'Ўзбекистон қўшни Тожикистонга дўстона имо-ишоралар қилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кейинги ҳафта Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Тожикистонга сафари кутилмоқда.

Икки мамлакта ўртасидаги муносабатлар охирги йилларда анчайин совуқлашган бўлиб, бу жаноб Каримовнинг охирги олти йилдаги Душанбега биринчи ташрифи бўлиши айтилган.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Уруш ва Тинчлик муаммоларини ёритиш институти эълон қилган чиқарилган мақолада айтилишича, Роғун ГЭСи қурилиши каби баҳсли масалалар мавжудлигига қарамай, Ўзбекистон президентининг ташрифи мамлакат мавқеининг Тожикистонга нисбатан юмшаётгани белгиси бўлиши мумкин.

Совуқ муносабатларнинг узоқ давридан кейин Ўзбекистон қўшни Тожикистонга дўстона имо-ишоралар қилмоқда, деб бошланади Уруш ва Тинчлик институти мақоласи.

Бироқ шарҳловчилар фикрича, ўзбек-тожик муносабатларининг исиши имкониятлари кам, чунки икки мамлакатни ажратган муаммолар жуда чуқурлашиб кетган.

Мақолада Ўзбекистон мустақиллиги байрами муносабати билан Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Президент Ислом Каримовга йўллаган табриги тилга олинади.

Ўз мактубида жаноб Раҳмон Тожикистон икки мамлакат тараққиёти, минтақа хавфсизлиги йўлида Ўзбекистон билан энг қалин ҳамкорликка умид боғлаганини таъкидлаган.

"Ишончим комилки, сизнинг Тожикистонга, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш мақсадида бўладиган ташрифингиз бу жараёнга туртки беради", дейилган Президент Раҳмон табригида.

Мақолада Ўзбек-Тожик муносабатларини совуқлашишига олиб келган темир йўл, Роғун ГЭСи лойиҳаси муаммолари тилга олинади.

Президент Каримовнинг Душанбега сафари арафасида "Ўзбекистон Темир йўллари" ширкати Тожикистонга янги ва янада қисқа темир йўл таклиф этгани ҳақида хабар беради Уруш ва Тинчлик институти, бу ҳақда ширкат вакили айтган.

Мақолада экспертлар Роғун муаммоси бўйича томонлар ўз мавқеларидан чекинишларини кутмаётганлари ҳақида айтганлар.

Мақолада минтақа учун муҳим "ўйинчилар" саналадиган Россия ва Хитой билан икки қўшни мамлакат алоқаларининг муҳимлиги таъкидланган.

Ҳам Ўзбекистоннинг ва ҳам Тожикистоннинг энг йирик сармоядори ҳисобланган Хитой Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар даражаси яхши бўлишини истайди, дейилади мақолада.

2014 йилдан Афғонистондан НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан кейин бу мамлакатдан юзага келадиган таҳдидлар қаршисида Россия ўз сарҳадлари учун минтақа мамлакатлари буфер ҳудуд бўлишини хоҳлаши айтилади.

Украина туфайли Ғарб билан муносабатлари ёмонлашган Россия озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон ва Тожикистондан олишни исташи, бу эса икки мамлакатга манфаатли экани айтадилар Уруш ва Тинчлик институти суҳбатлашган экспертлар.

Хўш, Ўзбекистонни қўшниси билан муносабатини илитишига туртки берган омиллар нималар?

Москвадаги МДҲ мамлакатлари институтидан андрей Грозин Ўзбекистон Тожикистон билан алоқаларини яхшилашга Кремлдан сигнал олган бўлиши мумкин.

Бироқ бухоролик инсон ҳақлари фаоли Шуҳрат Ғаниев фикрича, Россия билан яхши муносабатларда бўлишни истаган расмий Тошкентнинг Душанбе билан ярашув мавқесини эгаллаши Россиянинг эмас, Ўзбекистоннинг ўзининг прагматик ташқи сиёсати натижасидир.

"Ўзбекона кўп йўналиш" тамойили ва Қримни аннексия қилиб олгани ортидан Россия билан муносабатлар таранглашганидан келиб чиқиладиган бўлса, Каримов таранглик ҳароратини пасайтираяпти, ўз қўшнисига қандайдир дипломатик хайрихоҳлик намойиш этаяпти", деб айтган Шуҳрат Ғаниев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ