'Сув урушга ҳам, тинчликка ҳам сабаб бўлиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Фарғона водийсида сув можароси юзасидан кучайиб бораётган тангликни юмшатишнинг йўли бор: Бунинг учун Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон сув ва электр энергиясидан бир-бирларига босим ўтказиш қуроли сифатида фойдаланмасликлари лозим.

Бунинг ўрнига, бу уч қўшни давлат асосий эътиборларини мавжуд муаммога биратўласига барҳам бериш умидида камида икки томонлама келишувларга эришишга қаратишлари керак.

Бундай тавсия билан Халқаро Инқироз Гуруҳини ўзининг "Марказий Осиёдаги сув босими" номли янги ҳисоботида чиққан.

Аммо, гуруҳнинг Марказий Осиё бўйича лойиҳаси раҳбари Дейрдре Тайнаннинг айтишича, "коррупция, яширин манфаатлар ва ҳар уч давлатнинг бир-бирларига ён бермаслик мавқеи мавжуд муаммога ўзаро мақбул ечим топишга тўсқинлик қилади".

Унга кўра, бунинг ўрнига, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳасини ҳамкорликда ислоҳ қилишга асосий эътиборларини қаратишса, бу - ҳар уч давлат учун ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Лекин, Халқаро Инқироз Гуруҳи юқори мартабали вакилининг айтишича, бу - минтақа давлатлари лидерларининг ўз мавқеъларини кескин ўзгартиришларини тақозо этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Гуруҳ, ўз ўрнида, Марказий Осиёда сув нега муаммога айланаётгани юзасидан ўз таҳлили тафсилотларига тўхталади.

"Минтақанинг икки давлати: Қирғизистон ва Тожикистонда сув керагидан ортиқ. Қолган уч давлат эса, Марказий Осиёдаги икки йирик чегаралароша дарё: Амударё ва Сирдарёдан керагича сув олишмаётганини таъкидлашади. Худди шу боис, айниқса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда танглик кучайиб бормоқда", - дея хулоса қилади Халқаро Инқироз гуруҳи.

Ўтган йил эса, АҚШ Миллий Жосуслик Кенгаши 2030 йилга бориб, сув захиралари Марказий Осиёда ҳам ичкию ташқи низоларнинг энг асосий омилига айланиши мумкинлиги билан огоҳлантирганди.

Кенгаш ўзининг йиллик ҳисоботида ўша пайтга бориб, сув захиралари минтақа давлатлари учун қолган барча фойдали қазилмалардан кўра ҳам муҳимроқ аҳамият касб этишини таъкидлаганди.

Унда айтилишича, "Сув манбалари юзасидан асосий танглик камари Шимолий Африка, Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё орқали шимолий Хитойгача боради".

АҚШ Миллий Жосуслик Кенгаши ҳисоб-китобларга қаралса, ушбу минтақаларда сув захиралари юзасидан тангликнинг келиб чиқиши учун сув таъминоти йилига киши бошига 1.700 кубометрдан пастга тушиб кетишининг ўзи кифоя қилади.

Уларга кўра, бу гал шунга ўхшаш можаролар вужудга келган тақдирда, аксарият ҳолатларда уларнинг тинч йўл билан якун топишига етаклаган ўтмиш тажрибаси ҳам иш бермаслиги мумкин.

"Марказий Осиёдаги сув босими"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Халқаро Инқироз Гуруҳининг янги ҳисоботида айтилишича, 2000 йилдан буён Марказий Осиё аҳолиси қарийб 10 миллионга ортган.

Шундоқ ҳам кам бўлган ҳосилдор ерлар эса, ҳаддан зиёд фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини юритишнинг эскича усуллари сабаб, ўлиб бормоқда.

Кенг илдиз отган коррупция, мавжуд инфратузилмаларнинг сув исроф бўлишининг олдини олишга яроқсизлиги ва иқлим ўзгариши минтақа учун узоқ муддатли салбий оқибатларга эга бўлиши мумкин.

Чунки иқтисодиёт заифлашиб бормоқда, бундан ташқари, минтақада миллатчилик кучаймоқда, чегара можаролари бўй кўрсатмоқда. Буларнинг барчаси натижасида минтақадаги сув муаммосига ўзаро мақбул ечим топиш ҳам қийинлашиб бормоқда, дея хулоса қилинади янги ҳисоботда.

Аммо, Халқаро Инқироз Гуруҳига кўра, минтақа лидерлари мавжуд жиддий муаммоларнинг бирортаси юзасидан ҳамкорликка боришга мойилдек кўришмайди.

Аксинча, уларнинг орасида ўзаро ишончсизлик кучайиб бормоқда, дейди ташкилот.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

"Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги шахсий муносабатлар, йилларки, ўта совуқлигича қолмоқда. Каримов билан баробарида вазирлари ҳам кўпроқ огоҳлантирувчи руҳдаги баёнотлар билан чиқишга мойил. Агар, минтақа давлатлари ўзларининг тор доирадаги шахсий манфаатлари билан ўралашиб қолишса, уларга кўмак бериш учун Россия, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ каби халқаро ҳамкорларининг қўлларидан ҳам деярли ҳеч нарса келмайди", - дейди гуруҳ.

Гуруҳ экспертлари, ўз ўрнида, донорлар кўмаги билан минтақада сув таъминотини яхшилашга қаратилган айрим маҳаллий саъй-ҳаракатлар иш берганини ҳам эътироф этишса-да, коррупция янада йирикроқ лойиҳалар ижросини бир тийинга чиқарганини ҳам алоҳида таъкидлашади.

Аммо, шунда ҳам, Халқаро Инқироз Гуруҳи сув муаммоси Марказий Осиёда тинчликка хизмат қилиши эҳтимолини назардан соқит этмайди.

Халқаро ташкилотга кўра, сув ва электр энергиясининг адолатли тақсимоти ва айирбоши барча томонларга сезиларли фойда келтирмай қолмайди.

Минтақадаги мавжуд сув муаммосининг ечилиши чегараоша низоларни юмшатиш ва ҳатто, буткул ҳал этишга ёрдам беради.

Сув таъминоти билан боғлиқ инфратузилманинг яхшиланиши минтақадаги тинчлик ва сиёсий барқарорлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодини юксалтириб, тараққиётига хизмат қилиши мумкин, дея хулоса қилади Халқаро Инқироз Гуруҳи.

Вазият урушгача борадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Маҳаллий таҳлилчилар ҳам сув захиралари юзасидан айрим Марказий Осиё давлатлари орасида аллақачон келишмовчиликларнинг мавжудлиги, аҳоли сонининг ортиши ва энергия маҳсулотларига бўлган талабнинг кучайиши мавжуд низоларни янада оловлантириши эҳтимолини инкор этишмайди.

Аммо, айрим сиёсий таҳлилчиларнинг айтишларича, минтақа давлатлари сув устидан қуролли урушлар танловигача боришмайди.

Уларга кўра, мавжуд сув муаммосининг ечимлари ҳақида фақат Марказий Осиёда яқин йилларда кутилаётган ўзгаришлардан кейингина сўз юритиш мумкин бўлади.

Яқинда Лондонда нашр этилувчи нуфузли "Экономист" ҳафталиги ҳам сув устидан бўлаётган айтишувлар Марказий Осиёдаги шундоқ ҳам қалтис вазиятни издан чиқариб юбориши мумкинлигини башорат қилганди.

Ҳафталикка кўра, мавжуд вазият Нато мулозимларини ташвишга солмай қўймаган.

Чунки минтақадаги уч давлат Афғонистондаги халқаро иттифоқ кучларининг таъминотида муҳим ўрин тутишади ва Натонинг Афғонистондан ортга сафарбарлигида ҳам катта роль ўйнашлари кутилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса, Қозоғистонга қилган сўнгги сафарларидан бирида Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб, "вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимол"и билан огоҳлантирганди.

Ўзбекистон раҳбарининг бу баёноти эса, минтақадаги айрим давлатлар томонидан хавотир билан ҳам қарши олинганди.

Расмий Тошкент, йилларки, "чегаралароша дарёлар масаласида минтақа давлатлари жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ тутиши лозим"лигини таъкидлаб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ