Гулнора Каримованинг вакили: 'Ўзбекистонда қонунлар ишламаяпти'

Image caption Лондондаги воизи Гулнора Каримова ҳамда қизининг соғлиги яхши экани ҳақида расмийларнинг баёнотини рад этди

Би-би-си билан суҳбатда Гулнора Каримованинг яқинлари томонидан ёллангани айтилган Лондондаги вакили Локсли Райн Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Каримова иши юзасидан саволларга жавоб бера бошлаганини "умид бахш этувчи" деб атади.

Айни пайтда у Бош прокуратуранинг аКримова хоним ва қизининг соғлиги яхши, деган баёнотини рад этди.

Жаноб Райнга кўра, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб бораётган тергов Оврўподаги текширув билан тўғридан-тўғри боғлиқ.

У яна бир марта Гулнора Каримованинг уй ҳибсида ташқи дунёдан бутунлай ихоталаб қўйилганини даъво қилди ва ўз мижози билан учрашиш учун Ўзбекистонга сафар қилишга тайёрлигини айтди.

Локсли Райн: Менимча, Бош прокуратуранинг саволларга жавоб бера бошлагани анчайин умид бахш этувчи. Чунки халқаро ҳамжамият уларнинг бу ишни қандай кўриб чиқаётганликларини яқиндан кузатмоқда.

Би-би-си: Бош прокуратура сизнинг Каримова хоним ва қизининг соғлиги ёмон, деган даъволарингизни рад этган.

Локсли Райн: Биз уларнинг соғлиги ёмон эканини биламиз ва шундай деб ишонамиз. Бош прокуратура маҳаллий эмас, балки халқаро шифокорларнинг уларни бориб, кўришларини ташкил этиши керак. Уларнинг иккаласи ҳам тиббий муолажага муҳтож.

Би-би-си: Бош прокуратура Каримова хонимга нисбатан айблов тафсилотларини ошкор этмаган. Сиз бу тафсилотларни биласизми?

Локсли Райн: Биз Ўзбекистондаги айбловлардан мутлақо бехабармиз. Биз ўзбек расмийларидан Каримова хонимнинг Швеция ва Швейцариядаги жиноят ишлари юзасидан саволларга жавоб бериши учун халқаро миқёсда тан олинган маҳкамада ҳозир бўлишига имконият яратилишини сўраяпмиз.

Би-би-си: Сизлар бу борада Швейцария ёки Швеция расмийлари билан боғландингизми?

Локсли Райн: Ҳа, Швейцария расмийлари билан боғланганмиз. Биз Швейцария прокурорининг Тошкентдаги Швейцария элчиси билан бирга Каримова хоним билан учрашиб, унинг аҳволидан хабар олиш ва ундан ўз саволларига жавоб олишларини истаяпмиз.

Би-би-си: Швейцария прокурори Каримова хонимни ким сифатида сўроқ қилади?. Гувоҳ сифатидами ёки айбланувчими?

Локсли Райн: У бу ҳақда аниқ-таниқ баёнот берган. Каримова хоним Швеция ва Швейцариядаги жиноят ишлари бўйича ҳеч қандай айби йўқлигини айтган. Токи Швейцария элчиси бу борада бирон аниқ далилни қўлга киритмас экан, буларнинг ҳаммаси қуруқ гап-сўзлар бўлиб қолаверади.

Би-би-си: Аммо айбсизман, деб Гулнора Каримованинг ўзи даъво қилаяпти. Швейцариялик прокурорлар ҳам уни айбсиз деб билишадими?

Локсли Раян: Улар Каримова хонимни сўроқ қилишни хоҳлашади. Ҳозиргача айтилган нарса шу холос. Каримова хоним ҳам уларнинг саволларига бажонидил жавоб беришга тайёр. Агар шундай имконият берилса...

Би-би-си: Яқинда Ўзбекистон Сенати уй ҳибси ҳақидаги қонунни қабул қилган. Бу қонуннинг Гулнора Каримова аралашган жиноят иши билан алоқаси бор, деб ўйлайсизми?

Локсли Райн: Бу нисбатан янги қонун ва айримлар ушбу қонун Гулнора Каримовага қарши жиноят иши учун махсус қабул қилинганини йатишаяпти. Аммо ана шу қонуннинг ўзида ҳам уй ҳибсида сақланаётганлар жамиятдан мутлақо ихоталаб қўйилмаслиги кераклиги айтилган. Аммо Каримова хонимнинг мисолида кўраяпмизки, уни бутунлай ихоталаб қўйишган ва ёнига ҳеч кимни яқинлаштиришмаяпти. Бу ерда ҳатто Ўзбекистоннинг ўз қонунлари ҳам бузилмоқда.

Би-би-си: Ўзбекистонда Президент ва унинг оила-аъзоларининг дахлсизлигини таъминловчи махсус қонун бор. Сиз Каримова хонимни ҳимоя қилишда бу қонундан истифода этишга уриниб кўрдингизми?

Локсли Райн: Каримова хонимга нисбатан дахлсизлик қонуни ишламаяпти. Унинг бутунлай ихоталаб қўйилганининг ўзиёқ бу ва бошқа Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ишламаётганини кўрсатади. Агар бу қонунлар ишлаганида сиз ҳам у билан тўғридан-тўғри мулоқот қила олган бўлур эдингиз.

Би-би-си: Бош прокуратура Гулнора Каримова ва бошқалар устидан маҳкаманинг очиқ бўлишини айтган. Сиз бу маҳкамада қатнашиш ёки ўз мижозингиз билан учрашиш учун Ўзбекистонга сафар қиласизми?

Локсли Райн: Биз Каримова хонимнинг Ўзбекистонда адолатли маҳкамага юз тутишига ишонмаймиз ва шунинг учун ҳам халқаро маҳкамада гувоҳлик беришига имконият яратиб беришга чақираяпмиз. Менинг ўзим шахсан Ўзбекистонга бажонидил сафар қилишга тайёрман.

Би-би-си: Сиз ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон расмийлари Каримова хонимнинг халқаро маҳкамага юз тутиш учун хорижга чиқишига изн беришади, деб ишонасизми?. Бундай деб ишонишга асос борми?

Локсли Райн: Ҳа, ишонаман. Бир нарсани эсдан чиқарманг. Швейцария расмийлари Гулнора Каримовани сўроқ қилишни истаётганликлари ҳақидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ у ғойиб бўлди ва кейинроқ уй ҳибсида экани маълум бўлди. Унгача 6 ой давомида ҳеч нарса бўлгани йўқ. Хўш, улар нимани кутишди?. Нега бирданига ҳаракатга тушиб қолдилар?. Демак, бу Швейцариядаги терговга боғлиқ. Шунинг учун ҳам Каримова хоним Швейцарияда маҳкамага юз тутиши керак, деб ишонаман.

Бу мавзуда батафсилроқ