“Президент девонига ёзганим учун менга тазйиқ ўтказишмоқда”

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Матбуотда эса ҳамма нарса "ялтиллайди"

Дўстлик туманида истиқомат қилувчи уй бекаси ўзи яшаб турган жойидаги муаммолар ҳақида Президент девони ва Бош прокуратурага шикоят қилгани учун босим остида қолганини билдирди. Икки фарзанднинг онаси Руҳия Баитованинг Би-би-сига маълум қилишича, масъуллар муаммони ҳал қилиш қолиб шикоят қилган одамни сиқувга олишган. Руҳияга босим ўтказгани айтилаётгани участка милиция нозири эса айбловларни рад этмоқда.

Жиззах вилоятидаги Истиқлол қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Руҳия Баитова яшаб турган жойида сув етказиш иншоатларининг бузилиши оқибатида фермерлар сувсиз қолгани ва болалар боғчасидаги шароитлардан Бош прокуратура ҳамда Президент девонига мурожаат қилган.

“Боғчалар харобаси чиқиб ётганини, кейин фермерлар сувдан қийналаётганини ва лотоклар бузилиб ётганини расмга тушириб Президент девони ва Бош прокуратурага ёзган эдим. Ёзганимдан кейин менга Дўстлик туманидан Шерзод деган терговчи уйимга эрталаб соат олтида келиб олиб кетди”, - дейди Руҳия Баитова.

Шикоятчи маҳалла раиси идорасида терговчига тушунтириш хати ёзиб берган. Руҳиянинг маълум қилишича, шундан сўнг кечки соат етти атрофида участка милиция нозири ва Шерзод унинг уйига келиб яна идорага олиб кетмоқчи бўлади. Бу сафар Жиззах вилоятидан икки ходим келгани ва у билан учрашиш кераклигини айтишади.

Руҳия Баитова милиция идорасига бормаслигини маълум қилгач, ўзига нисбатан куч ишлатилганини билдирди.

“Ўн метрдай жойга қўлимдан ушлаб судради. Кейин участкавой ҳам менга қараб бақириб кетди. Кейин мен уларга телефонимни олдириб қўйиб дала оралаб қочиб кетдим. Улар мени терговчининг оқ “Нексия”си билан қувди. Тунги соат ўнларда қувган терговчи телефонимни олиб келди. Эртаси куни бормасам оёғимни синдиришини ва устимдан жиноий иш қўзғаб судга беришини айтди”, - дейди Руҳия Баитова.

Баитова хоним болалар боғчасига фарзанди боришини ва у ердаги абгор ҳолатдан шикоят қилишга мажбур бўлганини билдирди.

Руҳия Баитованинг айтишича, Дўстлик туман Халқ таълим бошқармаси раҳбари ҳам шикоят ёзгани учун уни маҳалладан кўчиртириб юбораман деб таҳдид қилган.

Бироқ ушбу таҳдид бўйича Халқ таълими бошқармаси раҳбаридан изоҳ олишнинги имкони бўлмади.

Би-би-си “Истиқлол” қишлоқ фуқаролар йиғини участка милиция нозири Абдуғани Шакарбоев билан боғланди. Шакарбоев Баитовага нисбатан куч ишлатилганини рад қилди.

“Унақа нарса бўлмаган, хабарим йўқ. 12 август уйига ҳам бормаганман”, - дейди Абдуғани Шакарбоев.

Участка милиция нозири шикоят кўрсатилган фермерларнинг сувсиз қолгани борасидаги фактни тасдиқлади. Лотоклар яроқсиз ҳолатга келиб қолган, лекин кейинчалик таъмирланган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда юқори идораларга ёзилган шикоят айланиб маҳаллий раҳбариятга келиши одат тусига кириб қолганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ