҳур фикрлиликка ўргатади. Ахир сиёсий режимлар моҳиятини тушунтириб бериш политологиянинг марказий мавзулари ҳисобланади-ку. Авторитар режим дегани нима? У қандай бўлади? Ҳақиқий демократия нима? Инсон ҳуқуқлари дегани нима? Шунинг учун ҳам қарама-қаршилик юзага келди. Бир томондан, биз Ўзбекистон конституцияси бўйича демократия, инсон ҳуқуқларини эътироф этганмиз. Аммо амалдорларимиз буни амалда хоҳлашмайди-ку. Шунинг учун политологияни тарихга қўшадиган бўлишди, соатлар камайтирилаяпти. Мақсад - бора-бора йўқ қилиш бўлса керак.

Би-би-си: Демак, биз Ўзбекистонда ёшларнинг ҳур фикрли бўлишини хоҳлашмади ва шунинг учун ҳам политологияни йўқ қилишга қарор қилдилар, деган хулосага келсак бўладими?

Марьям Ибрагимова: Қайсидир маънода ҳа. Балки, бу фан бизнинг жамиятимиз учун ўта хатарли, деган фикрга келинган бўлса керак. Зиғирча эркин фикрлилик бутун мавжуд тузумга қарши чиқиш, деб қабул қилинадиган бўлган ҳозир. Бу кулгули. Лекин ўзларининг коррупционерларига тўла эркинлик бериб қўйишди. Ҳатто латифа қиладиган бўлган. Мисол учун, бизнинг ЖЭКни олинг! Улар содир қилаётган ўғирликдан ғазабга келиб, бу ҳақда уларнинг юзига гапиришни бошласанг, "сиёсатга аралашманг!", деб сизни огоҳлантиришади. Агар улар давлат, халқнинг мулкини ўғирлаётган бўлса, бунга сиёсатнинг нима алоқаси бор? Сиз менга тушунтириб бера оласизми? Мана аҳвол қай даражага етиб борган ҳозир бизда. Ҳар қандай коррупционер бу шиорлардан ўзининг манфаати йўлида фойдаланишни шу қадар мукаммал ўзлаштириб олди-ки. Ўзини ҳимоя қилиш учун дарҳол сизни сиёсий тузумга қарши, сиёсий жиноятчига чиқариб қўйишади. Сен унинг ўғирлиги ҳақида оғиз очсанг, демак сен сиёсатга аралашаётган эмишсан. Ахир бу ҳокимиятнинг ўзи учун шармандалик эмасми? Бу ҳокимиятнинг энг охирги амалдори ҳам бу шиорни "олди-сотди" воситасига айлантириб олгани ўша ҳокимиятнинг ўзи учун уят бўлиши керак эмасми? Мен шу саволни бермоқчиман: эркин фикрсиз тараққиёт борми? Тараққиёт бўлмаса, нега биз жон-жаҳдимиз билан эркин фикрли инсонларни йўқ қилишимиз керак? Бу жамият ўтирган шохни арралаш деган гап-ку. Эркин фикрли инсонларсиз жамият ривожланиши мумкинми? Бу жуда оддий ҳақиқат-ку. Шунинг учун сизнинг саволингизга ҳа деб жавоб беришдан ўзга илож йўқ.

Ali, Malayziya: Assalomu alaykum! Maryam opa mening savolim quyidagicha: Bizda Universitetlarga kirish uchun kirish imtihonlari qanchalik zarur deb o'ylaysiz!? Bilamizki ba'zi mamlakatlarda kirish imtihonlari umuman bo'lamydi balki kishining qobiliyat va salohiyatidan kelib chiqib o'zi hohlagan universitetda o'qiy olish imkoniyatiga ega. Bizda bu borada nima qilish kerak deb o'ylaysiz? Ahir hamma ham o'qishni istaydi!

Марьям Ибрагимова: Мен бу мавзуда жуда кўп мақолалар ёзганман. Мен олий ўқув юртидаги контракт жойлари учун кириш имтиҳонини бекор қилиш керак, деб ҳисоблайман. Агар бизнинг халқимиз ўз фарзандининг билим олиши учун пул тўлашни хоҳласа, марҳамат! Бунга қўйиб бериши керак. Бироқ ўқишга кирганидан кейин таълим сифатини яхшилаш учун шундай қилиш керакки, ўша талаба ўқисин, номига ўқишга келиб-кетиб юрмасин. Буни қандай қилиб назорат қилса бўлади? Бунинг йўли жуда осон. Инсон ўқиши учун ўзининг ёнидан пул тўлаяптими, биз ўқитувчиларга маошимизни таъминлаяптими, биз қандай таълим бераётганимизни ўша одам назорат ҳам қилиши керак. Аудиторияда ўтирган талабаларнинг кўпчилиги ўқитувчисига ишончсизлик билдирса, бу ўқитувчини ўз фанини чуқур билмайди, деб ҳисобласа, бу ўқитувчини ишидан бўшатиш керак. Ҳозир шундай замонки, талаба ўқитувчидан кўп нарсани билади. Талаба ўзининг пулини тўлаб билим олмоқчими, у кимдан сабоқ олишни ўзи ҳал қилиши керак. Қайси ўқитувчи ярайди, қайси ўқитувчи эса йўқ, талаба қилиши керак. Агар ўша талабанинг ўзи ҳақиқатан ҳам билим олмоқчи бўлса. Бугунги кунда билим олиш мақсадида эмас, фақат қўлига диплом олиш учунгина университетга келиб-кетиб юрадиган талабалар ҳам кўп. Нима учун шундай? Чунки ёш талаба ўқитувчисидан истаган билимни ололмайди. У аудиторияда зерикиб ўтиради. Билимсиз ўқитувчиларни ҳайдаб, уларнинг ўрнига ўз фани, соҳасини яхши биладиганларни олиш керак. Яна қилиниши лозим бўлган муҳим ишлардан бири - безбетлашиб ҳаддидан ошиб кетган порахўрларни озгина бўлса ҳам жиловлаш лозим. Мени нега ишдан бўшатишгани сабабини ҳамма жуда яхши билади. Чунки мен пора олмаганман ва бошқаларнинг пора олишига халақит қилганман. Тамом-вассалом. Мени ишдан бўшатишди, лекин бир гуруҳ порахўрлар ҳали ҳам ишлашаяпти ва "гуллаб-яшнашаяпти". Ўтган йил бир фаннинг "баҳоси" 50 мингми-60 минг бўлган. Яқинда бир қўшним айтишича, ҳозирга келиб бир предметнинг баҳоси 200 минг сўмга чиқипти. Ўсиш шиддатини кўраяпсизми? Мана бу йил энг арзон ўқишга кириш 5000000 бўлипти, дейишди. Бу Ўзбекистон учун жуда катта пул. Шундай экан, одамларга ўз ўқитувчисини танлаб олишга қўйиб беринг! Албатта, камбағаллар учун давлат грантлари бўлиши керак. Камбағал, бироқ истеъдодли бўлганлар давлат грантларида ғолиб чиқишсин ва бепул ўқишсин. Контракт пулларининг бир қисми камбағалларни ўқитишга йўналтирилиши керак-ку. Кўп мамлакатларда таълим тизими ана шу тамойилга қурилган.

Ulugbek: Jahon Tillari Universitetida 20 yil ishlagan ekansiz, Pedagog hamda Olima ayol sifatida, u yerda nima etishmaydi deb o'ylaysiz? Hamda Jahon Tillari Universitetida ro'y berayotgan uzluksiz poraxo'rlikni qanday qilib yo'q qilish mumkin degan fikrdasiz?ps: Agar savollarim sizga muammo olib keladigan bo'lsa, iltimos javob bermang.

Марьям Ибрагимова: Бизнинг сиз билан бундан олдинги суҳбатимиздан кейин ҳамма нарса етишмайди, десак бўлади. Биринчидан, Жаҳон Тиллари университетида коррупция қанчалар "яшнаб кетганини" ҳамма яхши билади. Гўёки мен "ўта олмаган" ва шундан кейин мени бўшатишган аттестацияни олайлик. Бу кулгули. Менимча, аттестация туфайли ишидан бўшатилган киши фақат мен эдим. Ҳамма ўз ишида қолди. Агар улар менинг бошимга ёпирилиб келиб, мени бўҳтон қилишда айблашлари мумкинлигини билмаганимда мен сизга бундан ҳам кўп маълумотни ошкор қилардим. Лекин улар аттестациядан қандай "ўтганлари"дан, ўз иш ўринларини қандай сақлаб қолганларидан ҳамма яхши хабардор. Шунинг учун талабаларга дарсга бориш зерикарли. Шунинг учун улар қаердадир ишлаб пул топишни, вақти келган пайти пулини бериб қўлига "ҳужжат"ини олишни истайди. Лекин бундай "ҳужжат"ни қўлига олган университет битирувчисидан нимани кутиш мумкин? Ҳамма талаба фақат шу "ҳужжат"ни қўлга олиш учун ўқиса, мамлакат келажаги нима бўлади?

Hojiahmad, Toshkand: Марям опа, Сиздаги мустақил журналистика фаолиятингиз қачон бошланди, шунингдек бизда тўғрисўз журналистларимиз таъқиб қилиниши инобатга олинса, қанчалик оғир юклигини тасаввур қилса бўлади, қийин эмасми?

Марьям Ибрагимова: Мени мустақил журналист деб аташ бироз баландпарвоз гап бўлади. Мен ҳар-ҳар замонда, ўшанда ҳам ўзим яхши биладиган, жоним куядиган мавзулардагина мақола ёзаман. Мен ўз касбимни, ўз шаъним, қадр-қимматимни ҳимоя қилиб журналистга айландим. Мен ўзимнинг ўз фикримни эркин ифода этиш ҳуқуқимни ҳимоя қилиб мақолалар эълон қилдим. Шунинг учун мени мустақил журналист деб билганлари учун катта раҳмат. Мен ҳар доим айтиб келганман, менинг асл касбим ўқитувчилик. Мен аудиторияга қайтган куним журналистикани унутсам керак. Ҳақиқатни айтганинг учун қийин бўлиши аниқ. Ёвузлик эзгулик устидан ғалаба қилаётганини кўриб турсангу, сукут сақласанг - бу менинг ҳаётий тамойилларимга зид. Онг-шууримга зид иш.

Бу мавзуда батафсилроқ