Тошкентда телефонлар МТС тармоғини тута бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи darakchi.uz
Image caption Телефонларда МТС тармоғи таклиф қилинмоқда

Тошкент шаҳрида мобил телефонлар МТС алоқа тармоғини кўра бошлади. Бу ҳақида Ўзбекистондаги даракчи.уз портали хабар тарқатди.

Порталга кўра, мобил қурилмалардаги тармоқлар қидируви "UZB Ucell", "UZB MTS" ва "Beeline UZ" алоқа тармоқларини топмоқда.

20 сентябрь куни "Алоқабанк" банкининг навбатдан ташқари ҳиссадорлар мажлисида МТС ширкатига тегишли "Universal mobile systems" мобил ширкатига 500 миллиард сўм (Марказий Банк курси бўйича 211,5 миллион доллар) ажратиш қарорига келинган.

"Universal mobile systems" мобил ширкатидаги 50,01% ҳиссаларга МТС, 49,99% ҳиссаларга эса Ўзбекистон Алоқа қўмитаси эгалик қилади.

Янги оператор жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб барча техник ишларни бошлаши, 1 декабрдан бошлаб эса МТС бренди остида тижоратни йўлга қўйиши кутилади.

Икки йил аввал МТС ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида чиққан можарода Гулнора Каримованинг исми тез-тез тилга олинган.

МТСни сўнгра гўёки ўзбек бозоридан сиқиб чиқариш ҳаракатлари учун Россиянинг АФК "Система" ширкати раҳбари, мамлакатдаги энг бадавлат шахслардан бири Владимир Евтушенков ўзининг Ғарбдаги манбаларидан фойдаланиб Каримова хонимдан ўч олишга киришгани даъво қилинганди.

Your contact details
Disclaimer