Президент Каримов ойлигини қайси пулда олади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EyeWire
Image caption "У менга 100 доллар ҳамда синглимга 100 доллар берди"

Халқимиз содда-да! Ўзи билмай, ўзи айтмиш: "қовун тушириб қўяди".

Мана яқинда кенжа Ислом Каримов дегани Англиянинг Гардиан газетига интервю берган экан, ўша интервюнинг бир ерини ўқидиму ёқамни ушладим.

Нима эмиш, набира Ислом Каримов Англиядаги ўқишларидан таътил олиб, Лўндўндан бобо Ислом Каримовнинг Тошкентдаги идорасига кириб борса, бобоси уни эркаламоқчи бўлибдими, Англиясида истаган нарсасини олиш учун мана бундай иш қилибди.

Шу ерда ўзимиздан қўшиб-чатмайликда, кенжатой айтган сўзларни нақд келтирайлик.

"У столидан бир конвертни олди, ўша ерда у ўзининг расмий ҳукумат ойлигини конвертларда сақлар экан, ва менга 100 доллар ҳамда синглимга 100 доллар берди. Ҳаётингда ҳеч нарсадан қисилмаслигинг учун беряпман, деди у менга ва бу пулни бир уришда сарфламагин, деб айтди. Агар барини сарфлаб юборсанг бир ойдан кейин яна келарсан, деб айтди у".

Бу сўзларни маъсум набира, газетанинг изоҳ беришича, ўз бобосининг "катта пулдан" йироқлигини кўрсатиш учун айтган экан.

Энди ёқамни нега ушлаганимни айтай, соқолимни нега юлганимни айтай...

Содда-да бола, содда!

Ахир бобоси Ўзбекистоннинг нақд Президенти бўла туриб маошини мустақил юртимизнинг мустақил сўмида эмас, аллақайси машъум долларда олса - бу қандай бедодлик?!

Ё мурувватли бобо, набираси келишидан олдин, сўмда олган маошини долларга алмаштириб қўйган эканми? Яна Ўзбекистоннинг ўзи чиқариб қўйган қонунларига зид эмасмикан бу? Ахир қора бозорда алмаштирмайди-ку Президент?!

Гапнинг пўсти калласини айтсам, шу денг Президент столининг устида конверт-конверт долларларнинг сақланиши ҳеч ёққани йўқ-да кунглимга! Қайси хаёлга боришингни билмайсан, оми киши!

Нуқул эсимга Мавлоно Румийнинг мушук билан гўшт ҳақидаги масали келаверади.

Буниси мушук бўлса гўшт қани, ё-да тарозидаги икки мисқол гўшт бўлса бояги икки мисқол мушук қани, деганларидек...

Содда-да ҳалқимиз, содда!