Ўзбекистон Ҳиндистон уран бозорига кириб бормоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистондаги Интернет нашрларининг хабар қилишларича, Навоий тоғ металлургия комбинати Ҳиндистонга уран сотиш борасида 3 ярим миллиард долларга тенг битим имзолаган.

Ҳиндистонда чоп этилувчи "The Indian Express" нашрининг ёзишича, Ўзбекистон илк бор мамлакат уран савдоси бозорига кириб бормоқда.

Ҳиндистон жаҳонда ядро қуролига эга мамлакатлардан бири бўлиб, ядровий ёқилғига эҳтиёжи каттадир.

Ўзбекистоннинг уран экспорти ҳақидаги хабар не қадар аҳамиятли ва бу савдонинг миқёси қанчалар йирик?

Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Аркадий Дубновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, 3 ярим миллиард долларга тенг контракт ҳар қандай мамлакат учун салмоқлидир.

Аркадий Дубнов: Ҳатто Россиядек йирик мамлакат бўлсин ва ҳатто Оврўпо давлати учун ҳам бу анчайин йирик битим. Франса билан Россия ўртасида ҳарбий кемалар савдоси бўйича эришилган контрактни эсланг, унинг миқёси билан солиштирганда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан эришган битими нархи анчайин кўпроқ. Лекин бир нарсага эътибор қаратиш керак, битим "2014-2018 йиллар оралиғида", деб айтилгани учун фараз қилишимиз мумкинки, бу борада анча аввал келишувга эришилган. Яъни, 2014 йил бошларида ёки унданда аввалроқ бу борада келишиб олинган ва эндигина овоза бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида Тошкентнинг манфаатида бўлиши мумкин. Чунки бу Ўзбекистонни уран ёқилғиси бозорида ўзини жиддий ўйинчи қилиб кўрсатиш йўлида ҳизмат қилади ва қўшни Қозоғистон даражасидаги ҳамкорга айланаётганини кўрсатади. Иккинчидан, бу миқёсдаги контракт, ҳатто, Россияни ҳам бу бозордан четга чиқариш уриниши бўлиб кўриниши мумкин. Чунки шу вақтгача Ҳиндистон атом энергетика соҳаси учун асосий ёқилғи таъминотчиси сифатида Россия кўриларди. Ана шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг бу бозорга кириб келиши анчайин аҳамиятли, менимча.

Би-би-си: Лекин Ҳиндистон ядро қуролига эга давлат эканлигини ёддан чиқармаслик керак. Бу ўринда Ўзбекистон ядро қуролларини тарқармаслик ҳақидаги битимга аъзо эканлиги назарда тутилса, Ҳиндистон томонидан ўзининг уранни тинч энергия ишлаб чиқариш соҳасидагина ишлатилиши ва ядро қуролини ишлаб чиқариш учун ишлатилмаслиги борасида кафолат олиш имкони борми?

Аркадий Дубнов: Биласизми, бу каби кафолатни олиш менимча имконсиз ва контрактларни мубоҳиса қилаётганда ҳам бундай талаб муҳокама қилинмаса керак. Бу ерда ягона кафолат Деҳлининг ядро қуролига эга одил мамлакат сифатида не қадар ўзини масъулиятли йўлда тутишидир. Ҳиндистон Эронга ўхшаб шу вақтгача ядро қуроли соҳасида ўзини қалтис тутган мамлакатлар қаторида қайд этилмаган. Ана шу жиҳатдан хавотирлар уйғотмайди, деб ўйлайман. Лекин хавотирлар изҳор этилиши мумкин ва бу хавотирларга жавоб берилиши керак, албатта.

Би-би-си: Геополитик нуқтаи назардан қарасак, Покистоннинг Ҳиндистон билан муносабатлари совуқ эканлиги маълум. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Ҳиндистонга уран сота бошлаши, Покистоннинг Ўзбекистон билан алоқаларига таъсир қилиши мумкинми?

Аркадий Дубнов: Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Уран рудаси бозори ҳозирда анчайин кенг ва рақобатбардош. Покистон Ҳиндистонга уран Қозоғистондан эмас Ўзбекистондан келаётгани борасида катта хавотирга туша бошлайди, деб ўйламайман. Бошқа томондан қарасак, ҳозирги кунда ядро энергияси соҳасида фаолият олиб борадиган давлат учун асосий масала ёқилғи ёки хом ашё эмас, технолгиялар ва мутахассислардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02