Бош прокуратура: 'Г.Каримова ишининг Оврўподаги текширувга алоқаси йўқ'

Image caption Ўтган ҳафта Гулнора Каримованинг уй қамоғида туширилгани айтилган расмлари эълон қилинган

Ўзбекистон Бош прокуратураси Президентнинг тўнғич қизи ва шерикларига нисбатан жиноят иши юзасидан халқаро ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлаган, аммо Ўзбекистондаги терговнинг Оврўпо давлатларида олиб борилаётган текширувга алоқаси йўқлигини айтган.

Бош прокуратура 22 сентябр куни тарқатган баёнотда ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган жиноий суриштирувнинг "мустақил табиатга эга" экани урғуланади.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг саволларига жавоблари шаклида тарқатилган баёнотдан, шунингдек, Г. Каримованинг тахмин қилингани каби Президентнинг тўнғич қизи экани англашилади.

Унда онаси билан бирга уй қамоғида экани ишонилган Президентнинг набираси - Имон Каримованинг ушбу жиноят ишига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги таъкидланган.

Бош прокуратура Г. Каримова ҳамда қизининг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни ҳам қисман рад этган.

"Биздаги маълумотларга кўра, уларнинг соғликлари билан боғлиқ муаммолари йўқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу масала тиббиёт муассасаларининг ваколатига киради", - дейилади Бош прокуратуранинг баёнотида.

Аввалроқ Гулнора Каримова ҳамда унинг Британияда таҳсил олаётгани айтилган ўғли-кичкина Ислом Каримов Имон Каримованинг тиббий муолажага муҳтожлигини айтишганди.

Бош прокуратура Имон Каримованинг АҚШда туғилгани ва яқинда 16 ёшга тўлгани ва истаса, АҚШ паспортини олиб, хорижга эркин сафар қилиши мумкинлигини билдирган.

Ёпиқ маҳкама

Баёнотда Гулнора Каримованинг иши алоҳида ажратиб олингани яна бир марта таъкидланган, аммо Каримова хонимга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўллангани ҳақида маълумот берилмаган.

Бош прокуратура, шунингдек, Г. Каримованинг ҳозирда қаерда сақланаётгани ва унинг жиноят ишидаги мақоми юзасидан ҳам қўшимча маълумот бермаган.

Айни пайтда Бош прокуратура Каримова хонимнинг шериклари сифатида билинган Мадумаров Р, Авакян Г ҳамда Содиқов Н. лар устидан маҳкама жараёнининг ёпиқ ва Ҳарбий Трибуналда бўлиб ўтганини тасдиқлаган.

Бош прокуратурага кўра, "баъзи Ўзбекистон фуқароларининг куч билан ўғирлаб кетилиши ва ноқонуний ушлаб турилиши" билан боғлиқ жиноят ижрочилари ҳарбийлар бўлгани ва улар "қатор ҳарбий жиноятларга йўл қўйганлари" учун ушбу жиноят иши махсус маҳкама томонидан кўрилган.

Аммо Бош прокуратуранинг билдиришича, айни шахслар устидан жиноят ишининг иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ қисми ҳозирда маҳкамага узатилган ва умумий тартибда фуқаролик маҳкамасида кўриб чиқилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу жиноят иши юзасидан халқаро тузилмалар, жумладан, Интерпол линияси бўйича ҳамкорлик қилаётганини билдирган.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган тузилмалар ва унга яқин шахсларга нисбатан тергов Оврўподаги коррупция билан боғлиқ йирик текширувлар ортидан бошланган.

Айрим таҳлилчилар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг терговидан мақсад Оврўподаги Гулнора Каримова ҳамда шерикларига тегишли экани тахмин қилинаётган йирик маблағларни Ўзбекистон ғазнасига қайтариш бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари суришган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ