Президент Каримов Украина инқирози ҳақида нима дейди?

Ўзбекистон раҳбарига кўра, вазиятни барқарорлаштириш учун Украина ва Россия бевосита музокаралар олиб бориши керак.

Аммо, президент Каримовнинг қўшимча қилишича, бу каби музокаралар чоғида Россиянинг минтақадаги қизиқишлари, албатта, инобатга олинмоғи лозим.

Ўзбекистон президенти бу ҳақда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Душанбедаги саммити чоғида баён қилган.

Унинг чиқиши Тожикистон Давлат телевидениеси томонидан тўғридан-тўғри олиб узатилган.

Агар, президент Каримовнинг сўзларига таянилса, у бу сўзларни бутун Ўзбекистон номидан гапирган.

Ислом Каримов ўз чиқишида Украина инқирозига ечим топишга қаратилган сўнгги Минск ечими натижаларини хуш қаршилашини таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари, ўз ўрнида, Украина муаммоси тинч йўлда ҳал этилиши кераклигини яна бир бор таъкидлаган.

Президент Каримов бу масалада ҳар икки томоннинг таклиф ва ташаббуслари назарда тутилиши лозимлигини айтаркан, Россиянинг манфаатларига алоҳида эътибор қаратган.

"Украина муаммосига оид ҳар қандай музокарада, албатта, Россиянинг тарихан шаклланган манфаатлари ҳам ҳисобга олиниши лозим. Қайтараман, Россиянинг минтақадаги манфаатларини менсимаслик, жуда жиддий хато бўлади", - деб баён қилган Ўзбекистон раҳбари.

Ўз ўрнида, жаноб Каримовнинг таъкидлашича, музокаралар чоғида Украина ва Россия орасидаги муносабатларни шакллантирган воқеъликлар ҳам эътибордан қочирилмаслиги керак.

Каримов ва Украина инқирози

Фото муаллифлик ҳуқуқи foreign policy

Бу - Ўзбекистон раҳбарининг Украина инқирози юзасидан илк бор бу каби баёнот билан чиқиши эмас.

Жаноб Каримов, жумладан, шу йил май ойида Латвия президенти билан Тошкентдаги учрашуви чоғида ҳам бу масалага алоҳида тўхталиб ўтганди.

У Украина инқирозини ечишга қаратилган музокаралар жараёнини тезлаштиришга чақирган, Россия ва Украина орасидаги мавжуд зиддият барча собиқ Совет давлатлари бўйлаб хавотирларга сабаб бўлаётганини ҳам эътироф этганди.

Президент Каримов Тошкентда ҳам Украина ва Россия орасидаги бевосита музокараларнинг муҳимлигини урғулаганди.

Ўзбекистон президенти бу икки давлат ўртасидаги мавжуд қарама-қаршиликка "ғайритабиий", деб баҳо берган, аммо зиддиятнинг бир кунда пайдо бўлиб қолмаганига эътибор қаратганди.

Ислом Каримовга кўра, Украина инқирози "жуда ҳам жиддий англашилмовчиликлар ва жиддий муаммолар маҳсулидир".

Ўзбекистон Президенти ўшанда зиддиятга "катта давлатларнинг аралашгани" хавотирларни янада кучайтирганини алоҳида таъкидлаганди.

Расмий Тошкент аввалбошдан Украина инқирозининг тинч йўл билан ечилиши тарафдори эканликларини урғулаб келади.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Украинанинг ҳудудий бутунлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилувчи баёнот билан чиққан эди.

Ўзбекистон минтақада Қримнинг Россияга қўшиб олинишини тан олмаган ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигига тажовузни очиқчасига қоралаган ягона давлат бўлади.

Ўзбекистон нимадан хавотирда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Агар, яқинда айрим Ғарб нашрларида чоп этилган таҳлилий мақолаларга таянилса, Украина инқирози энг кўп Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини хавотирга солган бўлиши мумкин.

Дейлик, Американинг нуфузли "Вашингтон Пост" газетасининг ёзишича, "Украина раҳбари Виктор Януковичнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган Оврўмайдондаги намойишларнинг муваффақияти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини ўз ҳокимиятларининг қанчалик мустаҳкамлиги борасида хавотирга солиб қўйган бўлиши шубҳасиз".

Мақола муаллифлари наздларида "Оврўосиё" инқилоби сабаб, Марказий Осиё раҳбарлари ўз курсиларини йўқотишдан ташқари, ўзларидан қолаётган мерос ҳақида ҳам ташвишга тушиб қолган бўлишлари аниқ.

Уларга кўра, устига устак Қрим ҳодисаси минтақа лидерлари учун Россиянинг ўз "яқин хорижи"га нисбатан қандай иш тутиши мумкинлигини англатади.

Минтақавий таҳлилчиларнинг айтишларича эса, худди шу манзарада Россия Президенти Владимир Путиннинг “Қозоғистон учун катта рус дунëсининг бир қисми бўлиш фойдали” экани ва “Қозоқларда ҳеч қачон давлатчилик бўлмаган”ига оид яқиндагина айтган сўзлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини янада ҳушёр торттирган бўлиши тайин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ