Гулнора Каримова уюшган жиноий гуруҳга аъзоликда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Гулнора Каримова бир пайтлар Ўзбекистон президентининг вориси сифатида кўриларди

Ўзбекистон Бош прокуратураси душанба куни тарқатган хабарга кўра, президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси сифатида жиноий иш очилган.

Прокуратурага кўра, Гулнора Каримова ва яна беш шахсга нисбатан жиноят иши алоҳида ажратиб олинган ҳолда текширилмоқда.

Бош прокуратура хабарида хусусан шундай дейилади: "Уюшган гуруҳнинг қидирувда бўлган ҳамда ҳозирда етарли материаллар тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувга ажратилган. Хусусан, Г. Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А. Гапурова, А. Курбанов, Б. Сулейманов, Ш. Камильджанов, Р. Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда".

Аммо Каримова хонимга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳақида прокуратура хабарида ҳеч нарса дейилмайди.

Бу Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов қилаётган жиноят иши доирасида Гулнора Каримова номининг илк бор тилга олинишидир.

Гулнора Каримова мансуб бўлган жиноий гуруҳ давлатга юзлаб миллиард сўм миқдорида иқтисодий зарар етказгани айтилади.

Гулнора Каримованинг бизнес шериклари Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянлар жиноий гуруҳ аъзолари сифатида алоҳида тилга олинган.

“Тергов ҳаракатлари давомида етказилган иқтисодий зарарни тўлиқ қопланиши юзасидан чоралар кўрилмоқда, - дейилади Бош прокуратура хабарида. - Ҳозирги вақтда жиноий гуруҳ аъзоларининг Ўзбекистондаги 457 млрд. сўмлик мулклари давлат даромадига ўтказилди. Тергов натижаларига кўра, уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар бир аъзосига нисбатан жазо муқаррарлиги принципининг қатьий қўлланилиши таъминланади."

Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаган.

Расмий хабарда айбланганларнинг шу йил февралида терговга мажбуран олиб келингани айтилганди.

Июл ойида Гулноранинг яқин ҳамкори ва фуқаровий эри экани айтилган Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган.

Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинганди.

Гаяне Авакян эса бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди.

Бир ой муқаддам Гулнора Каримова ўзига бўлаётган босим ва тазйиқлар бўлаётгани ҳақида маълум қилганди.

У шунингдек Би-би-сига ўз отаси резиденциясига киришга уринганида куч билан йўли тўсилгани акс этган видеони йўллаган.

"Дадо" гуруҳи хонандаси бўлган Рустам Мадумаров ўтган йиллар давомида Гулнора Каримова билан жуда яқин тижорий ва шахсий муносабатларда бўлган.

Гаяне Авакян эса бир неча Оврўпо давлатларида бошланган пул ювишга оид ишларда номи тилга олинган шахс бўлиб, Гулнора Каримовага боғлиқ тижоратларни юритгани даъво қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02