ХМТ раддияси: Биз ўзбек пахта мавсумини кузатаётганимиз йўқ

Ўзбекистон матбуотида тарқатилган хабарларга кўра, пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланилмаётганини таъминлаш учун Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари иштирокида миллий мониторинг ўтказилмоқда.

Бу мониторингнинг илк кунларида - 18-20 сентябрда ўзбек расмийлари халқаро мутахассислар билан Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларига сафар қилганлари айтилади.

"Мониторинг натижасида Халқаро Меҳнат Ташкилоти мутахассислари пахта терувчиларнинг теримда ўз хоҳиш-истакларига биноан иштирок этаётганлари, уларнинг сифатли озиқ-овқат билан таъминланаётгани, ҳар беш кунда пахта терими учун тўлов тўланаётгани, иш вақти нормаларига бўйсунилаётгани, қатор фермерлик хўжаликларида машиналар ёрдамида пахта терилаётгани, 18 ёшга кирмаган болаларнинг пахта теримига жалб қилинмагани, коллеж ўқувчилари тўлақонли равишда ўқишга қатнаётгани таъминланганини аниқлаганлар", - дейилади Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши хабарида.

Демак, бу хабарга биноан пахта далаларида ҳеч ким - ўқитувчи ё шифокор, ёки коллеж талабалари меҳнатга мажбурланмаяптилар, ундан ташқари, ёш болалар далаларда йўқ. Унинг устига, бу вазиятга Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертлари гувоҳ бўлганлар.

Аммо, Халқаро Меҳнат Ташкилоти бош котибининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиоланинг Би-би-сига айтишича, унинг ташкилоти бу йил Ўзбекистонда кузатув олиб бораётгани йўқ.

Би-би-си ундан аввало ташкилотнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида сўради.

Тапиола: Бизнинг вакилимиз Тошкентда ишлашни бошлади. Унинг вазифаси "Муносиб иш" дастури амалда тадбиқ этилишини таъминлашдир. Бу техник келишувни Ўзбекистон ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) ўтган йил апрелда имзолашди. Бу дастурда қатор жиҳатлар, хусусан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалалари кўтарилган.

Би-би-си: Лекин, сизнинг вакилингиз қандай иш олиб бораяпти? Далаларда мониторинг ўтказаяптими? Ўзбекистон ҳукумати 18 сентябрь ва 25 октябрь ўртасида мониторинг ўтказилаётганини хабар қилган.

Тапиола: Йўқ, биз бу вақт мобайнида миссияга эга эмасмиз. Ўтган йили биз пахта теримидаги болалар меҳнатини кузатишга жалб этилгандик. Унда олти ҳафта давомида кўп сонли кузатувчиларимиз иш олиб боришди. Лекин, бу сафар мониторингга қўшилмаганмиз. Бизнинг мутахассисларимиз Ўзбекистон бўйлаб мониторинг олиб бораётган ўзбек кузатувчиларни тайёргарликдан ўтказишди.

Image caption Инсон ҳақлари фаоли Елена Урлаева 18 сентябрь куни Тўйтепада олган сурат

Би-би-си: Демак, ўзбек матбуотидан олинаётган хабарлар нотўғри экан-да? Унда сизнинг ташкилотингиз кузатувчилари ўзбек расмийлари билан бирга қатор туманларга бориб мониторинг ўтказаётганлари айтилади.

Тапиола: Тайёргарлик машғулотлари доирасида вакилларимиз далаларга бориб кўришган. Лекин, бу фақат ўзбек кузатувчиларини тайёрлаш учун қилинди. Бизнинг ташкилотимиз мониторингга жалб қилинмаган бу йил.

Би-би-си: Шунга қарамай, сизнинг ташкилотингиз бу йил болалар меҳнати ҳолларини қайд қилаяптими? Қандай хабарлар олаяпсиз?

Тапиола: Биз фақат ижтимоий мулоқот сайтларидаги хабарларни кўраяпмиз. Айтиб ўтганимдек, бу йил мониторинг олиб бормаётганимиз учун, бизда бу каби ҳолларни аниқлаш тизими йўқ. Шундай экан, сиз қандай хабарларни кўраётган бўлсангиз, биз ҳам шуларни кўраяпмиз, у ҳам бўлса, бу йил 18 ёшга етмаганларни пахта теримига жалб қилмаслик учун кўп саъй ҳаракатлар қилинмоқда.

Би-би-си: Лекин, айни дамда, масалан Тўйтепа туманида ёш болалар пахта далаларига олиб чиқилаётганини маҳаллий ҳуқуқ фаоли қайд қилган. Бу каби хабарлар сизни хавотирга соладими ва янги кузатув миссиясини бошлашга ундайдими?

Тапиола: Биз ҳар қандай хабарни эҳтиёткорлик билан текширамиз, ва болалар пахта далаларига олиб чиқилгани борасидаги ҳар қандай маълумот бизни албатта хавотирга солади. Буни кутилмаган воқеа демаган бўлардим, аксинча, агар пахта далаларида умуман болалар йўқ дейишса, ана шунинг ўзи шубҳали бўларди. Гап шундаки, бу йил бизда тўлақонли кузатув олиб бориш учун салоҳият ва ваколат йўқ. Биздаги омил шундайки, биз ё бутун пахта мавсумини кузатишимиз керак ёки умуман кузатмаслигимиз керак. Биз онда-сонда қилинадиган ёки қисман қилинадиган текширувларга ишонмаймиз.

Би-би-си: Нима учун бу йил ваколатга эга эмассиз?

Тапиола: Ўтган йил бизга бу ваколат Халқаро Меҳнат анжумани томонидан берилганди. Шу анжуман бизга буйруқ берса, биз бажарамиз. Лекин, бу йил бундай ваколат бизда йўқ, чунки Мутахассилар қўмитаси ўзбек ҳукуматини шу мониторингни ўзи олиб боришга ундаган ва ўзбек ҳукумати шу ишни олиб бораяпти.

Би-би-си: Айни дамда, болалардан ташқари, катталар ҳам: шифокорлар, ўқитувчилар, тадбиркорлар ва яна кўп ўн минглаб одамлар Ўзбекистонда пахта теришга мажбурланаяпти. Халқаро Меҳнат Ташкилоти бу одамлар ҳақида қайғурадими?

Тапиола: Биз бу даъволардан хабардормиз ва уларни муҳокама қилганмиз. Бунинг устида иш олиб бораяпмиз, лекин бирон хулосага келишдан аввал биз пахта мавсумидаги бутун ишга ёллаш жараёни ва иш бўлашиш ва бошқариш тизимларини ўрганиб чиқишимиз керак. Ҳозирда биз бир сўров устида ишлаяпмиз, ана шу сўров бизга пахта мавсумидаги меҳнат жараёни борасида аниқроқ манзарани чизиб бериши керак. Кейингина биз қандай чора кўриш ёки аралашув масаласини кўриб чиқа оламиз.

Би-би-си: Сиз ўз фуқароларини шунчалар кенг кўламда қандайдир ҳосил жараёнига мажбуран жалб этадиган дунёдаги бошқа мамлакатни биласизми?

Тапиола: Мен мамлакатларни қиёслашни истамаган бўлардим. Баъзи мамлакатларда нималар бўлаётганидан биз кўп ҳам хабардор эмасмиз. Балки бордир. Лекин, ҳаммамизга маълумки, пахта мавсуми Ўзбекистон учун йирик мавсум.

Your contact details
Disclaimer