МТС раҳбари ҳибсда, Тошкентда ҳаммаёқ тинч?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиянинг АФК "Система" ширкати раҳбари, мамлакатдаги энг бадавлат шахслардан бири Владимир Евтушенков пул ювишда айбланиб сешанба куни уй ҳибсига жойлаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистонни зиддиятли равишда тарк этган МТС мобил ширкатига ҳам эгалик қилувчи жаноб Евтушенков устидан эндиликда электрон браслет орқали назорат олиб борилмоқда. У Москва ташқарисидаги Жуковка посёлкасида жойлашган уйида қолаётир.

Россия Тергов қўмитаси аввалроқ чоп қилган баёнотда Бошқиртистон ёқилғи ва энергетика мажмуасидан ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилган мулкка Владимир Евтушенковнинг алоқадор эканига етарли далиллар борлиги ва унга нисбатан пул ювиш айби илгари сурилгани айтилганди.

Бугун унинг АФК "Система" баёнот чиқариб, ширкат Бошқиртистоннинг ёқилғи ва энергетика мажмуасидаги ҳиссаларни қонуний ва шаффоф тарзда сотиб олганини билдирган.

Мазкур ҳодиса ортидан Москва биржасида АФК "Система" ширкатининг акциялари 26,3%, унга тегишли "Башнефть" акциялари 11,32%, ҳамда МТС акциялари 5,56%га тушиб кетган.

Иккинчи Ходорковский?

Айни дамда ЮКОС ширкатининг собиқ эгаси Михаил Ходорковский "Ведомости" газетасидаги интервьюсида Евтушенков ҳибсга олинишини ўз бошига тушган муаммоларга ўхшаш эканини айтган.

Жаноб Ходорковскийга кўра, ҳукуматга тегишли "Роснефть" бу сафар "Башнефть"ни ўз ҳуқуқий эгасидан тортиб олмоқчи бўлаяпти.

Бироқ, "Роснефт"нинг матбуот воизи Михаил Леонтьев "Башнефть" билан ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаганини айтди.

Тошкентда ҳаммаёқ тинч?

Айни дамда Москвадаги муаммоларига қарамай МТС ўзбек бозорига қайтиш ҳаракатларини жадал суратларда давом эттирмоқда.

Ўзбекистоннинг "Алоқабанк" банки 20 сентябрда ҳиссадорлар мажлисини йиғиб, МТС ширкатига тегишли "Universal mobile systems" мобил ширкатига кредит ажратишни муҳокама этиши кутилади.

"Universal mobile systems" мобил операторидаги 50,01% ҳиссаларга МТС, 49,99% ҳиссаларга эса Ўзбекистон Алоқа қўмитаси эгалик қилади.

Янги оператор жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча техник ишларни бошлаши, 1 декабрдан бошлаб эса МТС бренди остида тижоратни йўлга қўйиши кутилади.

Икки йил аввал МТС ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида чиққан можарода Гулнора Каримованинг исми тез-тез тилга олинган.

МТСни сўнгра гўёки ўзбек бозоридан сиқиб чиқариш ҳаракатлари учун жаноб Евтушенков ўзининг Ғарбдаги манбаларидан фойдаланиб Каримова хонимдан ўч олишга киришгани даъво қилинганди.

Your contact details
Disclaimer