“Чинни бозор”даги ёнғин сабаблари ўрганилмоқда

Зангиота тумани ҳудудида жойлашган “Чинни бозор“да ёнғин келиб чиқиши натижасида 411 кв. метр жой ёниб кул бўлган.

Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасига қарашли Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси навбатчи диспетчерининг Би-би-сига маълум қилишича, ёнғин ҳақида хабар 12 август тунги 00:31 да келиб тушган.

“Ёнғин соат 3:07 бартараф этилди. Ҳодиса жойида таҳлилий ишлар олиб борилмоқда. Нима сабабдан ёнғин келиб чиққани маълум эмас”, - дейди навбатчи.

Навбатчи диспетчер ёнғин сабаблари ўрганилаётганини билдирди.

Ёнғин натижасида жароҳатланганлар борасида бирор маълумот йўқ.

“Чинни бозор” номи билан машҳур бозор Тошкентдаги “Абу Саҳий” бозори рўпарасида жойлашган.

Ижтимолий тармоқларда қолдирилган изоҳлардан маълум бўлишича, ёнғин мебель дўконида келиб чиққан.

Сешанба товарлар улгуржи сотиладиган кун бўлгани учун раста ва омборларнинг мол билан тўла бўлгани ёзилмоқда.

Молларини олиб чиқмоқчи бўлган тадбиркорларни хавфсизлик ходимлари бозор ичига қўймаган.

Бозорда савдо қилувчилар 2 чи қатордан 11 чи қаторгача бўлган жойнинг ёниб кетганини ёзганлар.

Чинни бозорда савдо қилувчи тужжорлардан бирининг Facebookда ёзишича, икки кун олдин худди ўша ерда симларнинг қисқа туташуви натижасида кичик ёнғин келиб чиққан.

Сўнгги катта ёнғин ўша кунги ўт олишни бартараф этмаслик натижасида келиб чиққан бўлиши мумкин.

Facebook иштирокчилари бозорнинг қасддан ёндирилган бўлиши эҳтимолини ҳам олдинга сурган.

“”Паркент” бозори ёнди – қайтадан қуришди, нархларни кўтаришди. “Отчопар” ёнди – қайта қуришди, баҳолар кўтарилди. “Аския”га ўт кетди – қайта тиклаб, нархларни оширишди. “Қатортол” савдо мажмуаси ёнди – таъмирлаб, нархларни кўтаришди. Ҳа, албатта, буларнинг ҳаммаси тасодиф”, - дея ёзади “Водители Ташкента” гуруҳи фойдаланувчилардан бири.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02