Ўзбекистонда энди тақиқ навбати Ҳамзага келдими?

Image caption "Халқ сўзи" рўзномаси эълон қилган мақолада, Ҳамзанинг номи ҳаддан зиёд абадийлаштирилган, дейилади.

Ўзбекистонда генерал Собир Раҳимов номи ва ҳайкалларидан, халқлар дўстлиги рамзи ҳисобланган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ҳайкалларидан воз кечиш афзал кўрилди.

Бу амаллар "ёвуз" СССР замонини одамлар ёдига солмаслик, ўша даврларни қўмсаш ҳисси пайдо бўлмаслиги мақсадида қилинди.

2010 йилда Қирғизистон жанубида ўзбекларга нисбатан содир этилган қирғинлар ортидан Йўлдош Охунбобоев номларидан воз кечилган.

Энди навбат таниқли шоир ва ёзувчи, драматург ва маърифатпарвар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга келдими?

“Халқ сўзи” газетасида Тошкентдаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш таклифи илгари сурилган.

Профессор Муҳаммад Қуронов муаллифи бўлган ушбу мақолада, адиб ва драматург Ҳамза тимсолида оддий одамдан сохта доҳий ясалгани айтилади.

Муаллифга кўра, Совет даврида нашр қилинган ўзбек адабиётида Ҳамза ҳақида рост гапдан кўра ёлғон ва уйдирмалар сероб.

Педагогика фанлар номзоди, профессор Муҳаммад Қуронов ёзган мақола “Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш – муҳим маънавий вазифа”, деб номланади.

Муаллиф мустақиллик йилларида Тошкент шаҳрида шўроларга оид номларнинг ўчирилиб юзлаб топономик номлар қайта тикланганлигини олқишлайди.

Жаноб Қуронов Ҳамза тумани номини ҳам ўзгартириш вақти келганини ёзади.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида ёзган муаллиф унинг шахси шу вақтгача ёзилган китоб ва мақолаларда ҳақиқатдан кўра ёлғон кўпроқ ёзилганини таъкидлайди.

Муҳаммаджон Қуронов Ҳамзанинг номи ҳаддан зиёд абадийлаштирилганига эътибор қаратади.

"Ҳамза ҳақида том-том китоблар ва фильмлар ишлашнинг ортида узоқни кўзлаган ғаразли мақсадлар ётган. Яъни бундай сиёсат замирида “Маҳаллий халқлардан чиққан ёзувчи, зиёли инсон социализмга, Кремль юлдузларига мана шундай садоқат билан хизмат қилиши керак”, деган маккорона бир ғоя борлигини, ўйлаймизки, тушуниш қийин эмас”, дейди Муҳаммаджон Қуронов.

Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида кўп қисмли “Оловли йўллар” бадиий фильмини суратга олган режиссёр Шуҳрат Аббосов Ҳамзанинг буюк истедод эгаси бўлганлигини айтади.

“Гап шундаки, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий жуда ҳам катта истеъдод эгаси. Буюк драматург ва биринчи режиссёрлардан. Бутун умрини китобларга, болаларнинг тарбиясига бағишлаган. Бу киши буюк педагог бўлган. Юртимизнинг тараққиёти учун курашган”, - дейди Шуҳрат Аббосов.

Режиссёрга кўра Ҳамза ёзган айрим нарсалар бугунги сиёсатга тўғри келмаслиги мумкин. Бироқ унинг ижодини ҳурмат қилиш лозим.

“У диний экстремистларга қарши курашди. Улар унга азоб бериб, тошбўрон қилиб ўлдиришди. Энди биз ҳам уни охиригача дабдала қилмайлик-да. Бу Худо берган истеъдод. Бунақаси камдан-кам бўлади. Қани унақа драматург? “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши” каби асарларни ёзадиган одам борми ҳозир? Ҳаммани ўчириб ташламасдан, эҳтиёт бўлиш керак”, - дейди Шуҳрат Аббосов.

Адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов Ҳамза ўзбек адабиётида ўз ўрнига эга бўлган шахс эканлигини таъкидлайди. Ҳамзанинг ижодида шўроларни мадҳ қилмаган, лекин ўз ўрнига эга асарлар ҳам кўп бўлган.

“”Майсаранинг иши” деган асарида ҳеч қандай мафкура йўқ. Кейин “Заҳарли ҳаёт” деган асарлари мактаб дарсликларига киритилган. Ўша вақти Шўро даврини улуғламаган бирорта ёзувчи бўлганми? Лекин Ҳамзани идеаллаштириш деган нарса бўлган. Шўро даврида ҳар тарафлама ошириб тоширишган”, - дейди Умарали Норматов.

Профессор Норматов Тошкент шаҳрида Ҳамзанинг номи жойларга нисбатан ҳаддан зиёд кўп ва асоссиз қўйилганин таъкидлайди.

Ёзувчи ҳозирги Ҳамза туманида яшамаганлиги ва унинг номи берилаётганда бу каби нарсаларга асосланмаганлигини айтади.

“Ҳамза билан боғлиқ Қўқонга яқин жойда туғилиб катта бўлганман. Ҳамза билан боғлиқ жойлар қолиши керак. Лекин унинг Шўро даврида ҳамма жойга тиқиштирилган номларини газеталарда уни бадном қилиб, ундоқ бундоқ деган гаплар ҳам яхшимас-да. Ўтиб кетган одамлар ҳақида унақа қилмаслик керак”, - дейди Умарали Норматов.

Адабиётшунос олимга кўра, Ҳамзанинг Девони Ниҳоний тахаллуси билан битган ғазалларида тарғибот деган нарсалар йўқ, инсоний туйғулар ҳақида ёзилган.

Бу мавзуда батафсилроқ