Ucellнинг пахта кампаниясига 50000 доллар ажратишдан ўзга чораси йўқ

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com

Ўзбекистондаги шўъба корхонасининг можароли фаолияти боис вазиятни ўрганиш учун Тошкентга борган Teliasonera мобил алоқа ширкати акционерлари ўзлари учун яна бир кутилмаган янгиликдан воқиф бўлганлар.

Ўзбекистонда фаолият юритадиган хорижий ширкатдан ҳам пахта йиғим-теримида қатнашиш талаб қилинади.

Хусусан, Ucell ширкатининг олдига уч шарт қўйилган: "ё ходимларингни пахта теришга олиб чиқасан, ёки пахта териш учун далага чиққанларнинг ҳақини тўлайсан ёки пахтакорларнинг озиқ-овқати ва кўнгилхушлигига ҳомийлик қиласан!"

Швециядан борган акционерларга Ucell ходимлари айтишларича, далада пахта тераётганлар учун ош пишириш ёки ташкил қилинган кўнгилхушлик учун йилига 50000 АҚШ долларига тенг маблағ ажратишга рози бўлишдан ўзга чоралари қолмаган.

Бу ҳақда Би-би-сига яқинда Тошкентга бориб қайтган Карина Лундберг Маркоу маълум қилди.

Карина Лундберг Маркоу Швециядаги Folksam суғурта компаниясида корпоратив масъулият бошқармаси раҳбари ҳамда Teliasonera ҳиссалари эгаси ҳисобланади.

Маркоу хоним бизнес ахлоқи учун масъул шахслардан.

Маркоу хоним айтишича, сўнгги икки йил давомида Швециянинг давлат назоратидаги Teliasonera ширкати вакиллари Тошкентда бўлишмаган ва сармоядорлар Teliasoneraнинг бугунги кундаги шўъба корхонаси Ucell Ўзбекистондаги бизнес фаолияти нақадар шаффоф амалга оширилаётгани билан қизиқишган.

"Ucell ходимлари жуда очиқ бўлдилар ва бизни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтардилар", деди Би-би-си билан суҳбатда Карина Лунберг Маркоу.

Бундан олдин Teliasonera Гулнора Каримованинг "Форум" жамғармаси тадбирларига ҳомийлик қилганини эътироф этган ва шунинг учун ҳам Тошкентга борган сармоядорлар Ucellнинг ҳомийлик фаолияти ҳақида сўрашган.

"Улар пахта йиғим-теримида иштирок этиш учун олдиларига уч йўл қўйилганини айтдилар. Биринчиси, Ucell ходимларини пахта териш учун далага олиб чиқиш. Ucell буни қилмаган. Иккинчиси, ўз ходимларини пахта теришга юборган ширкатга ҳақ тўлаш. Ucell буни истамаган. Учинчи йўл, уларнинг таъбири бўйича овқатланиш ва кўнгилхушлик бўлган. Улар ана шу учинчи йўлни танлаганлар. Уларнинг айтиши бўйича, бу ширкатга йилига 50000 АҚШ долларига тушган. Биз бу ахборотдан ҳайратга тушдик. Лекин уларнинг(Ucell ходимларининг) айтишича, Ўзбекистонда фаолият юритадиган ҳамма хорижий ширкатлар учун бу мажбурийдир", деди Карина Лунберг Маркоу.

"Мен бу каби ҳомийлик фаолияти Teliasoneraнинг ўз бизнес фаолиятида инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш сиёсатига тўғри келадими, деб сўрадим, бироқ бу саволимга жавоб ола олмадим", дейди Маркоу хоним.

Карина Лундберг Маркоунинг Би-би-сига айтишича, балки ушбу ҳомийлик фаолиятидан Teliasonera раҳбариятининг хабари йўқдир.

У Teliasonera раҳбариятига расман хат ёзиб, ушбу масалани кўтариш ниятида эканини айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ