Исроил полицияси Тошкентга йўл олган икки шахсни ҳибсга олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Бен-Гурион" жаҳондаги энг қаттиқ қўриқланадиган аэропортлардан бири ҳисобланади

Исроил полициясига кўра, душанба куни Тел-Авивдан Тошкентга учаётган "Ўзбекистон Ҳаво Йўллари"га қарашли учоқнинг гиёҳванд моддалар ва ўқ-дори олиб ўтишга уринган икки йўловчиси ҳибсга олинган.

Йўловчилардан бири Исроил, иккинчиси эса Ўзбекистон фуқароларидир.

Ўзбек ҳаво йўлларининг Тел-Авивдаги вакили Би-би-сига ҳибсга олинган ўзбекистонликнинг аёл киши эканини тасдиқлади.

Унинг айтишича, қўлга олинган исроиллик эркак билан ўзбекистонлик аёл "бир-бирига алоқаси йўқ икки йўловчи" бўлишган.

Ўқ тўла қўғирчоқ

Душанба кунги ҳодиса тафсилотларини ўрганган Jerusalem Post рўзномаси мухбири Даниэл Ейзенбаднинг Би-би-сига айтишича, Исроил полицияси ҳозирда икки асосий фаразни кўриб чиқмоқда.

Булар-контрабанда ва учоқни олиб қочиш режаси.

Журналистнинг сўзларига кўра, шахси ошкор этилмаган 33 ёшли исроиллик эркак учоққа ичига ўқ тўлдирилган қўғирчоқни олиб чиқмоқчи бўлган вақти ушланган.

"Хавфсизлик ходимлари қўғирчоқни фош этишган пайт бу шахс қочишга ҳаракат қилган, лекин бир неча дақиқанинг ўзидаёқ ҳисбга олинган. Уни сўроққа туган вақтлари, у қўлидаги халтада нима борлигидан хабари бўлмаганлиги, бу юкни унга ўзи танимаган бир аёл йўловчи берганлигини айтган. Унга кўра, аёл қўлидаги юки кўпайиб кетганлигини айтиб, ёрдамлашиб юборишни илтимос қилган. Шундан кейин расмийлар ўша аёлга ва учоқдаги бошқа барча йўловчиларга тегишли ююкларни обдан қайта текширишган ва гиёҳванд моддалар ҳамда ўқлар солинган қатор ўйинчоқларни топганлар. Айтилишича, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл йўловчининг юклари орасидан топилган. Оқибатда учиш вақти кечиктирилган, иккала шахс ҳам полиция томонидан сўроқ қилинмоқда", -дейди исроиллик журналист.

Қаттиқ қўриқланадиган аэропорт

Ҳодиса юз берган "Бен-Гурион" аэропорти Исроилнинг энг қаттиқ қўриқланадиган аэропорти ҳисобланади.

Минтақадаги беқарор вазиятга қарамай, у ерда ҳеч қачон террорчилик ҳужуми рўй бермаган.

Jerusalem Post мухбири Даниэл Ейзенбаднинг айтишича, афтидан, бу гал ичига гиёҳванд моддалар ва ўқлар солинган юклар дастлабки текширувдан ўтиб кетишга муваффақ бўлган.

"Мана шуниси жуда ноодатий", - дейди журналист.

Унинг айтишича, ҳозирда ҳам Ўзбекистон ва ҳам Исроил томонидан бу шахслар билан бирга уринишда бошқа шахсларнинг ҳам иштироки борми-йўқми, деган савол юзасидан текширувлар олиб борилиши аниқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02