Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мухолифатчи аёли: "Мени ўзбек фуқаролигидан чиқариб юборишибди"

Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф "Бирдамлик" халқ ҳаракати раҳбари, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Баҳодир Чориевнинг рафиқаси ва 9 ёшли фарзанди Ўзбекистонга киртилмаган.

19 сентябр куни Тошкентга етиб келган Феруза Хуррамовага унинг паспорти бекор қилингани айтилган ва у мажбуран учоққа ўтказилиб ортга қайтариб юборилган.

"Менга фуқароликдан чиқиб кетгансиз, дейишди. 2012 йилда қонун чиққан, сизнинг паспортингиз бекор қилинган бу ерда, деди. Қани ўша қонун, кўрай, десам, йўқ, у қонун ёнимизда йўқ, дейишди", - дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Хуррамова хоним ўз марҳум қайнотасининг йил маракасини ўтказиш, ўз бетоб онасини кўриш ва паспортини янгилаш учун ватанга келганди.

Унинг айтишича, унга беш йил давомида Ўзбекистонга қайтиб келмагани туфайли паспорти бекор қилингани айтилган.

Мухолифатчининг аёлига кўра, унинг паспорти муддати бир ойдан кейин тугайди. Хуррамова унинг мамлакатга киритилмагани сабабини турмуш ўртоғининг сиёсий фаолияти туфайли деб билади.