Тошкентдан Қўқонга саёҳат ёки "мустақиллик шарофати"...

Image caption Фарғона водийсини Тошкент билан боғлаб турадиган ягона йўл Қамчиқ довонидан ўтади.

Яқинда Фарғона водийси томон йўл олиш арафасида бир дўстимни учратиб қолдим.

Кўзимга паришонроқ кўринди.

- Нима бўлди сенга? - деб сўрадим.

- Нимасини айтасан, дўстим? Шу хавфсизлик чораларию - тозалаш тадбирлари одамлар иззат-нафсига тегаётганини наҳотки шу тепадагилар билишмаса, деди дўстим.

"Андижон шаҳри аҳволи ўзингга тайин энди. У ердаги ўша тўққиз йил олдинги қўзғолондан кейин ҳалиям одамларнинг ўнтаси бир жойда йиғилса, ички ишлар ходимларида шубҳа уйғотади.

Дўстимнинг "Хавфсизлик чораларисиз ҳам тинчгина яшаб юрибмиз-ку," деган гапи бир неча кун хаёлимдан кетмади.

Тошкент-Қўқон трассаси кеча-кундуз машиналар билан гавжум.

Баъзи ҳайдовчилар Қамчиқ довонини бир соатда 500дан ортиқ катта-кичик машиналар босиб ўтишини айтишади.

Бошқалари эса бу рақамни мингтадан ошиқ деб тахмин қилишади.

Ўзбекистонда "тирикчилик" одамларнинг энг асосий ташвиши...

Тошкент-Қўқон трассасида қатнаётган йўловчиларнинг ярмидан кўпроғи мана шу "тирикчилик" билан овора.

Улар Фарғона водийсидан Тошкент ва бошқа ҳудудларига хилма-хил юкларни етказиб беришади.

Таксига ўтириб Қўқон томон йўл олдик.

Сабр қилмай иложимиз қанча?

Жазирамада одамлар ўзларини қаерга уришини билмайди.

Тошкент шаҳридаги "Роҳат" кўлидан ўтиб "бетонка" орқали водийга йўл соламиз.

Бектемир туманидан чиқиш постига яқинлашганимизда турнақатор машиналарга кўзим тушди.

Навбатнинг охири кўринмайди. Тахминан 400-500 автомашина.

Биз ўтирган машинада кондиционери йўқ эди.

Унинг ичи ташқаридаги иссиқлик билан бир бўлиб жисмимизни ёндирай дейди.

Ўтирганларнинг кўйлаклари бир пасда жиққа ҳўл бўлди.

Аммо сабр қилмай иложимиз қанча?

Роса қирқ дақиқа деганда машинамиз текшириш постига етиб борди.

Ҳар биримизнинг паспортимизни бирма-бир кўздан кечиришди.

Хайрият, ҳамманинг ҳужжати ёнида экан, акс ҳолда, яна қанча қолишимизни ҳеч ким билмасди.

- Биз пойтахтдан чиқиб кетяпмиз. Шуни ҳеч тушунолмийман-да, - дейди ҳайдовчи асабийлашиб.

Унга кўра, Тошкент шаҳрига киришда текширув ўтказилишини тушуниш мумкин.

Аммо шундай жазирама иссиқда ўзлари сояда туриб олиб, йўловчилару уловларни эринмай, бирма-бир кўздан ўтказишларини асло тушуна олмайди у.

Ҳайдовчининг сўзларига қараганда, камида икки кунда бир Тошкентга қатнар экан.

Текшир-текширлар эса йил ўн икки ой давом этади.

- Ҳайронман-да, - дейди мошинамизда ўтирган бир катта ёшдаги киши. - Давлатимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Аммо мана шу тозалаш тарбирлари-ю тобора ошаётган хавфсизлик чоралари одамларимизга ёмон таъсир қилаяптида.

"Худди, кимдир бугун ё эрта мамлакатимизга бостириб кираётгандай. Доим автоматлар ушлаган ва каска кийган ҳарбий либосдагиларни кўриб даҳшатга тушаман", - дейди у.

Йўлдошимиз кўп йиллардан бери Россияга қатнар экан.

"У ерда вазият бутунлай ўзгача. Ҳеч ким ҳеч ким билан иши йўқ. Аммо Ўзбекистонда "Маҳаллангни ва ўз уйингни ўзинг сақла" шиорини ташлагандан бери кўпчиликда, айниқса, маҳалла фаолларида тинчлик йўқолган, " - дейди у.

Уни таъкидлашича, четдан бирор меҳмон келса, дарров уйга келиб, "ким келди ва нимага келди?" деб сўроқ қилишар экан.

- Ахир, биздаги расму- удумларимиз ўзимизга ўхшаган бўлиши керак. Уйларимизга узоқ-яқиндан меҳмонлар келиб кетади. Ҳатто хориждан ҳам меҳмон кутиб оламиз. Меҳмонни ҳурматини жойига қўйиш бизга ҳам қарз ва ҳам фарз ҳисобланади, - дейди у.

Гапида жон бор, албатта. Унга қарши нимадир дейиш қийин.

Ҳайдовчимиз Оҳангарон бўйидаги "Метан" газ сотиш шохобчасидан газини тўлдириб ҳаракатини давом эттирди.

Сафар қилиш эрта тонгда яхши-да.

Салқинда ҳаво исигунча манзилга етиб боради киши.

Аммо тонгда ухлаб қолганим суробини энди тортаяпман.

Ангрен шаҳрини ортда қолдирдик.

Узоқдан сув омбори кўзга кўринди.

"Минор" постига яқинлашамиз.

Яна машиналар навбати бошланади.

"Бу машинлардан ўтишнинг иложи йўқ. Яна текширувдан ўтказишади," - дейди ёши ўттизларга борган йигит. - "Яқинда парспортимни алмаштирувдим. Тадбиркорман ва Тошкентга ойда уч-тўрт марта келиб кетишимга тўғри келади. Текшир-текширдан янги паспортимнинг ҳам увадаси чиқиб кетди".

Ҳамма паспортини қўлига олади.

Ўнгимизда нақда олтита "КамАЗ" юк машинаси турибди.

Ичимда "Ҳе...", - дейману, яна ўзимни босаман.

Қўқонга етгунга қадар яна икки катта постни кесиб ўтдик.

Нақд етти соат деганда...

"Тозалаш"

Қўқон шаҳрини озгина айланиб, шаҳар меҳмонхоналарининг бирида тунашга қарор қилдим.

- Қаердан келдингиз?- деб сўради меҳмонхона эшиги олдида турган милиция ходими.

- Тошкентдан.

- Қанча турасиз бу ерда?

- Бир кеча тунасам керак.

- Унда яхши.

Меҳмонхона маъмури берган варақни тўлдирдим.

"Кечаси соат ўн бирдан кейин ташқарига чиқмайсиз. Шаҳримизда "Тозалаш" тадбири кетяпти," - дея огоҳлантирди милиция ходими. - "Уларга барибир, қўлларига тушсангиз, бошқа жойда тунашингизга тўғри келади."

Унга "Раҳмат сизга", дейишдан нарига ўтолмадим.

Яқинда икки кишининг суҳбатига шерик бўлгандим.

Уларнинг сўзларига қараганда, ҳозирги кунларда милиция ходимлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб қишлоқма-қишлоқ "тозалаш" тадбири ўтказишга сафарбар этилган.

"Байрам кайфиятини ёйиш ўрнига одамларни талвасага тушириб, уларда қўрқув ҳиссини уйғотишяпти," - деди улардан бири.

Нимаям дердик? Бу ҳам мустақиллик шарофати билан...

Байрам ўтганидан кейин бу тадбир яна унутилса керак.