Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари яккама-якка учрашишади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Тожик расмийлари хабар қилишларича, Душанбе шаҳрида ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон яккама-якка учрашишлари мўлжалланган.

Бу икки қўшни давлат раҳбарларининг сўнгги тўрт йил мобайнидаги илк юзма-юз мулоқоти бўлиши хабар қилинган.

Жаноб Каримов ва жаноб Раҳмон МДҲ ёки Шанхай ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашувларида бирга қатнашишган, бироқ айнан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқаларни икки президент муҳокама қилмаганлар.

Охирги марта Ўзбекистон президенти Душанбега 2008 йилда, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитиди иштирок этиш учун борган.

Ўшандан буён Ўзбекистон билан Тожикистон алоқаларида совуқлашиш кузатилган.

Бунинг асосий сабаби Тожикистоннинг Роғун ГЭСини барпо этиш режаси бўлган.

Тожикистон президентининг собиқ маслаҳатчиси ва мухолифатдаги Социал-демократик партия раҳбари Раҳматулло Зойировнинг Би-би-сига айтишича, икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашишидан ҳеч ким фойда кўрмаган ва президентлар ҳозирда ҳамкорликнинг зарурлигини англаб етганлар.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Президент Каримов ва Президент Раҳмоннинг охирги юзма-юз мулоқоти 2010 йили Тошкентда Шанхай саммити доирасида бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Душанбедаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида Ўзбекистон ташаббускори бўлган Роғун лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш натижалари эълон қилинган.

Жаҳон банки жалб қилган экспертлар 12 та ҳисобот тайёрлаганлар ва якуний хулоса, агар экспертларнинг айрим тавсиялари инобатга олинса, Роғун тўғонини қуриш хавфсиз, деган хулоса бўлган.

Душанбедаги саммит доирасида Президент Ислом Каримов Россия Президенти Владимир Путин ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан музокаралар ўтказиши хабар қилинган.

Шанхай ташкилоти саммити Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати боис Ғарб билан муносабатлари таранглашган пайтда бўлиб ўтаяпти.

Олиймақом учрашув олдидан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Шанхай ташкилоти аъзолари сонини кўпайиши ҳақида айтган.

"Российская газета"да "ШҲТ сири" деб номланган мақола нашр қилинган.

Бу мақолада жаноб Лавров Душанбедаги саммитда ШҲТга янги аъзоларни қабул қилишнинг ҳуқуқий, маъмурий ва молиявий шароитлари муҳокама қилиниши ҳақида айтган.

Покистон, Ҳиндистон ва Эрон яқин кунларда Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотига қўшилиш имкониятига эга бўладилар, деб айтган Россия ташқи ишлар вазири.

Ҳозир бу мамлакатлар Шанхай ташкилотида кузатувчи мақомига эгалар.

Бу мавзуда батафсилроқ