Гулноранинг воизи: "Швейцарияда ўзини ҳимоя қилишга изн берилсин"

Гулнора Каримовадан олингани ишонилган охирги суратларда қўриқчилар Ўзбекистон президентининг тўнғич қизининг йўлини тўсиб, юришга изн бермаётгани намоён бўлади. Бу суратлар Гулнора Каримова ҳибсда сақланаётган уйида олингани ишонилади.

Суратларнинг иккисида Каримова хоним қўриқчилар билан афтидан айтишаётгани, улар эса бевосита унинг қўлидан ушлаб турганлари акс этган.

Бир вақтлар отаси Ислом Каримовнинг меъросхўри деб кўрилган, ҳамда йирик бизнес империясига эга бўлган Каримова хоним ўтган ой оммага қилган аудио-мурожаатида ўзи ва 16 ёшли қизи Иймон "итлардан баттар" аҳволда ушлаб турилганлари ва тиббий ёрдамга муҳтож эканликларини айтган.

Гулнора Каримовадан олинаётган маълумотларни Лондонда жойлашган "Дейвидсон, Раян, Дор" ('Davidson, Ryan, Dore') пиар ширкати тарқатмоқда. Ширкатнинг асосчиларидан бири Локсли Раян Каримова хонимнинг воизи сифатида амал қилаяпти.

Жаноб Раян Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Каримова хоним қисматига халқаро эътиборни қаратиш ва ҳуқуқ устиворлигини таъминлаш учун иш олиб бораётганини айтди. Би-би-си аввало ундан айнан ким уни ёллаганини сўради.

Раян: Бизни уч ой аввал ёллашди. Бизни Гулноранинг оиласи ва дўстлари ёллашди. Халқаро миқёсда.

Би-би-си: Демак, уларнинг ичида Гулнора Каримованинг Лондондаги ўғли Ислом ҳам бўлса керак?

Раян: Сизни ажаблантирмаса керак, мен бу жараёндаги шахсларни очиқлаб ўтирмайман.

Би-би-си: Гулноранинг воизи сифатида унинг ўй-фикрлари ва унинг аҳволи ҳақидаги маълумотни оммага етказишингиз керак. У билан бевосита боғланиш имкони борми сизда?

Раян: У билан боғланишнинг қатор йўллари бор бизда. Ўзингизга маълум бўлса керак, бу жуда ҳам мушкул. Лекин, бундан ташқари, сизга бирон тафсилотни бера олмайман.

Би-би-си: Гулнора Каримовадан аудио, видео ва мана бугун суратлар олинмоқда. Бу охирги суратлар сизга келиб тушдими ва сиз уларни оммага тарқатаяпсизми?

Раян: Бизни хавотирга соладиган жойи шуки, масалан видео ва аудио тасмаларни олганимиздан кейин, Гулноранинг уйидаги барча хизматкорлар бошқа жойларга кўчирилди. Биз онда-сонда маълумот олишга муваффақ бўлаяпмиз, лекин бу жуда қийин. Улар бизга келиб тушади ва биз уларни тарқатаяпмиз.

Би-би-си: Охирги суратлардан биз қандай маълумот олишимиз мумкин?

Раян: Суратлардан аён бўлаётгани шуки, у ҳар куни 24 соат давомида қўриқчилар назорати остида қолаяпти. У ҳатто тоза ҳаводан нафас олиш учун ёки кўпроқ озиқ-овқат сўраш учун эшикдан чиқса, унга мана шундай муносабат қилишаяпти.

Би-би-си: Лекин, бу ўзбек қамоқхонасига ўхшамайди, ва у камерада сақланмаяпти.

Раян: У ўзбек қамоқхонасида эмас, у уй ҳибсида. Лекин, бошқалардан мутлақо ихоталаб қўйилган. У фақат ўзи билан тутқунликда қолаётган қизи ва уни тахқирлаётган қўриқчилар билан мулоқот қила олади, холос.

Би-би-си: Агар у шунчалар қаттиқ назорат остида қолаётган бўлса, қандай қилиб суратлар ташқарига чиқаяпти?

Раян: Гулноранинг дўстлари ёрдам бераяпти буни амалга оширишда. Уларнинг кимлигини мен очиқлай олмайман.

Би-би-си: Гулнора Каримова Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан уюшган жиноий гуруҳ аъзоси дея элон қилинган. Бироқ, шахсан унга қарши жиноий иш очилган ё очилмаганидан сиз хабардормисиз?

Раян: Муаммо шуки, буни ҳеч қачон била олмаймиз. Биз билишимизча, Гулнорага яқин бўлган шериклари ҳарбий судга тортилган ва қамалганлар. Буни ҳеч ким билмай қолди. Расмий айблов эълон қилинмаяпти, ҳимоячилар ёлланмаяпти ва очиқ тарзда маҳкама ўтказилмаяпти. Шунинг учун ҳам биз жуда бир оддий нарсани илтимос қилаяпмиз, у ҳам бўлса, агар у қандайдир ноқонуний иш қилган бўлса, у ана шу даъволарга жавоб берсин. Унга Швейцарияга бориб, ўзига қарши айбловлар бўйича суд олдида жавоб беришга изн берилсин.

Би-би-си: Сиз шунга эришмоқчи бўлаяпсизми?

Раян: Биринчи қадам сифатида биз, агар Швейцария ундан қандайдир саволларни сўрашни истаётган бўлса, Швейцариянинг Тошкентдаги элчисини Гулноранинг олдига юборилиши ва у билан суҳбатлашишини сўраяпмиз.

Би-би-си: Демак, сиз Швейцария ҳукуматидан унинг экстрадиция этилишини талаб қилишини сўраяпсизми?

Раян: Буни ҳукуматлар ҳал қилади. Чунки ҳозир юзага келган вазият шундайки, унга қарши ҳар хил иддаолар чиққан, у эса қамаб қўйилган ва иддаоларга жавоб қайтара олмаяпти экан, бутун дунё уни айбдор деб ўйлаяпти. Унга маҳкамада ана шу иддаоларга қарши чиқишга имконият берилсин.

Би-би-си: Сиз бу ишларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан қилмаётган бўлсангиз керак, чунки Ўзбекистон қамоқхоналарида Гулнора Каримовадан анча ёмонроқ аҳволда ётган одамлар кўп. Сизнинг хизматларингиз пулли бўлса керак?

Раян: Ҳа, бизга пул тўлашаяпти.

Би-би-си: Аниқ миқдорни очиқлашингизни кутмаймиз, лекин пиар хизматларингиз арзон бўлмаса керак?

Раян: Бу ҳақида гапириб ўтирмайман. Биз кичик ширкатмиз, биз вазифага қараб тўловни белгилаймиз ва у Лондондаги бошқа ширкатларники билан рақобатбардош.

Your contact details
Disclaimer