Халқаро Амнистия "қийноққа солинган" Дилором Абдуқодировани озод этишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Оиласини соғинган Дилором Абдуқодирова 2010 йилда Ўзбекистон мулозимларининг кафолатларига ишониб, ватанга қайтганди

Дилором Абдуқодирова Андижон қирғинидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган юзлаб андижонлик қочқинлардан биридир.

Халқаро Амнистия ташкилоти Абдуқодирова хонимни зудлик билан ҳеч бир шартларсиз озод этишига чақирмоқда.

Дилором Абдуқодирова 2005 йил 13 майда Андижонда кечган норозилик намойишида қатнашган минглаб андижонликлардан бири, аммо ҳукумат қўшинлари асосан тинч намойишчиларга қарши қақшатқич ўт очиши оқибатида у бошқа юзлаб намойишчилар билан бирга Қирғизистонга қочишга мажбур бўлганди.

Ўшанда ҳукумат қўшинлари нишонига айланган юзлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлади.

2006 йилда у Австралияда қочқинлик мақоми билан бошпана топади.

Аммо, оиласини соғинган Дилором Абдуқодирова 2010 йилда Ўзбекистон мулозимларининг кафолатларига ишониб, ватанга қайтади.

Аммо, Халқаро Амнистияга кўра, уни аэропортда қўлга олишиб, тўрт кун ушлаб туришади.

Орадан кўп ўтмай, Дилором Абдуқодировани конституцион тузумни ағдариш ва мамлакатни ноқонуний тарк этишда айблайдилар.

Ҳозирда у 18 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

2011 йилда кечган маҳкамада, яқинларига кўра, у ўта озғин, юзи моматалоқ ва рўмолсиз ҳолатда пайдо бўлган. Яқинлари Дилором ҳеч қачон рўмолини ўз ихтиёри билан ечмаганини айтишади.

“Қийноқ қўлланиши тўхтамаган”

Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Халқаро Амнистия Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланиши кенг тарқалганини урғулаб келишади.

Мамлакатда сўз эркинлиги йўқ, намойишлар тақиқлаб қўйилган.

Ўз диний эътиқоди ва сиёсий қарашлари учун мингларча ўзбекистонликлар қамоққа ташлангани айтилади.

Маҳбусларни айбларига иқрор этиш учун қийноқ қўлланиши бир неча бор ҳужжатлаштирилган.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус вакилининг мамлакатга сафар қилиш талабларини бир неча марта рад этган.

Қийноқларга қарши қонун қабул қилинганига қарамай, ҳамон қонунни ҳимоя қилувчи органлар ходимлари томонидан маҳбусларнинг қийноққа солинаётгани ва қамоқхоналарда аёллар зўрланаётгани ҳақида хабарлар бор.

Халқаро Амнистия Ўзбекистон мулозимларини Дилором Абдуқодирова қамоқхонада қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни текшириш, масъулларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ