Uzwebiston: Бюджетда маҳбус пойабзалига пул қолмадими?

Ўзбекистон Сенати мустақиллик байрами арафасидаги ялпи мажлисида қатор қонунларга ўзгартиришлар киритган.

Улар орасида Ўзбекистон Жиноят-ижроия кодекси ҳам бор.

Ушбу кодексга киритилган янги ўзгартиришларга мувофиқ, манзил колонияларда жазо ўтайдиган маҳкумлар бундан кейин талаб қилинган кийим-кечак, ички кийим ва пойабзал билан республика бюджетидан таъминланмайди.

Бу ҳақда Ўзбекистон қонунчилигига ихтисослашган norma.uz веб-сайти хабар тарқатган.

Шунингдек, бундан олдин фақат маҳкама қарорлари бўйича маҳкумлар манзил колонияларига ўтказилган бўлса, бундан кейин эҳтиётсизлик туфайли жиноят содир этган ёки жазо сифатида озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмаган тутқунлар ҳам манзил колонияларида жазо муддатини ўтайдиган бўлади.

norma.uz веб-сайти бундан кейин Ўзбекистондаги умумий тартибдаги ва қаттиқ режимдаги қамоқхоналарда жазо ўташ тартиблари ҳам ўзгаргани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистон Сенати августдаги ялпи мажлисида Жиноят-Процессуал кодексига ҳам ўзгартириш киритган, бу ўзгартиришга биноан, мамлакатда уй қамоғи тартиби жорий қилинган.

Бу билан Ўзбекистондаги эҳтиёт чоралари турлари кўпайган.

Хабар қилинишича, гумон қилинган, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёши, соғлиги, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда уй қамоғи жазоси қўлланилади.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ