Шотландия референдуми: Ўзбекистондан муносабат

Тошкентдан маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Шотландиядаги мустақиллик референдуми Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида деярли ёритилмаган.

Сўз сиёсий ҳуқуқлар масаласида кетаётгани учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати эҳтиёткорлик қилган бўлиши мумкин, дейди у.

"Айтайлик, шунақанги референдумлар, мамлакатлардаги ҳар хил сиёсий талаблар ва бошқалар Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида чекланади ва бунга цензура қўйилган. Тўғри, Шотландияда нималар бўлаётгани ҳақида кичик-кичик хабарлар берилди. Аммо кенг ёритилиб, муҳокама қилингани йўқ", - дейди суҳбатдошимиз.

Ўз ўрнида, суҳбатдошимизнинг айтишича, шунда ҳам, Ўзбекистондаги барчани Шотландиядаги мустақиллик референдумига мутлақ бефарқ, деб бўлмайди.

Журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, халқаро сиёсатга қизиққан ўзбекистонликлар Шотландиянинг, барибир, Буюк Британия таркибида қолишини кутишган ва буни маъқуллашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

"Ўзбекистонда ҳам худди шунга ўхшаган муаммо бор. Мана, масалан, айрим "провокаторлар" чиқиб, Қорақалпоғистон мустақиллиги, деган айрим гапларни ўртага ташлаб, "айирмачилик" билан шуғулланишга ҳаракат қилишаяпти. Лекин, ишончим комилки, референдум бўлган тақдирда ҳам, қорақалпоқлар Ўзбекистон билан қолишни хоҳлайди. Бунинг сабаби - халқлар ижтимоий, сиёсий, турли жиҳатдан муштарак", - дея мулоҳаза юритади суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, Шотландия мустақиллигини шахсан ўзи жуда нисбий бир нарса, деб ҳисоблайди.

"Демократик мамлакатларда бунга ҳеч қанақанги ҳожат йўқ. Айтайлик, Ўзбекистон СССРдан мустақил бўлгандек гап бўлса, буни тушуниш мумкин эди ёки бошқа бир мамлакат катта бир нимадан мустақил бўлса...Лекин мен Шотландиянинг Буюк Британиядан мустақиллигини ҳеч тушуна олмайман. Чунки бу ерда ҳар томонлама ҳамкорлик, деган нарса бор. Шахсан менинг назаримда, бу - "айирмачилик", десам қўпол бўлиб кетару, ўзига хос бузғунчиликка ўхшаган бир гап. Менимча, бу ҳаракатлар Шотландияда бориб, бориб йўқолиб кетади. Референдум натижаси бориб, бориб, Шотландия халқининг хоҳиш-иродаси, эрки бўлиб қолади", - дейди журналист.

Халқаро муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Linkedage

Агар, гапни индаллосидан бошласак, Шотландиядаги референдум натижасини ғарбий Оврўпо енгил тин олиб, қарши олган.

Жумладан, Испания Бош вазири сўнгги янгиликни хуш қаршилашини айтган.

Испаниянинг Каталония минтақаси мустақиллиги йўлида кампания олиб бораётган ҳаракатга кўра, референдум - демократиянинг ғалабаси бўлган.

Олмониядаги айрим йирик нашрлар, жумладан, BILD, "Британия буюклигича қолади", деб муносабат билдирган.

Италиядаги баъзи бир чиқишларга қаралса, ҳатто, салбий натижа ортидан ҳам, Британия энди аввалгидек бўлмайди.

Шотландия референдумини кузатган россиялик кузатувчилар гуруҳи раҳбарининг даъво қилишича, жараён халқаро меъёрларга жавоб бермаган.

Унинг айтишича, Британия тартиб-қоидалари Ғарб Россиядан талаб қилиб келганидан "жуда бошқача".

Сўнгги янгилик Араб дунёсини ҳам бефарқ қолдирмаган.

Дейлик, арабпараст телевизион станциялар Шотландиядаги референдум натижасини жадаллик билан ёритишган.

Эрон Исломий Республикаси Ахборот Агентлиги сайловчиларнинг қанчалик фаол бўлишганига алоҳида диққат қилган.

Агентликка кўра, бу - британ ва шотланд халқининг рекорд даражадаги сиёсий фаоллигига далолат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ