Гулноранинг шерикларига чиқарилган ҳукм ўз кучида қолди

Image caption Икковлон шу йил июл ойида ҳукм этилишганди

Би-би-сига маълум бўлишича, Гулнора Каримованинг қамоққа олинган бизнес шериклари Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларнинг суд ҳукми устидан шикоятлари қондирилмаган.

Би-би-си манбаларининг билдиришларича, шу ой бошида Тошкент апелляцион маҳкамаси Мадумаров ва Авакянга қарши июл ойида чиқарилган узоқ муддатли қамоқ жазоларини кучда қолдирган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаган.

Расмий хабарда айбланганларнинг шу йил февралида терговга мажбуран олиб келингани айтилганди.

Июл ойида Гулноранинг яқин ҳамкори ва фуқаровий эри экани айтилган Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сўнгги маълумот Гулнора Каримованинг ўзига бўлаётган босим ва тазйиқлар ҳақидаги янги нидолари манзарасида қалқиб чиқмоқда

Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди.

Манбанинг билдиришича, икковлон эндиликда 1 сентябрь – Мустақиллик куни муносабати билан эълон қилинадиган амнистия рўйхатига тушишга умид қилишмоқда.

Мазкур тергов иши билан таниш бўлган терговчининг анонимлик шарти билан Би-би-сига айтишича, икковлоннинг амнистияга тушиш имкониятлари оз кўринади.

“Мен тажрибамдан биламан, агар амнистия қўлланиладиган иш бўлганда, бу маҳкама ишини бошлаб ўтиришмасди ва маҳкама иши бўлиб ўтмасди”, - дейди терговчи.

Айни дамда мазкур маълумот Гулнора Каримованинг ўзига бўлаётган босим ва тазйиқлар ҳақидаги янги нидолари манзарасида қалқиб чиқмоқда.

Уй ҳибсида сақланаётганини айтаётган Каримова хоним Би-би-сига ўз отаси резиденциясига киришга уринганида куч билан йўли тўсилгани акс этган видеони йўллаган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Дадо" гуруҳи хонандаси бўлган Рустам Мадумаров ўтган йиллар давомида Гулнора Каримова билан жуда яқин тижорий ва шахсий муносабатларда бўлган.

Гаяне Авакян эса бир неча Оврўпо давлатларида бошланган пул ювишга оид ишларда номи тилга олинган шахс бўлиб, Гулнора Каримовага боғлиқ тижоратларни юритгани даъво қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ