'Файзулло Кароматли - ўзбек мусиқаси жонкуярларидан бири эди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Профессор Файзулло Кароматли

Жорий ҳафта Марказий Осиё мусиқа олами энг забардаст вакилларидан бирини йўқотди. Профессор Файзулло Кароматли (Файзулло Музаффарович Кароматов) 88 ёшида оламдан ўтди.

Самарқанддаги Регистон майдонида 1997 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинадиган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали асосчиси сифатида у Ўзбек ва Марказий Осиёнинг кўп асрлик мусиқий маданиятига дунё эътиборини қарата олди.

Профессор Кароматлининг хизматлари туфайли "Шарқ тароналари" турли маданиятлар, асрий анъаналарни бир-бирига боғловчи энг йирик халқаро тадбирлардан бирига айланди.

Шунингдек, Профессор Кароматли Анъанавий мусиқа халқаро кенгаши "Мақом" тадқиқот гуруҳини ташкил қилишда жонбозлик кўрсатганди.

Асли Бухородан бўлган Файзулло Кароматли Тошкент ва Москвадаги илм даргоҳларида таҳсил олади ва кейинроқ, ўз соҳасининг энг юқори поғоналаридан бирини эгаллайди.

1972 йилда у Тошкент давлат консерваториясида Шарқ мусиқаси факультетини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқади ва буни амалга оширади. Марказий Осиёдаги энг кўҳна мусиқий илм даргоҳларидан бири ҳисобланган Тошкент давлат консерваториясининг ўзига 1936 йилда асос солинган.

Профессор Кароматли мусиқага оид қатор илмий мақолалар муаллифи ҳам эди. У ўз илмий изланишларида асосий эътиборини анъанавий ўзбек мусиқаси ва чолғу асбобларига қаратганди.

Файзулло Кароматлининг "Ўзбек анъанавий чолғу асбоблари" деб номланган монографияси 1972 йил босмадан чиқиши билан ноёб асарлар қаторидан жой олганди.

Профессор Кароматли умрини Ўзбек ва Тожик мусиқаси, маданиятини ўрганишга бағишлади.

У ўз талабаларининг кўпини Ўзбек мусиқасини ўрганишга рағбарлантирар эди. Файзулло Кароматли Ўзбекистонда этно-мусиқа ва фольклоршунослик мактабини яратганди. Унинг талабалари бугун мусиқа соҳасининг энг таниқли академикларига айланишган.

Ажойиб инсон, бир неча тилни мукаммал билган олим, Ўзбек ва Тожик мусиқаси бўйича буюк тадқиқотчи, туғма истеъдод эгаси ва кўплаб ўқувчиларини ўз изидан кетишга рағбарлантирган устоз - Профессор Файзулло Кароматлининг хотираси қалбларда абадий қолади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ