Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳизб ут-Таҳрир фаоли халифалик борасида нима дейди?

Image caption Ислом абу Халил бир неча йилдан буён Швецияда истиқомат қилади

Ҳизб ут-Таҳрир фаоли Ислом абу Халил bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Ҳизб ут-Таҳрир тинч йўллар билан Ислом дунёсида ягона халифалик қуриш учун ҳаракат қилиб келади.

Ислом абу Халил 1984 йил Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида туғилган.

Оилали, уч фарзанднинг отаси.

2003 йилдан биён Ҳизб ут-Таҳрирга аъзо.

"Мен ер юзидаги барча инсонлар Аллоҳнинг қонунлари асосида яшаши шарт дея эътиқод қиламан," - дейди Ислом абу Халил. - Бугунги кунда Аллоҳнинг ҳукумларини ер юзида ҳукмрон қилишга ва унинг китоби ва пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.) йўлларига асосланиб, иш олиб бораётган жамоат бу - Ҳизб ут-Таҳрир бўлгани учун шу йўлда боришни танладим."

2004 йилнинг куз ойларида Россия хавфсизлик ходимлари томонидан уйида тинтув ўтказилганда, бир неча Ҳизб ут-Таҳрир китоблари топилган.

Ислом абу Халил экстремизм ва терроризм моддаларида айбланиб, яшаш жойидан чиқмаслик шарти билан озод қилинган.

2005 йил охирларида Россия хавфсизлик ходимлари томонидан такрор қўлга олиниб, тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Орадан бир йил ўтиб озодликка чиқарилган.

2008 йил Швецияда сиёсий бошпана олган.

Ҳозирда Швеция пойтахти Стокголмда истиқомат қилади.

Ислом абу Халил Ҳизб ут-Таҳрир сафларида фаол иш олиб бормоқда.

У Марказий Осиё ҳукуматлари Совет давридан қолган тузум асосида "халқни эзиб" бошқараётганини айтади.

"Улар халққа зулм қилганлари етмагандай ҳар-куни халқнинг қопини пуч ёнғоққа тўлдириб келишмоқда. Улар гоҳ Ғарбни гоҳ Россияни сиёсий ўйинлари ва режаларини амалга ошириш учун хизмат қилиб ўз халқини, сиёсий ҳам иқтисодий ҳамда фикрий ва маънавий инқирозга олиб келиб қўйди," - дея таъкидлайди Ислом абу Халил.

Унга кўра, "мусулмон халқ фақатгина Исломга қайтиш билангина юксакликга эришади".

Суҳбатнинг радио версиясини жума куни "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Бўстон, Ўзбекистон: 1. Ҳизб ут-Таҳрир халифалик қуришнинг амалий йўлини қандай кўради?

Ислом абу Халил: Исломий давлатни қайта тиклаш йўлини Ҳизб уч босқичга бўлди:

Биринчиси, Ҳизбнинг фикрати ва тариқатига ишонадиган шахсларни вужудга келтириб, ҳизбий уюшмани шакллантириш учун уларни тарбиялаш босқичи;

Иккинчиси, умматнинг зиммасига Исломни юклаш мақсадида унга таъсир ўтказиш босқичи, токи уммат Исломга ўзининг энг долзарб масаласи сифатида ёндашсин ва Исломни ҳаёт майдонида, давлат ишларида ва жамиятда юзага келтиришга ҳаракат қилсин;

Учинчиси, бошқарувни қўлга олиш, Исломни тўлиқ ва умумий сувратда татбиқ қилиб, уни бутун оламга Рисолат сифатида олиб чиқиш босқичи.

Аммо, биринчи босқич таъсис босқичидир.

Бу босқичда Ҳизбнинг ўзаги вужудга келади ва биринчи ҳалқа шаклланади.

Шу вақтдан бошлаб бу биринчи ҳалқа уммат вакиллари билан алоҳида-алоҳида кўришиб, уларга фикрат ва тариқатни тушунтира бошлайди.

Бу таъсис босқичида Ҳизбнинг фаолияти фақат сақофий жиҳатга чекланади.

Бутун эътиборини жисмини мустаҳкамлаш, аъзоларини кўпайтириш ва ҳалқаларда аъзоларининг онгини ўзини Исломий сақофати билан тартибли шаклда бойитиб боришга қаратади.

Ва ниҳоят, Ислом билан қоришиб, Ҳизбнинг фикрларини қабул қилган уммат фарзандларини ўзининг сафига қўшади.

Ўзининг ҳизбий уюшмасини шакллантирганидан сўнг, яъни жамият уни сезиб, фикрати ва даъват қилаётган фикрларини билгандан бошлаб, Ҳизб иккинчи босқичга кўчади.

Иккинчи босқичдан мақсад эса, умматга таъсир ўтказиш босқичидир.

Унга таъсир ўтказишдан мақсад, Ҳизб табанний қилган Ислом фикрлари ва аҳкомлари ҳақида умматда афкори омма ва раъйи оммани юзага келтириб, унинг зиммасига Ислом масъулиятини юклаш ва Исломга ўз тақдирини ҳал қиладиган ҳаёт-мамот масаласи сифатида ёндошишга ундашдир.

Токи уммат шу фикр ва аҳкомларни ўз фикрларига айлантириб, уларга амал қилсин ва, исломий ҳаётни янгидан бошлаш мақсадида Халифаликни тиклаб, мусулмонларга халифа сайлаш ва Ислом даъватини бутун оламга ёйиш йўлида Ҳизб билан бирга ҳаракат қилсин.

Чунки Халифалик масаласи нафақат ҳизбга балки, бутун умматнинг ўзига керак ҳаёт-мамот масаласидир!

Учинчиси, Ҳизб бошқарувни қўлга олиш учун амалда ёрдам беришга қодир яъни қувват эгаларидан ёрдам (Талаб ан-Нусра) излайди.

Ёрдам сўрашдан мақсад қуйидаги икки иш бўлиб, улар: биринчиси, Ҳизб даъватни кўтариб чиқаётганида хавф-хатарсиз фаолият кўрсатиши учун ҳимоя қилишларини талаб қилади;

иккинчиси, Ҳизб Халифаликни тиклаб, Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар асосида бошқаришни ҳаёт майдонига, давлат ишларига ва жамиятга қайтариш учун ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида ёрдам беришларини сўрайди.

Юқоридаги фикрлар Халифалик давлатини тиклаш тариқати бўлиб, у Расулуллоҳ с.а.в.нинг тариқатига асослангандир.

Ҳизб паралел ҳолатда халқ ва ҳарбийлар/қувват эгалари ўртасида фаолият олиб боради.

2. Мана ИШИД халифалик эълон қилди, аммо уни биринчилардан бўлиб рад этган ҳам Ҳизб ут-Таҳрир бўлди...

Ислом абу Халил: (Ҳозирда "Исломий Давлат" номини олган) ИШИД эълон қилган "Халифалик"ка келсак, унда давлат деб эътибор қилиш учун керак бўлган шаръий шартлар йўқ.

Шунинг учун ҳам Ҳизб умматга бу эълонни ношаръий эаканлигини баён этди.

Рустам, Норильск: Фараз қилайлик, сиз бутун дунёда Ислом динига асосланган халифат қурдингиз. Хўш, сиз масаланинг иқтисодий тарафини, бирон марта булса-да, уйлаб кўрганмисиз?

Ислом абу Халил: Ҳизб бу муаммолар ҳақида ўйлаб кўриш билан чекланмаган, аксинча аллақачон ечим бергани киришган.

Бу иқтисодий муаммоларнинг ечимларини Ҳизб ўзининг "Исломда иқтисодий низом", "Ислом давлати моллари" китобларида батафсил баён қилган.

Албатта, Ислом руҳий ва сиёсий дин бўлиб, инсонларга барча муаммоларнинг ечимини баён очиб берди.

Аллоҳ Қуръонда марҳамат қилиб айтади: "Ва сизга - ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни - Қуръонни нозил қилдик". [16:89]

Ислом бошқа мабдаларга ўхшаб инсонга бир рақам сифатида қарамай, балки унга "бир ижтимоий вужуд", дея ёндашади.

Шунинг учун Исломий давлат ижтимо, таълим, сиёсат ва жумладан иқтисодий низомни ҳам ўзида мужассам этади.

Бугунги кундаги иқтисодий муаммолар сунъий бўлиб, уларни капитализм ва капиталистлар ўзлари келтириб чиқарган.

Чунки инсоният мол-мулки уларнинг қўлларида жам бўлган.

Бу эса Исломда ҳаромдир ва давлат бундай ҳолатни юзага келишига йўл қўймайди.

Қашшоқликнинг сабаби коинотдаги табиий ресурсларнинг камлигида эмас, балки уларни қандай тақсим қилинаётганидадир.

Масалан, капитализм ва социализм мабдаларида мулкчилик тури икки хил бўлиб, улар шахсий ва давлат мулкидир.

Аммо Исломда мулкчилик тури учтадир: шахсий мулк, давлат мулки ва оммавий мулк.

Расулуллоҳ с.а.в дедилар: "Мусулмонлар уч нарса - сув, ўт-ўланда ва оловда шерикдирлар".

Бу ҳадисдан мусулмонлар табиий бойликларга шерик эканликлари ва давлат барча ер ости ва усти мулкларини, ўз фуқароларига тақсимлаши шартлиги тушунилади.

Чунки, бу нарсалар умматнинг мулкидир.

Шу билан қашшоқлик ёки ўта бойлик ривожланмайди, буларнинг ўртасидаги мувозанатни давлат ушлаб туради.

Ислом ўзида ҳақиқий адолатни мужассам қилган бўлиб, у бошқа тузумлардан мутлақ фарқ қилади.

Эътибор берсак, ғарбнинг бойликлари айнан мусулмонлар юртларидан ташиб чиқиб кетилган нефт-газ, олтин ва олмослар эвазигадир.

Озиқ-овқат етиштириш ва ғарбга экспорт қилиш буйича Судан ва Покистон давлатлари дунёда биринчилардан ҳисобланади.

Аммо, шунга қарамай, бу мамлакатлар аҳолиси қашшоқликда яшайди.

Бунинг сабаби эса уларнинг малай ҳокимлари ва капитализм тузумидир.

Яна бир ғарбннг иқтисодий кирим манбаси бўлмиш - оғир саноат, яъни қурол-аслаҳалар ҳам мусулмонлар ҳокимларига умматнинг пули эвазига сотилади.

Исломий давлат вужудга келганда эса бу нарсалар улардан сотиб олинмайди, аксинча давлатнинг ўзида ишлаб чиқарилади.

Тошпўлат ака, АҚШ: Ислом олами иқтисодий тараққиётида ғарб давлатларидан ниҳоятда ортда қолиб кетди. Уларга етиб олиш учун унда замина ҳам яратилмаган. Саудия Арабистони, Эрон ва Афғонистонда ва яқинда барпо этилган "Исломий давлат"да Аллоҳнинг аҳкомлари асосида Исломий давлат тизими яратилган, дейишади. Уларнинг аҳволини кўриб турибмиз. Улардан фарқли ягона Халифалик - намунавий Исломий давлат қуриш ваъдасини кафолатловчи омиллар нимадан иборат?

Ислом Абу Халил: Исломий давлатнинг ҳар бир жабҳадаги ривожини фақатгина Халифалик давлати Исломий мабдани ҳаётга татбиқ қилганидагина кўра оламиз.

Мабда фикрати ва тариқати соф Исломий ақидага асосланган тақдирдагина унда тараққиёт бўлади.

Халифалик намунавий Исломий давлат қуриш ваъдасини кафолатловчи омиллар эса Қуръон ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг сийратларидир.

Чунки Аллоҳ ўз каломида ер юзида халифа қилишини ваъда қилган бўлса, Расулуллоҳ с.а.в. Исломий давлатни амалда қандай бўлиши ва уни тиклаш тариқатини баён қилиб бердилар.

"...Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади", - деган ҳадислари бўлғусидаги Халифалик айнан у киши (с.а.в) тариқатларига асосланган бўлишига далолат қилади.

Чунки, ҳадисдаги "минҳож" сўзининг бир маъноси "йўл" бўлса, яна бир маъноси "дастур"дир.

Бундан мурод эса, Халифаликнинг тикланиши Расулуллоҳ с.а.в.нинг сийратларига асосланган бўлиши шарт деганидир!

Иззатулла Раҳматуллаев: Халифатда оддий меҳнаткаш ҳаётида нима ўзгаради ? Халифатда пенсия, пособия деган социал таъминот бўладими? Бошқа дин вакиллари Исломни қабул қилишни хоҳламаса, уларни тақдири нима бўлади ?

Ислом абу Халил: Ислом иқтисод илмига эмас, балки иқтисодий тузумга эътибор қаратади.

У муайян алоқаларга мувофиқ яшаётган инсон, деган нуқтаи назарда ҳар бир шахснинг асосий муаммоларини ҳал қилиш ҳамда унга турмуш даражасини кўтариши ва яшаш тарзига хос фаровонликка эришиши учун имконият яратиб беришни давлат зиммасига юклайди.

Унга нафақа қилувчилар бўлмаса, унинг таъминотини байтулмолга юклайди.

Давлатга шахснинг эҳтиёжидан ортмайдиган молидан солиқлар олишни ман қилади.

Шу жиҳати билан у бошқа иқтисодий сиёсатлардан фарқ қилади.

Ҳар қандай фуқарога - у хоҳ оддий меҳнаткаш бўлсин, хоҳ давлат мулозими - давлат томонидан эътибор қаратилиши ҳаётни яхшилаш кафолатидир.

Жамиятнинг қандай бўлиши лозимлиги тўғрисидаги қарашини турмуш ва фаровонликка бўлган қарашига асос қилиб олиши эса жамият тараққиётига сабаб бўлади.

Ислом ҳеч бир инсонни Исломни қабул қилишга мажбурламайди: ғайридинларга ўз эътиқод ва ибодатларида умумий низомга мувофиқ амал қилишларига рухсат беради.

Ғайримусулмонларга озиқ-овқат ва либосларга тааллуқли бўлган ишларда - шариат аҳкомлари ижозат берган доирада - ўз динларига мувофиқ муомала қилинади.

Турмуш қуриш ва ажралиш муносабатлари ғайримусулмонлар ўртасида уларнинг ўз динлари бўйича ажрим қилинади.

Улар билан мусулмонлар ўртасидаги муносабатлар эса Ислом аҳкомлари бўйича ҳукм этилади.

Давлат булардан бошқа шаръий ҳукмларни ва муомалот, уқубот (жазо чоралари), баййинот (жиноятни исбот қилиш ҳужжатлари), бошқарув ва иқтисод низомлари ҳамда бошқаларга оид бўлган Ислом шариатининг ҳамма ишларини барчага - мусулмон ва ғайримусулмонларга - бирдек ижро қилади.

Шунингдек, юқоридаги ҳукмларни раийятнинг ҳар бир шахсига ижро қилганидек, Ислом ҳокимиятига бўйсунувчиларнинг ҳар бирига ҳам қўллайди.

Фақат дипломатик дахлсизликка эга бўлган ваколатхона ходимлари, консуллар, элчилар ва шу кабилар бундан мустасно.

Alexander DeLarge: Ҳизб ут-Таҳрир Ўзбекистон келажак сиёсий тузумининг қайси шаклда бўлишини хоҳлайди? Яъни, динни афзал деган халқ алоҳида ва қолганлар ҳам алоҳида бўлишиними ёки ҳамма дин қонунига таслим бўлишиними?

Ислом абу Халил: Нафақат Ўзбекистондаги келажак, балки ҳар қандай инсон фарзанди ўзи яшаб турган жамиятни фаровон бўлишини ва ўзининг инсоний эҳтиёжлари яхши қондирилишини хоҳлайди, шундай эмасми?!

Лекин, масала шу фаровон ҳаётни жамиятда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам яхши амалга ошириб берадиган тузумда.

Бу тузум қайси тузум?

Бошқа тузумларни буни амалга ошириш эмас, балки балоларни асосчилари эканлиги ҳаммага аниқ бўлиб қолди.

Ислом тузумигина буни амалга ошира олади, хоҳ ижтимоий соҳада бўлсин, хоҳ иқтисодда бўлсин, хоҳ бошқасида бўлсин, бошқарувда ҳамма бирдек битта қонунга бўйсуниши, унда ҳукмдорлар қонун ташқарисида бўлиб олишларининг имкони йўқлиги ва порахўрликни ҳаромлиги ҳаётни тарақиётига олиб боради.

Воҳид Мамажонов: Ўзбекистон тараққиёти учун қандай лойиҳа тақдим эта оласиз?

Ислом абу Халил: Бир мамлакатни хомашё базаси бўлиши ҳеч қачон тараққиётга етарли йўл эмаслиги маълум, энди саноатлашган давлат бўлишга, оғир саноатни, ҳарбий соҳани ривожлантиришга эса БМТ рухсат бермайди, чунки БМТ мустамлакичилар фойдаси учун бир қурол бўлиб, ҳеч бир давлатни уларга қарамликдан чиқиб кетишига йўл қўймайди.

Буни Сурия мисолида кўришимиз мумкин.

Демак, улар ҳар қандай шартномани ўзларига қарамлик асосида ишлаб чиққан программа бўйича тузишади.

Бундан бир мамлакат ўзича якка ҳолда чиқиб кетиши амри маҳол.

Буларнинг чангалидан қутилиш учун бир неча ўлка бир мафкура асосида биргалашиб, қарши курашмоғи лозим.

Буни фақат Ислом асосида амалга ошириш мумкин.

Бекзод Бек: Ҳозирги ёшлар, ёши катта инсонлар замонавий ҳаётдан воз кечишни хоҳламайди. Уларни замонавий ҳаётдан воз кечиб, исломий давлатга мослашишига Ҳизб ут-Таҳрир кафолат бера оладими?

Ислом абу Халил: Ислом илм-фан ва унинг ривожланиши ҳамда саноат ва унинг тараққиётидан дунёга келадиган маданий шаклларга ҳеч қарши чиқмайди, балки давлат буни ривожлантириб, тартибга солишни ўз вазифаси деб билади.

Раийятнинг барча шахслари ҳаётнинг ҳамма соҳаларига тааллуқли бўлган илмий лабораториялар очиш ҳуқуқига эгадирлар.

Аслида бундай лабораторияларни очиш давлатнинг вазифасидир.

Фан ва саноатлар - савдо-тижорат, денгизчилик ва деҳқончилик каби, бир жиҳатдан билимлар туркумига қўшилиб, ҳеч қандай қайд ва шартларсиз олинаверади.

Мусаввирлик ва ҳайкалтарошлик кабилари эса ўзига хос нуқтаи назар билан таъсирланган вақтда сақофат туркумига қўшилиб, агар Ислом нуқтаи назарига зид бўлса, олинмайди.

Фикр, тиббиёт, геометрия, кимё, ихтиро, кашфиётлар ва бошқа илм-маориф соҳаларида изланишни давом эттиришни хоҳловчиларга имконият яратиб бериш учун мадраса ва университетлардан ташқарида кутубхоналар, лабораториялар ва бошқа маoрифат воситаларини муҳайё қилади.

Токи уммат орасида кўп миқдорда мужтаҳидлар, ихтирочилар ва ижодкорлар етишиб чиқсин....

Бунинг мисоли тарихда яққол намоён бўлган.

Ислом давлатида минг йил аввал тараққиёт бўлган.

Оврўпада ботқоққа ботиб юришган пайтда Исломий давлатда, шифохона, кутубхона, таълим олиш муассасалари бўлган эди, ҳамда бугунги куннинг илмий тараққиётига Исломнинг қўшган ҳиссаси жуда ҳам катта.

Бугунги кунда Ҳизб сафида юз минглаб олий маълумотли мутахассислар ва дунёнинг машҳур олигоҳларида таҳсил олаётган талабалар бор.

Улар ҳам дунё тараққиётига ҳиссаларини қўшиш учун ҳаракат қилишади ва Исломий давлат тикланганда бошқа ёшларга намуна бўлишади.

Демак, сиз айтаётган ёшларга хақиқий тараққиёт нима эканлигини англаб етишларига имкон берилади.

Булар Ҳизб ут-Таҳрирнинг ўзи уйлаб топган қонун-қоидалар эмас, балки ҳаммаси Қуръон ва Ҳадислардан ишлаб чиқилган саҳиҳ ижтиҳодлардир.

Жамил, АҚШ: Нега ҳозирги замон уламолари сизларнинг партиянгизни қўллаб-қувватламайди? 2. Сиз ўзларингизни аҳли Сунна вал Жамоат дея оласизми?

Ислом абу Халил: Уламо деганда уларни қайсиниси, деган савол келиб чиқади.

Чунки бугунги кунда умматга уламо дея кўрсатилаётганларнинг кўпи сарой уламоларидир.

Улар Аллоҳдан қўрқиш ўрнига ўз ҳокимларидан қўрқиб, умматга жуда катта кечириб бўлмайдиган хиёнатлар қилишаябди.

Мен уламоларни барчаси ёмон демоқчи эмасман.

Улар орасида жуда холис бўлганлари, уммат ва динга хизмат қилаётганлари жуда ҳам кўп.

Ҳизб 2009 йил Индонезияда "Уламолар конференцияси"ни ўтказди ва у ерда дунёнинг кўплаб нуқталаридан 7000 уламо қатнашди.

Уларнинг кўпчилиги Халифаликни тиклашга фаолият олиб боришда Ҳизбга байъат беришди.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳозирда ана шу уламолар умматни уйғотишда катта хизматлар қилмоқдалар.

Бундан кўриниб турибдики, уламолар Ҳизбни қўллаб-қувватламайди, дейиш нотўғри.

Ундан ташқари Ҳизбда жуда кўп олимлар етишиб чиққан ва Ҳизб Аллоҳ ва Расули с.а.в.дан бошқанинг гувоҳлигига муҳтож эмас!

Халифалик эса Ҳизбга эмас, балки биринчилардан бўлиб, умматга ва уламоларга керак.

Уламолар - пайғамбарлар ворислари.

Уларнинг хақиқий ворис бўлишлари учун Халифа уларга кафолат бўлиши лозимдир.

Улуғбек: Сиз Исломий бўлмаган, аммо адлия тизими ўта оммалашган мамлакатлардан Иислом учун ва ўзингиз учун нималарни ўргандингиз?

Ислом абу Халил: Оврўпадаги халқни яшаш тарзи ва улар кўтариб юрган фикрларидан келиб чиққан қонунлардан нимани ҳам кутса бўларди?!

Ислом ва капитализм тузумини яхши тушунган одам учун бу ерлардаги қонунчилик хатолари яққол кўриниб туради.

Инсон ўйлаб топган қонунлар бир-бирига зид келиб, хилма-хил ечимларга олиб келади.

Натижада, жабрланувчи ҳам айбланувчи ҳам ечимлардан қониқмайди.

Ўзлари тўғри ечимга муҳтож бўлганлардан нимани ўрганса бўлади?!

Аллоҳга шукрки, бизнинг динимизни тўла-тўкис қилиб бергани учун фақатгина Исломдан ечим олишга ўргансак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Аллоҳ қуръонда айтади: "Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим". [5:3]

Адмирал Кейс: Қани айтингчи биродар, Ҳизб-ут-Таҳрир асосчиси ким? Молиявий таъминоти қайси давлат ҳисобидан?

Ислом абу Халил: Ҳизб ут-Таҳрирнинг асосчиси олим-аллома, Тақийюддин ибн Иброҳим ибн Мустафо ибн Исмоил ибн Юсуф Набаҳонийдир (Раҳимаҳуллоҳ).

Фаластиндаги бадавий араблардан бўлган Бани Набаҳон қабиласига нисбат берилиб, у киши "Набаҳоний" дейилди.

Шайх Тақийюддин 1928 йилда ал-Азҳарнинг иккинчи босқичига ўқишга кириб, уни шу йилнинг ўзидаёқ аъло баҳолар билан тамомлаб, "Ғурабо" дипломини олди.

Шундан кейин "Дорул улум" куллиясига ўқишга кирди.

Бу куллия ўша пайтда ал-Азҳарга қарарди.

Бундан ташқари, шайх Азҳари шарифдаги илмий халқаларда ҳам қатнашар, чунки Азҳардаги эски дарс низоми бунга рухсат берар эди.

Бу халқаларда Шайх Муҳаммад ал-Хозр Ҳусайн каби таниқли шайхлар дарс ўтар эди.

Уларни Шайхга бобоси тавсия қилганди.

Шайх Набаҳоний Азҳарнинг эски низоми билан "Дорул улум"ни ўзида жамлаганига қарамай, жидду-жаҳд ва ҳаракатда устунлик ҳамда мумтозлик намунасини кўрсатди.

У ўзидаги чуқур фикр, устун раъй, баҳс-мунозараларда кучли ҳужжат келтириши билан танилиб, тенгдошлари ва муаллимлари эътиборини ўзига тортди.

Қоҳирадаги ва бошқа мусулмон юртлардаги илм даргоҳлари эса ўша пайтда бундай баҳс-мунозаралар билан тўлиб-тошган эди.

Шайх Набаҳоний олган шаҳодатномалар: Азҳарнинг иккинчи босқичи шаҳодатномаси, Азҳардан берилган "Ғурабо" шаҳодатномаси, Қоҳирадаги "Дорул улум" куллияси томонидан берилган араб тили ва адабиёти бўйича диплом.

Шайх Азҳарга қарашли шаръий қозилик олий маъҳади томонидан берилган қозилик дипломига ҳам эга бўлган.

У Азҳарни 1932 йилда шариат ихтисоси бўйича олий диплом билан битирган.

Ҳизб ут-Таҳрир ҳеч қайси давлат ёки ташкилотдан бугунги кунга қадар моддий ёрдам олмаган ва олмайди ҳам.

Ҳизб молиявий таъминотни фақатгина ўзининг аъзоларидан олади!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02