Пахта миллий бойликми ё қашшоқлик?

Image caption Деҳқончилик ислоҳ этилмаган Ўзбекистон арзон қўл кучини ишга солади

"Пахта Ўзбекистон учун миллий бойлик эмас" - деб қатъий фикрни изҳор этади Тошкентдан ишбилармон ва иқтисодчи олим Анвар Ҳусаинов.

"Аслида Россиянинг Марказий Осиёни босиб олиши ортида ўз ҳарбий саноати ва тўқимачилиги учун пахта колонияси яратиш мақсади турган".

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон мустақиллик даврида ҳам пахтага бошқача кўз билан қарамади. Ва бугун ўзбек пахтаси фойдасини хомашё сотадиган ўзбек деҳқони эмас, балки ундан якуний маҳсулот ишлаб чиқарадиган давлат ва ширкатлар кўришмоқда.

Иқтисодчиларга кўра, пахтадан ҳеч бир мамлакат юқори фойда ололмайди ва у юртнинг деҳқонлари ҳам бойимайди.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, у 100 гектардан кўпроқ ерида мажбуран пахта экади ва уни етиштириш учун бошқа жойларда очган кичик дўконларида кўрган фойдасини сарфлайди.

"Об-ҳаво жуда яхши келган шароитда пахтага кетган меҳнат ва харажат учма-уч қопланади, ўшанда ҳам фойда кўролмайсиз" - дейди фермер.

Тарвуз эксак-чи?

Пахтага кетган меҳнат ва сарф харажат баъзида унинг нархидан қимматга тушиши айтилади.

Кўп сув ва мунтазам ишчи кучи талаб қиладиган пахта учун техника ҳам зарур ва хомашёдан тола олгунча бўлган жараён ҳам уч фаслга чўзилади.

Image caption Ўзбек ҳукумати яқингача ҳам ўта ёш болаларни пахтага ҳайдаб келган

"Бир гектар ердан 72 минг дона тарвуз олиш мумкин" - деб хомчўт қилади Анвар Ҳусаинов - "Ҳар бирини бир доллардан сотсангиз, 72 минг доллар бўлади".

"Биз эса пахта экиб, гектаридан 300 доллар фойда олаяпмиз" - афсусланади суҳбатдошимиз.

Анвар Ҳусаиновга кўра, Ўзбекистон мустақиллик йилларида ҳам пахтага ўзгача нуқтаи назардан қарамади ва замонга мос тарзда кескин ўзгариш қилмади.

"Пахтадан бошқа ҳар қандай экин эксак ҳам Ўзбекистон қуёши остида кўпроқ фойда кўриш мумкин эди".

"Афсус, Ўзбекистонда эскича иқтисодий фикрлар ҳукмрон ва бу борада эркин баҳс қиладиган, халқнинг муаммолари ҳақида гапирадиган эркин матбуот йўқ" - дейди ишбилармон - "Биз эскича фикрлар қурбонимиз".

Пахта пули қайси чўнтакка тушади?

Ўзбек пахтакори Совет даврида камбағал яшаган. Мустақиллик йиллари эса буткул қашшоқлашди.

Аммо таҳлилчиларнинг ўйлашича, мамлакатдаги куч-қудрат ва ҳокимиятни эгаллаган бир ҳовуч амалдорлар учун пахта ҳамон бойиш манбаси бўлиб қолмоқда.

Оврўпода яшаётган иқтисодчи Алишер Таксановга кўра, пахта савдосидан ўта кам сонли ва энг юқори амалларда ўтирган бир неча мансабдор ҳамда уларнинг оила аъъзолари фойда кўришмоқда.

"Пахтадан келадиган даромаднинг бир миқдори Ўзбекистонга қайтаётгандир. Аммо катта қисми ғарбдаги қандайдир ҳисобларга тушаётган бўлиши мумкин".

"Афсуски, бу пахта пуллари қаерга ва кимларнинг ҳисобларига кетаётгани изидан тушиш мушкул" - дейди Алишер Таксанов.

Олдинроқ Британиядаги обрўли Экономист журнали Ўзбек пахтасидан тушадиган даромад ғарбдаги "шаффоф бўлмаган ҳисоб рақамларига бориб тушаётгани" ҳақида ёзганди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳеч қачон пахта толаси савдоси билан қайси ширкатлар шуғулланишини кенг жамоатчиликка очиқ айтмаган.

Шу боис, кузатувчиларнинг тахмин этишича, ўзбек пахтаси савдоси билан шуғулланувчи бир неча шахс қулликка тенг меҳнат ортидан улкан маблағ тўпламоқда.

Пахтасиз буюк келажак

Аҳолиси 30 миллиондан ошган Ўзбекистон ичкарида озиқ-овқат ишлаб чиқариш босими остида ҳам қолмоқда. Бироқ аксар яроқли экин майдонларини пахта эгаллаб турган шароитда бу имконсиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Алишер Таксановга кўра, ўзбек пахтасидан энг юқори мансабдаги бир ҳовуч амалдорлар ва уларнинг оилалари фойда кўришади

Бир неча йил олдин Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида пахта ўрнига бутунлай мева-сабзавот экила бошланди.

Кузатувчиларга кўра, бугун Янгийўлдаги ўзгаришлари аниқ кўзга ташланади.

"Янгийўлда узумчилик қайта жонланмоқда, олмазорлар кўпайган, балиқчилик хўжаликлари пайдо бўлмоқда ва асосийси, минглаб янгийўллик ёшлар қишлоқ жойларида пайдо бўлган янги иш ўринлари туфайли Россия ҳамда Қозоғистондан қайтиб келишмоқда" - дейди Анвар Ҳусаинов.

"Янгийўллик фермерлар аллақачон Жанубий Корея бозорларига қалампир каби маҳсулотларини олиб чиқишмоқда" - давом этади суҳбатдошимиз - "Шу боис Янгийўл тажрибасини бутун Ўзбекистонга ёйиш керак".

Ўзбекистон мустақил бўлгач, пахта етиштиришни тенг ярмига камайтирди. Аммо айримлар бу сўнгги бекат бўлмаслиги керак, деб айтишади.

"Ўзбекистон ўз тўқимачилиги учун керакли пахта толаси ишлаб чиқарса, ҳар вилоятдаги бир туманда пахта экса етади" - дейди Анвар Ҳусаинов - "Агар пахтани ўн бараварга камайтирсак, унда деҳқонлар бойийди, Ўзбекистон иқтисоди юксалади".

"Пахтадан воз кечиш бу - Ўзбекистоннинг келажаги. Бу минглаб, миллионлаб иш ўрни яратилади, деган гапдир".

Социализмдан ортга сакраб, қулдорликка

Ўзбекистонда Совет даврида яратилган инфратузилма қанчалик хароб бўлмасин, пахтачилик сақланиб қолди. Айни дамда, ундан ўзбек деҳқони фойда кўрмаса ҳам, барибир, ўзбек ҳукумати собиқ тоталитар тузумдан қолган шиорларни ишга солиб, одамларни пахта етиштиришга мажбурлашни давом эттирмоқда.

Бунинг устига, Ўзбекистон пахтачиликни ва умуман, деҳқончиликни деярли ислоҳ этмади.

Image caption Совет давридаги бу манзара ҳамон Ўзбекистонда ўзгармасдан қолмоқда.

Шўролар тортиб олган ер деҳқонга қайтарилмади. Ҳамон қўл меҳнатидан фойдаланилади. Бунинг устига, пахта таннархини пасайтариш учун ҳар йили юз минглаб талаба ва ишчи-хизматчилар мажбуран дала ишларига ҳайдалади.

Шу пайтгача 8-10 яшар болалар ҳам пахтага чиқариларди.

Халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати ўта ёш болаларни далага чиқармаётганини айтмоқда. Аммо энди шифокору муаллим каби бюджет ташкилоти ходимлари пахта ишларига мажбурланмоқда.

"Мен пахтани ўтоқ қилиш учун шунча йил тиббиётни ўргандимми?" - деб савол қўяди касалларини ташлаб, пахтани ягана қилишга ҳайдалган фарғоналик шифокор.

Тошкентга норозилигини изҳор қилиш келган бу аёлнинг додини ҳеч ким эшитмагани учун у яна иложсиз Фарғонага қайтиб кетган.

Халқаро Қуллик Кўрсаткичи андазаларига мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини қул каби пахта далаларида ишлатмоқда. Ташкилот ҳар пахта терими мавсумида Ўзбекистон дунёдаги иккинчи йирик қулдорга айланади, деб хулоса қилади.

Пахта мавсумида ҳамон бутун ҳаёт пахта атрофига жамланади. Тўйлар тақиқланади, билим юртлари ва бозорлар ёпилади. Фаолларга кўра, аҳвол яхшиланаётгани йўқ.

"Пахта пайтида деҳқон бозорларигача ёпилади. Маҳаллалардаги расталарда мева-сабзавот сотаётганлар ҳам ҳайдалади" - дейди Қашқадарёдан инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қораева.

Расмийлар одамларнинг пахта мавсумида овқат ейиш эҳтиёжини ўйламайдими, деган саволга эса ҳуқуқбон истеҳзо билан жавоб беради.

"Одамларни роботлар, деб тасаввур қилишса керак-да ёки раҳбарлар оддий одамларнинг уйларига ҳам кимлардир озиқ-овқат келтириб беришади, деб ўйлашадими?".

Танглик сувданми ё пахтадан?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Халқаро меъёрларга кўра, Ўзбекистон ҳар кузда 1 миллион одамни пахтазорларга ҳайдаб, дунёнинг иккинчи йирик қулдорига айланади.

Пахта - ўта сувталаб экин. Мутахассисларга кўра, бир гектар ердаги пахта учун 5 минг кубометр сув керак. Айрим чўл ва шўрланган ҳудудларда эса икки баравар кўпроқ сув кетади.

Қадимдан сунъий суғориш ривожланган Ўзбекистон эса ўз сув эҳтиёжларининг аксар қисмини юқори оқимдаги қўшни давлатлардан келадиган дарёлардан қоплайди.

Бунинг устига, шўро давридаги пахтачилик боис кўплаб ерлар шўрланиб, йил сайин саҳроланиш кучаймоқда.

Мутахасисларга кўра, шу боис ҳам пахта ўрнида кам сув талаб қиладиган мева-сабзавот экиш керак.

Бунинг устига, Ўзбекистонда аҳолининг салмоқли қисми тоза ичимлик суви билан таъминланмаган.

Иқтисодчи ва собиқ дипломат Алишер Таксановга кўра, пахтага керакли сув тортилади, деган хавотири боис ҳам Ўзбекистоннинг юқори оқимдаги қўшнилари билан алоқалари ёмонлашиб кетаётир.

Лекин асосий гап бир гуруҳ юқори мансабдорнинг тайёр ва текин даромаддан ажралиб қолиши хавотирига бориб тақалади, дейди суҳбатдошимиз.

Аммо ҳамон айрим ўзбеклар шўро давридан пахта миллий бойлигимиз, деб айтишади. Айни дамда, пахта ортидан ўзбек деҳқони қачон бойиган, деган саволга жавоб топиш қийин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ