'Дайди'нинг ӯлими, ҳиндистонлик қуллар ва ифторликлар кимнинг ҳисобидан

Қарши шаҳрида Ӯзбекистонда "дайди" деб аталадиган – уй-жойсиз киши ӯлдириб кетилган.

Қарши шаҳар Ички ишлар бӯлими навбатчилик қисмига қуриб битказилмаган бино ҳудудида номаълум кишининг ӯлиги топилгани ҳақида хабар берилган.

Текширишлар натижасида ӯлган одам 70 ёшли Хушвақт М. эканлиги аниқланган.

Унинг яшаш учун турар-жойи бӯлмасдан, дуч келган ерда ётиб ухлаган.

Жиноят изига тушилганда 64 ёшли Виктор С. исмли киши қӯлга олинган.

У марҳум билан таниш бӯлгани, ӯртада жанжал чиққани ва Хушвақтни ӯлдирганини тан олган.

Бу ҳақда "Постда" газетаси хабар берган, деб ёзилади Kun.Uz вебсайтида.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ӯзбекистонда уй-жойсиз кун кечираётган кишилар борлиги ҳақида расмий маълумотлар берилмайди.

Бу муаммо мамлакат оммавий-ахборот воситаларида ёритилмайди.

Қулликка солиш?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Оммавий-ахборот воситаларида Ӯзбекистон фуқароларининг чет элларда, айниқса, Россия ва Қозоғистонда қул қилиб ишлатилаётгани ҳақида хабарлар тез-тез чиқиб туради.

Ӯзбекистон телевидениеси эса, ҳар куни томошабинларни дуч келган одамлар ёки ташкилотлар макрига алданиб, қуллик исканжасига тушиб қолишдан огоҳлантиради.

Лекин бу гал Ӯзбекистоннинг ӯзида озод инсонларни қулликка солиш воқеаси юз бергани ҳақида хабар тарқалди.

Ҳиндистонлик 250 нафар қурувчи Ўзбекистонда қулдек ишлатилаётгани маълум бўлди.

Ҳиндистоннинг Андҳра-Прадеш штати ҳукумати мамлакат Ташқи ишлар вазирлигидан Ўзбекистонга алдов йўли билан олиб келинган 250 нафар ҳиндистонликни қулликдан озод қилишда ёрдам сўраб мурожаат этган. Бу ҳақда Vesti.uz вебсайти хабар берди.

Ҳиндистоннинг NDTV телеканали маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Ҳайдарободда ҳиндистонлик ишчиларни Ўзбекистонга алдов йўли билан олиб келиш бўйича тергов ишлари бошланган, ишчиларни Ҳиндистондан чет элга олиб чиқишда ишлаган агентлар ва воситачилар қидирилмоқда.

Андҳра-Прадеш штати раҳбарияти Ўзбекистонда ишлаётган ҳиндистонлик ишчиларнинг аҳволи ҳақида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушму Сваражни хабардор этган.

Хабар беришларича, ишчилар Ўзбекистонга Ҳайдарободдаги Placewell HRD Consultants фирмаси воситачилигида олиб келинган.

Андҳра-Прадеш штати ахборот вазирининг сўзларига кўра, ҳиндистонлик қурувчилар Ўзбекистонда кунига 16 соатдан ишлашмоқда, уларнинг паспортлари олиб қўйилган, ўзлари эса ертўла уйларда туришмоқда.

NDTV телеканали хабарида ҳиндистонлик қурувчилар Ўзбекистондаги қайси қурилишга жалб этилганига аниқлик киритилмаган.

Ҳозирча Ӯзбекистон расмийларининг ҳиндистонликларни қулликка солиш хабарига нисбатан муносабатлари янграмаган.

Янгилик

Бир қатор веб-сайтларда ёзилишича, Ўзбекистонда тадбиркорларни хайрия ишларига мажбурлаш тақиқланган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳсонлари шаклидаги маблағларидан фойдаланишнинг ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилган.

Қарорда тадбиркорлик субъектлари хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни фақатгина ихтиёрий ва беғараз кўрсатиши мумкинлиги, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини хайрия фаолиятига ва уларнинг пул маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш тақиқланиши белгиланган.

Бундан ташқари, қарорда давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотларининг раҳбарлари тадбиркорларни хайрияга мажбурлаган тақдирда, қонун бўйича жавобгарликка тортилиши қайд этилган.

Айни бир пайтда, ӯзбекистонлик тадбиркорлар мамлакатда ӯтказиладиган кӯпгина чора-тадбирлар учун ӯзларидан маблағ ажратиш талаб қилингани борасида шикоят қилиб келишади.

Масалан, ӯз вақтида Гулнора Каримова берган ифторликлар аслида тадбиркорларнинг маблағлари ҳисобига ӯтказилгани айтилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ