Ўзбекистонлик шахматчининг жасади Тошкентга келтирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

45 ёшли Алишер Анорқулов пайшанба куни кечқурун Норвегия меҳмонхоналаридан биридаги хонасида ўлик ҳолда топилганди.

Sky News британ янгиликлар телевизион каналининг хабар беришича, ҳодиса шахмат бўйича умумжаҳон олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтган бир кунда юз берган.

Худди ўша куни сал аввалроқ турнирнинг 67 ёшли сейшеллик иштирокчиси ҳам беллашув чоғида ҳушини йўқотиб, қайтиб ўзига келмаган.

Расмий хабарларга кўра, шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, кекса шахматчини асраб қолишнинг иложи бўлмаган.

Ўзбекистондаги интернет нашрларининг ёзишича, Алишер Анорқуловнинг жасади турнир расмий ёпилиш маросими ортидан топилган.

Шундай қилиб, Норвегиянинг Тромсе шаҳрида бўлиб ўтган йирик халқаро мусобақа икки шахматчининг ўлими билан поёнига етган.

Ташкилотчиларига кўра, ҳар икки ўлим ҳолати ҳам табиий сабаблар туфайли юз берган.

Британ телевизион канали бу ҳақда ўз расмий веб саҳифасида турнир воизи Ярле Хейтманнинг сўзларига иқтибосан хабар берган.

Тромсе полицияси ҳам Твиттер ижтимоий мулоқот тармоғида ҳар икки ҳодисада ҳам “жиноят излари ёки зўравонлик аломати йўқлиги”ни билдирган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистондан олишга имконли бўлган хабарларга кўра, Алишер Анорқуловнинг жасади аллақачон Тошкентга келтирилган.

Шахмат бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоасининг аъзоси бўлган Алишер Анорқулов 2012 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори саналади.

Унинг кўриш ва эшитиш қобилияти чекланган бўлгани айтилади.

Айрим хабарларга кўра, ўзбекистонлик шахматчи Норвегияга ФИДЕ таклифига кўра ташриф буюрган бўлган.

Олимпиаданинг ўзи эркак шахматчилар орасида Хитой, аёллари ўртасида Россиянинг ғалабаси билан поёнига етган.

Ўзбекистонлик шахматчилар эса, эркаклар баҳсларида 17 ва аёллар беллашувларида 33-ўрин билан олимпиадани якунлашган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ