Ўзбекистон Давлат департаменти диний ҳисоботига илк раддия эълон қилган

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги диний эркинликларга бағишланган йиллик ҳисоботига биринчи марта муносабат билдирган.

АҚШ Давлат департаменти ҳар йили бутун дунё мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, диний эркинликлар вазияти таҳлил қилинган ҳисоботларни эълон қилади, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейинги деярли барча ҳисоботларда диндорлар ҳуқуқлари топталиб келинаётгани таъкидланади.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасига кўра, АҚШ Давлат департаментининг 2013 йилдаги диний эркинликларга бағишланган ҳисоботи Ўзбекистондаги ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди.

Ўзбекистон номидан раддия Дин ишлари қўмитасининг religions.uz веб-сайтида рус тилида эълон қилинган.

"Инсон ҳуқуқлари, хусусан Ўзбекистон Республикасидаги диндорларнинг ҳуқуқлари ҳақидаги ахборот худди аввалгидек бировга яхшиликни раво кўрмайдиганлар томонидан сиёсий мулоҳазалардан келиб чиқиб берилган", деб бошланади Ўзбекистон диний қўмитаси раддияси.

"Йилдан-йилга аллақачон эскириб бўлган ва ҳозир ҳеч қандай долзарблиги йўқ жиҳатлардан нусха кўчириш давом этаверади. Ҳисоботда атайин хабардор бўлмаган инсонларда бутун Ўзбекистонга нисбатан душманона муносабатни шакллантирадиган иборалардан фойдаланилади ва келажакда мутасадди бўлмаган манбалардан олинган ушбу материаллар оғиздан-оғизга тарқатилишига олиб келиниши мумкин", дейилади рус тилидаги матнда.

religions.uz веб-сайтининг ўзбек тилидаги "Янгиликлар" саҳифасида ҳозирча раддия матни эълон қилинмаган.

Дин ишлари қўмитаси Ўзбекистонда конституция бўйича диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилгани ва давлат уларнинг ишларига аралашмаслиги белгилаб қўйилганини яна бир марта урғулаган.

Ўзбекистоннинг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида"ги қонуни дунёдаги энг бажариш осон меъёрий ҳужжатга айлангани эътироф этилган, деган диний қўмита.

Раддияда таъкидланишича, Ўзбекистон қонунчилигига биноан динга ёки бошқа эътиқодга риоя қилиш фақат миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учунгина чекланади.

Танқидчилар Ўзбекистон ҳукуматини айнан "терроризмга қарши кураш" баҳонасида бегуноҳ оддий диндорларни таъқиб қилаётганликда айблайдилар.

Милиция ёки миллий хавфсизлик хизмати зобитининг катта унвонга эришиш ёки лавозимини ошириш истаги "диний-экстремистик гуруҳ"нинг бир неча аъзосини қаматиш билан рўёбга чиқиши мумкин, ушбу ҳолат бугунга келиб Ўзбекистонда сир бўлмай қолди.

Ўша зобит ҳибсга олган "бир диний-экстремистик гуруҳ"нинг аъзолари деб жиноят иши очилган инсонларнинг бир-бирларини умуман танимасликлари ёхуд фақат йиғилиб ош ейишдан бошқа айблари йўқлиги ҳақидаги маҳкамада айтган кўрсатмалари инобатга олинмайди.

Дин ишлари қўмитаси тақиқланган диний ташкилот аъзоси деган иқрор тагига имзо қўйишни истамаган инсонларнинг қандай қийноқларга солингани, Россия, Қозоғистон ёки Қирғизистондан ўғирлаб Ўзбекистонга олиб келинган ва яширинча маҳкамаларда узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган инсонлар ишларини тилга олмаган.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳкумларга муносабат ва қамоқлардан қариндошларига қайтарилган ва зудлик билан дафн қилиш талаб қилинган диндор маҳкумлар жасадлари ҳақида ҳам раддияда гапирилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас