Ўзбекистон НАТО саммитида иштирок этади

Image caption Ўзбекистон НАТОнинг Афғонистон стратегиясида муҳим ўрин тутади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳайъат НАТОнинг пайшанба куни Уэлсда ўтадиган навбатдаги саммитида қатнашади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон вакиллари саммитнинг Афғонистон бўйича мажилисига НАТО Бош Котиби Андерс Фог Расмуссен томонидан таклиф этилган.

НАТОга аъзо давлатлар раҳбарларининг 4 сентябр куни очиладиган олиймақом учрашуви аввал-бошда Афғонистондаги вазиятни муҳокама этиши режаланган эди.

Аммо Украинадаги воқеалар саммитга соя солган ва унда энг аввало НАТОнинг тезкор кучларини ташкил этишга келишилиши кутилмоқда.

Россиянинг Украина шарқидаги ҳаракатлари НАТОга аъзо Болтиқбўйидаги собиқ совет давлатларини жиддий ташвишга солмоқда.

Кафолатлар

Сешанба куни Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича янги комиссари этиб тайинланган Федерика Могерини Болтиқбўйи давлатлари НАТОдан қоғозда ёзиб қўйилганидан кўпроқ кафолатлар истаётганликларини айтган.

"Болтиқбўйи давлатлари ва Россиянинг бошқа қўшнилари учун НАТО Низомининг 5-банди шунчаки қоғоздаги сўзлар эмаслиги жуда ҳам муҳим",- деб айтган Италиянинг жорий ташқи ишлар вазири бўлган Могерини хоним.

НАТО Низомининг 5-банди ташкилотга аъзо 28 давлатдан биронтасига ҳужум бўлгани тақдирда, қолган аъзоларнинг ёрдам бериш мажбуриятини назарда тутади.

Ўзбекистон Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишини маъқулламаган ва Украинанинг мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиб чиққан.

Шу йилнинг май ойида Тошкентда НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар ва ҳамкорлик бўйича минтақавий идораси очилган.

Россия матбуоти Ўзбекистон НАТОнинг минтақадаги "истеҳкоми"га айланаётгани ҳақида ёзган.

Ўзбекистон халқаро кучлар Афғонистонни тарк этиши ортидан минтақада хавфсизлик вазиятининг ёмонлашишидан хавотир изҳор қилиб келади.

Ўтган ой Президент Ислом Каримов Тошкентга ташриф буюрган АҚШ Марказий Қўмондонлиги бошлиғи Ллойд Остин билан учрашув чоғида АҚШнинг Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетганидан кейинги ҳарбий режаларини билиш истагида эканини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ