Осиё Кубогида Ўзбекистондан қўшалоқ ҳакам

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳам Равшан Эрматов ва ҳам Валентин Коваленко бошчилигидаги гуруҳ Австралияга боради.

Бундай қарорга Осиё Футбол Конфедерацияси келган.

Осиё Кубогининг ўзи 2015 йилнинг январ ойида бўлиб ўтади.

Агар, Осиё Футбол Кофедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Яъни, Ўзбекистон конфедерациянинг навбатдаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлайдиган ягона аъзоси бўлади.

Хабарларга кўра, Равшан Эрматовга Австралияда яна Абдуҳамидилло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоров (Қирғизистон) ёрдам беришади.

Коваленко эса, ФИФА “лайнсменлари” Жаҳонгир Саидов (Ўзбекистон) ва Маъмур Саидқосимовлар (Ўзбекистон) билан бирга ҳакамлик қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Икковлондан ташқари, яна бир Ўзбекистон вакили 2015 йилги Осиё кубогида ишлаш учун таклиф олган.

Аён бўлишича, Фарҳод Абдуллаев Австралиядаги турнирда назоратчи ҳакам сифатида фаолият олиб боради.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 2015 Осиё Кубогида ғолиблик учун кураш олиб боради.

Жамоа ўтган йил охирида муддатидан илгари ва кетма-кет олтинчи бор бу каби ҳуқуқни қўлга киритганди.

Ўзбекистон 2004 ва 2007 йилларда қитъа миқёсидаги ушбу нуфузли турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган.

2011 йилда Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Осиё Кубогида тарихий натижа қайд этиб, ярим финалга чиққан.

Қитъанинг энг кучли тўртта жамоасидан бирига айланганди.

Бу – Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳининг Бразилиядаги жаҳон чемпионати ортидан ишлаш учун таклиф олган яна бир нуфузли халқаро турнири бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу йил Бразилияда эса, Равшан Эрматов ўзи кетма-кет бутун собиқ Шўролар Иттифоқини намоён этган икки биринчиликда жаъми 9 та ўйинни бошқариб, янги жаҳон рекордини ўрнатган.

Равшан Эрматов Жанубий Африкада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам энг зўр ҳакамлардан бири, деб топилганди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Равшан ўз ҳакамлик фаолияти давомида эришган оламшумул ютуқлари билан Осиё футболи тарихига ҳам кирган.

Равшан Эрматов тўрт карра “Осиёнинг энг зўр ҳаками” саналади.

У сўнгги Осиё Кубоги ва клублар ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг финал учрашувларини ҳам бошқарган.

Яқинда эса, Тошкент Давлат Иқтисодиёт университети Равшан Эрматовни “Фахрий профессор”лик унвони билан ҳам тақдирлади.

Равшан Эрматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий нишони соҳиби ҳам саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ