Алишер Усмонов ‘ВКонтакте’ нинг ягона соҳибига айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хабарларга кўра, асли ўзбекистонлик миллиардерга тегишли Mail.ru Group интернет-холдинг ширкати Россиядаги энг оммабоп ижтимоий мулоқот тармоғининг сўнгги ҳиссаларини ҳам қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Ширкатнинг шу ҳафта бошида эълон қилишича, ‘ВКонтакте’нинг United Capital Partners жамғармаси ихтиёрида бўлган 48.01 фоиз ҳиссасини сотиб олган.

Расмий хабарларда айтилишича, сўнгги хариди Алишер Усмоновнинг интернет-холдинг ширкатига 1.47 миллиард долларга тушган.

Унгача ҳам Mail.ru Group ушбу ижтимоий мулоқот тармоғининг энг йирик ҳиссадори бўлган.

‘ВКонтакте’нинг 51.99 фоиз ҳиссаси Алишер Усмонов назорати остидаги интернет-холдинг ширкатига тегишли бўлган.

2006 йилда ишга туширилган ‘ВКонтакте’ ҳануз Россиядаги энг оммабоп ижтимоий тармоқлигича қолмоқда.

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирга келиб ундан 53 миллионга яқин одам фойдаланади.

Бу – Россияда иккинчи оммабоп бўлган "Одноклассники" фойдаланувчиларидан 10 миллионга кўп дегани.

Дейлик, жорий пайтда "Одноклассники" Россияда - 42.6 млн, "Мой Мир" - 30,6 млн ва Facebook - 25,4 млн фойдаланувчисига эга.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Алишер Усмонов "Одноклассники" ва "Мой Мир" ижтимоий мулоқот тармоқларига ҳам эгалик қилади.

Маҳкама можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Илья Шербовичнинг United Capital Partners жамғармаси ўтган йил баҳор ойида ‘ВКонтакте’ нинг илк сармоячиларидан унинг 48 фоиз ҳиссаларини сотиб олгани айтилади.

Аммо ушбу ижтимоий мулоқот тармоғи асосчиси Павел Дуров ушбу олди-сотдини ноқонуний, деб ҳисоблайди.

Унинг иддао қилишича, мавжуд келишувга мувофиқ, ‘ВКонтакте’ ҳиссалари сотувчилари ўз ҳиссаларини энг аввало амалдаги ҳиссадорларга таклиф этишлари шарт бўлган.

Аммо ўшанда жамғарма вакиллари ижтимоий мулоқот тармоғи ҳиссаларини эмас, уларга эгалик қилган офшор ширкатларини сотиб олишганини айтишади.

Шу йилнинг апрел ойида Mail.ru Group га тегишли Bullion Development Limited офшор ширкати United Capital Partners устидан Лондон Арбитраж маҳкамасига мурожаат қилади.

Аммо, хабарларга кўра, сешанба кунги олди-сотди ортидан, United Capital Partners, Mail.ru ва Павел Дуров зудлик билан маҳкама билан боғлиқ барча машмашаларга якун ясашга келишиб олишган.

"Россияда бойларнинг бойи"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу йил бошида АҚШда чоп этилувчи нуфузли Forbes журнали Алишер Усмоновни Россияда бойларнинг бойи, деб топганди.

Forbes жаноб Усмоновнинг бойлигини $18.6 миллиард доллар, деб баҳолаганди.

Шунча бойлиги билан Алишер Усмонов дунё миллиардерлари орасида 40-ўринни эгаллаганди.

Бунинг ортидан, Sunday Times нашри ҳам асли ўзбекистонлик миллиардерни Британиянинг иккита энг бой одамидан биттаси, деб топганди.

Лондон ташқарисидаги Саррей туманида яшовчи 60 ёшли тадбиркор “Арсенал” футбол клубининг 30 фоиз ҳиссалари ва Россиянинг “Металлоинвест” темир ишлаб чиқариш ширкатига эгалик қилади.

Ўтган йили Американинг яна бир обрўли “Блумберг Маркетс" журнали Алишер Усмоновни дунё бизнесидаги энг таъсирли 50 шахс рўйхатига ҳам киритганди.

Бизнес

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Жаноб Усмонов сўнгги йилларда асосан тоғ-кон саноатидан кўп фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига катта пул киритмоқда.

Унинг Apple, Twitter, Facebook, Mail.ru, LinkedIn, Groupon, Zynga, AirBnB, ZocDoc, Klarna, Alibaba ва 360buy ширкатларига ҳам сармоя ётқизгани айтилади.

Яқинда асли ўзбекистонлик миллиардернинг ўз ихтиёрида бўлган Facebook ва Apple ҳиссаларини сотгани хабар қилинганди.

Жаноб Усмонов ўз бизнес империясини пластик пакетлар ишлаб чиқариш билан бошлаган.

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида прокурор оиласида туғилган миллиардер ҳозир нефть магнати Жей Пол Геттининг Саррейдаги собиқ саройи Саттон Плейс ва Лондон шимолидаги 48 миллион фунтлик уйга эгалик қилиши айтилади.

2007 йилда Британияда чоп этилувчи нуфузли “Гардиан” нашри билан электрон почта орқали суҳбатда жаноб Усмонов Ўзбекистон ё бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини баён қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ