'Дунёда ҳар 40 сонияда бир киши ўзини ўлдиради', Ўзбекистонда-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Thinkstock

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг олдини олишга бағишланган илк ҳисоботини эълон қилди.

Унда айтилишича, ҳар йили бутун дунё бўйлаб бир миллионга яқин киши ўзини ўлдиради.

15 ёшдан 19 ёшгача бўлганлар орасида эса, суицид - энг асосий ўлим сабабларидан бири экан.

Лекин, шунда ҳам, янги ҳисоботга таянилса, 70 ёшдан юқори бўлганлар ўз ҳаётларига ўзлари нуқта қўйишга кўпроқ мойил бўлишади.

Эркаклар эса, аёлларга қараганда уч баробар кўпроқ ўз жонларига қасд қилишга уринишаркан.

Худкушлик ҳолларининг аксарияти қашшоқ ва ўртаҳол давлатлар ҳиссасига тўғри келади, дейди Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти.

Агар, айрим маҳаллий фаолларнинг сўзларига таянилса, суицид - Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда ҳам кўп учрайдиган ҳолат.

Уларга кўра, одамлар чорасизлик ёки шахсий норозиликларини ифодалашнинг энг кескин усули сифатида ўз жонларига қасд қилишади.

Ичкаридан баҳо

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари моддий қийинчилик ва ишсизлик боис сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам худкушлик ҳоллари ортаётганини айтишади.

Аммо, уларга кўра, суицид ҳолларига оид расмий статистика ҳар доим ҳам ошкор этилавермаслиги боис, аниқ рақамларни келтириш мушкул.

Фаоллар бу каби ҳолатлар сўнгги пайтларда Фарғона водийси, Қашқадарё ва Сурхондарёда кўп учраётганини таъкидлашади.

Уларнинг айтишларича, одамлар осиш, ўт қўйиш ёки ўзларини заҳарлаш билан ҳаётларига нуқта қўйишга уринишади.

Ўзбекистондаги суицид ҳолларини яқиндан ўрганган айрим инсон ҳуқуқлари фаолларининг хулосаларига таянилса, сўнгги йилларда ўз жонига қасд қилаётганларнинг аксари аёллардир.

Улар бунга иқтисодий етишмовчилик ва ижтимоий тушкунлик сабаб бўлаётганини айтишади.

Аммо, ҳуқуқ фаолларига кўра, одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаслик, расмий идоралардаги ҳақсизликлар туфайли ҳам сўнгги чора сифатида ўз-ўзини ўлдириш билан таҳдид қилиш ва ҳатто, айрим ҳолларда бунга қўл уришга мажбур бўладилар.

Уларнинг айтишларича, Ўзбекистонда бундай ҳоллар кўп-да ўрганилмайди ва ё-да эътиборсиз қолдирилади.

Минтақада ҳам шунга ўхшаш вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Сўнгги йилларда Ўзбекистонга қўшни Тожикистон ва нисбатан ўзига тўқ Қозоғистонда ҳам суицид ҳолларининг ортиб бораётгани жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Агар, маҳаллий фаолларнинг сўзларига таянилса, Тожикистонда йилига юзлаб аёллар ўзларини ўлдиришга уринишади.

Ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг асосий сабаблари оилавий можаролар ва маиший зўравонлик экан.

Қозоғистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг қанчалик юқори экани эса, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Халқаро ташкилот 2011 йилги ҳисоботида суицид ҳоллари бўйича Қозоғистонни юқори учликка киритганди.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, 2008 йилда ҳар 100 минг қозоғистонликдан 31.06 нафари ўз жонига қасд қилган.

Қозоғистонда, айниқса, ёшлар орасида суицид ҳолларининг кўп учраши алоҳида ташвишга молик воқеа сифатида ҳам тилга олинганди.

Муҳожирлар ҳам четда эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Устига устак, сўнгги пайтларда Россия матбуоти ва жаоматчилиги муҳожирлар орасида ҳам ўзини ўлдириш ҳоллари ортиб бораётгани ҳақида гапирмоқда.

Дейлик, айрим хабарларда икки ойнинг ўзида тўрт нафар марказий осиёлик муҳожир бу ишга қўл ургани ва улардан аксарияти ўзбеклар бўлишгани ҳам айтилганди.

Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаоллари эса, бу каби ҳолларнинг ўсиш сурътаидан жиддий хавотир билдириб чиқишганди.

Уларнинг айтишларича, муҳожирлар кўпинча алданиб, маошларини ололмагач ёки ҳақоратомўз муносабатлар боис, ўз жонларига қасд қилишга уринишади.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзининг янги ҳисоботида хулоса қилишича, суицид - ҳануз ошкора гапириш маъқул кўрилмайдиган жиддий муаммолардан биридир.

Халқаро ташкилотнинг ўзи эса, 2020 йилгача худкушлик ҳолларини бутун дунё бўйлаб 10 фоизга камайтирмоқчи.

Аммо, агар, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига таянилса, жаҳоннинг фақат 28 давлати бунга оид стратегия ишлаб чиқишга киришган, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ