Ойгул Бекжон: "Дадамни даҳлизнинг икки тарафига тизилган қўриқчилар таёқлар билан уришган"

Image caption ....Ойгул Бекжон (чапдан биринчи) оила даврасида

Муҳаммад Бекжон қамоқхонада энг узоқ муддат ушлаб турилган журналистдир.

"Эрк" мухолифат газетасининг муҳаррири Тошкентдаги 1999 йил февраль портлашларига алоқадорликда гумон қилиниб Украинадаги хонадонидан ўғирлаб кетилган ва Ўзбекистонда суд қилинган. "Эрк" партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлган жаноб Бекжон ўзбек қамоқхоналарида қаттиқ қийноқларга солинганини яқинларига сўзлаб берган. Human Rights Watch ташкилотининг ўзбек сиёсий маҳбуслари юз тутаётган "мисли кўрилмаган қийноқлар" борасидаги ҳисоботи чоп этилиши билан бир вақтда Би-би-си Муҳаммад Бекжоннинг ҳозирда АҚШда яшаётган тўнғич қизи Ойгул Бекжон билан суҳбатлашди.

Ойгул Бекжон: Дадамни ҳибсга олишган пайтда биз Украинада истиқомат қилардик, чунки дадам у ерда ҳаётимиз хавфсиз бўлади деб ўйлаган. Онам Ўзбекистонда содир этилган ҳодисалардан сўнг биз ғарбга чиқиб кетишимиз керак деб ўйлаётганига қарамай, дадам "мен қонунга хилоф ҳеч нарса қилмаганман, айбим йўқ" дея Украина уни Ўзбекистонга жўната олмаслигига ишониб юрган. Биз ўша кунлари Киевдан Луганскга, онамнинг ота-оналариникига кетгандик. Кетишимизни пойлаб турган Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари, назаримда, айнан шу фурсатдан фойдаланиб, квартирамизга бостириб киришган. Квартирамизда дадам ҳамда сиёсатга умуман алоқаси бўлмаган бир танишининг бошларига қоп кийдириб, иккаласини ўғирлашган. Биз фақат икки кундан кейин онамнинг қариндошларидан бири "Телефон қилавериб Муҳаммадни ҳеч тополмаяпман", деб айтганидан сўнгина хавотир ола бошладик. Ҳудди шу тарзда Юсуф Рўзимородовни ҳам хавфсизлик зобитлари олиб кетишган.

Би-би-си: Отангиз Украина расмийлари томонидан депортация қилинган, шундайми?

Ойгул Бекжон: Ҳа, худди шундай, бу шу қадар тез ва маҳфий тарзда содир бўлганки, то биз билиб олиб, уч кундан кейин етиб келгунимизча, дадамиз йўқ бўлган. Биз Украинанинг Рух партиясига мурожаат қилдик, лекин бизга Қрим татарлари лидери Мустафо Жемилев кўп ёрдам берган. Биз уларнинг ёрдами билан халқаро адвокатни ёлладик, кейинчалик биз дадам билан Рўзимуродовни икки кун ичидаёқ бошларига қоп кийдириб хусусий самолётга ўтқизиб олиб чиқишганини билиб қолганмиз.

Би-би-си: Отангизни ҳибсга олишлари кўз олдингизда рўй бермаганига қарамай, ўзингиз ва сингилларингизга руҳан таъсир қилгандир. Бу ҳақида гапириб бероласизми?

Ойгул Бекжон: Ҳа, албатта. Мен қизлардан энг каттаси бўлганим, ҳамда онам руҳий дастакка муҳтож бўлгани учун квартирамизга етиб келгандим. Квартирамиз қуршовга олинган эди. Биз кураш белгиларини кўрдик, ҳамма нарса синиқ, бутун мебель парчаланган, бундан ташқари бизнинг шахсий, оилавий расмларимизни олиб кетишган. Биз ўз кўзимизга ишонмадик. Қандай қилиб бу содир бўлиши мумкинлигига ишониш қийин бўлган. Уйимизда ҳеч зарур бўлмаган жисмоний куч, зўравонлик ишлатилганини тасаввур қилишимиз қийин эди. Кичкина эдик, Иноят энди тўрт ёшга тўлган эди, биз бу воқеаларни ундан яширишга харакат қилганмиз бошида. Бироқ катта бўлгани сайин, биздан такрор-такрор сўраганида, биз ҳаммамиз қаттиқ йиғлаб гапириб берганмиз. Ҳаммамиз ора-орада депрессия, тушкунликка тушдик. Ўша пайтда украин нашри "Политика" нашрига биз берган интервью ва суратларимизни кўрганингизда, бошимизга қандай кулфатлар тушганини тушунган бўлардингиз. Онам саксон ёшли кампирга ўхшаб қолганди. Ўша суратларда йиғлаганимдан кўзим қиртайиб қолганини кўришингиз мумкин. Биз ҳаммамиз шок ҳолатига тушиб қолгандик.

Би-би-си: Сиз маҳкама жараёнини Украинадан кузатгансизлар, онангиз судда хозир бўлиш учун Ўзбекистонга сафар қилганми?

Ойгул Бекжон: Онам кейинроқ сафар қилган. Чунки бу жуда хавфли бўлган. Бизга номаълум шахслардан телеграммалар келиб турарди. Икки ҳафтадан кейин биз билан АҚШ элчихонаси мулоқот бошлаган. Чунки янгиликларда "тўрт ўзбек террористи" қўлга тушгани борасида хабар тарқатилганди. Америка дипломатларидан ташқари биз билан Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотлари боғланишган. Биз улар билан яқин ҳамкорлик олиб боргандик, чунки дадамни қутқариш учун бир нарса қилиш мумкинлигига жуда ишонганмиз. Бор кучимизни сарфлаганмиз.

Би-би-си: Онангиз Нина Бекжонова Ўзбекистонга маҳкамадан кейин фақат уч йилдан кейин биринчи марта сафар қилган, шундайми?

Ойгул Бекжон: Ҳа, биз дадамиз қаерда эканини анча вақтгача билмагандик. Ҳамма нарса махфий ўтган. Фақат норасмий манбалардан бизга хабар келиб турарди. Яъни кимдир қаердадир дадамнинг ишини кўрганини гапиргани бизга етказиларди. Биз бир йилдан кейин Америкага чиқиб кетдик. Бизнинг ташқарига чиқиб кетишимизга на Украина на Россия рухсат берган. Украина, эҳтимол, ўзбек ҳукумати билан келишиб олиб, шундай йўл тутган. Америкага кетишимиздан олдин ёш сингилларимни "отасининг рухсати йўқ" дея баҳона қилиб, уларнинг чиқиб кетишларига рухсат бермаганлар. Лекин биз отамиз қаерда эканлигини ҳатто билмагандик!

Би-би-си: Қамоқхонада отангизни ким бориб кўрган, фақат онангизми ёки сизларга ҳам рухсат берилганмиди?

Ойгул Бекжон: Фақат онам. Бизга рухсат беришмаган, ва бу хавфли бўлган. Онам атайлаб Украина фуқаролигидан чиқиб кетмаган, ўзбек расмийларида унга Ўзбекистонга киришга рухсат бермасликка баҳона бўлмаслиги учун. Дадамни кўриш учун имкониятни йўқотмаслик мақсадида Америка паспортини олмаган. Мен америка фуқаролигини олганимдан кейин, неча бор мурожаат қилганимга қарамай, менга Ўзбекистонга кириш визасини беришмаган. Ўн беш йил ичида болалардан бирортаси отасини кўрмаган. Биз фақат онам орқали кичик бир қоғозда ёзилган хатларимизни бериб юборамиз, бироқ уларнинг хаммаси ҳам етказилмаса керак. Хатларимизда умуман сиёсат хақида лом-мим демаслигимиз керак, ҳаттоки, Америкада бўлаётган ҳодисалар ҳақида ҳам ёзмаслигимиз керак. Бундай хатлар ўтмаслигини биз биламиз. Менга ҳар гал виза рад этилади, лекин Ўзбекистонда ўз отасини кўришни фарзанд учун тақиқлаб қўйиш ҳақида қонун йўқ-ку.

Би-би-си: Онангиз дадангизни охирги марта қачон қўришга мувафақ бўлган ва дадангизнинг ҳолатини қандай таърифлаган?

Ойгул Бекжон: Икки йил олдин, баҳорда кўрганлар. Онамнинг айтишича, дадам умуман таниб бўлмайдиган ҳолатда. Жуда ҳам озиб кетган эди. Бўйи 183 сантиметрли гавдали одам ҳали "сағал семирибди" деб айтишганида вазни 60 кило бўлган. Тасаввур қилинг... Онамнинг айтишича, у шу даражада озиб кетганки, суяги қолган, холос. Назоратчилар унга тўйиб овқат ейишига изн бермаганлар. Уни атайлаб оч тутишади. Қийноқлар оқибатида пайлари узилиб кетган ва ўз жойига тушмаган. Тергов пайтида калтаклардан оёғи синиб, бир вақт фалаж ҳолатда бўлган, ҳануз бир оёғи яхши ишламайди.

Би-би-си: Бу тафсилотларни қаердан билиб олгансизлар? Муҳаммад Бекжон ўзи гапириб берганми?

Ойгул Бекжон: Биласизми, дадам шундай одамки, ўз муаммолари хақида гапиришдан қочади. Бироқ бир неча йил ўтгач, олти йил муқаддам, онам дадамни кўргани борганларида, озгина гапириб берган, жуда оз, шикоят қилмасдан. Дадамнинг айтишича, Жаслиқдан кейин у "тирик коридор" қийноғидан ўтган. Бу дегани, қамоқхона назоратчилари қўлларида таёқлар билан икки сафга тизилиб, орадан ўтаётган маҳбусни таёқлар билан роса калтаклашади. Дадам бунинг натижасида қонга ботиб, бетон полида тўрт кун ётган. Шундоқ кўтариб полга ташлашган ва қамаб қўйишган. Дадам, баданлари қон, ўнг томони фалаж ҳолатда, ҳаракат қилолмай, ётганларини гапириб берган. Сувсиз, овқатсиз неча кун ўтганини билмаган, Лекин тўрт-беш кун ўтган бўлса керак. У ўлишга тайёр бўлганини айтиб берган. Бироқ, бир пайт, қаердандир куч жамлаб, нарида турган темир товоққа судралиб етиб, товоқдан бир томчи сувдан ичганидан кейин, ўша онгда яшаб кетишини англаб олганини гапириб берган. Дадамнинг бошига шундай мусибатлар тушганки, соғлиғи жуда ёмонлашган, чунки энди сил касаллигидан ҳам азият чекади. Бундан ташқари, грижаси тушган ва жигари ҳам касал. Ростини айтсам, онам дадам ҳануз тирик эканига ҳайрон. Шу даражагача озгани, ҳолдан тойган ва тинкаси қуриган аҳволда эканини эшитиб кўп йиғлаймиз.

Би-би-си: 2012 йили сиз отангиз қамоқхона муддати тугаганига сал қолганида, уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўрган экансизлар, лекин у озод этилмади. Бунинг сабабларини тушунтириб беришганми сизга?

Ойгул Бекжон: Онам 2011 йилнинг декабрида Тошкентга сафар қилган, дадамни 2012 йили январ-февралида озодликка чиқаришлари керак эди. Шунинг учун у ерда уч ой ўтказган. Дадамнинг укаси ҳам Хоразмга уни олиб келгани учун борган. Унга "уйга қайтинг, биз ўзимиз уни етказиб берамиз" деб ишонтириб қўйишган. Бироқ ҳеч нарса бўлмаган, бир ҳафта ўтган, иккинчи ҳафта ўтган, дадамдан дарак йўқ. Муддат вақти ҳам келиб қолди, барибир ҳеч дарак йўқ. Онам деярли ҳар куни ГУИНга бориб, ариза қолдириб келган. Улар онамни уйга қайтариб, биз почта орқали хабар берамиз деб айтишган. Бироқ ҳеч қандай хат еки ёзма ҳужжат ҳеч кимдан келмади. Онамнинг Ўзбекистонда бўлишини, ҳар куни ГУИнга боришини билиб туриб, ҳеч ким бирор хабар етказмаган. Улар махфий маҳкама ўтказишгани биз кейин Америка элчихонасидан билиб қолганмиз. Онам март ойигача у ерда интизор бўлиб, хеч нарса билишга мувафақ бўлолмаган. Маҳкама дадамни қамоқҳона қоидаларини бузганликда айблаб, беш йилга муддатни чўздирди. Бу дадамга руҳан катта зарба бўлди. Онам эса мазкур уч ой давомида уни кўришга рухсат ололмаган. Шу билан кетишга мажбур бўлиб, фақат бир йилдан кейин дадамни кўрган. Кўрганларидан кейин уч кун тўхтамай йиғлаган.

Би-би-си: Отангизнинг қамоқхона муддати қўшимча беш йилга чўздирилгани сизларга ҳам кутилмаган зарба бўлгандир?

Ойгул Бекжон: Бир сўз билан бутун ҳолатимизни таърифлаб бўлмайди. Биз шундай интиқиб кутган эдик, ҳужжатларни тайёрлаб, кийим-кечак сотиб олиб қамоқхонага юборгандик, компьютер сотиб олдик, чунки дадамнинг дарҳол ҳамма билан алоқада бўлишларини истагандик. Ҳамда ўз ҳолига келишлари учун тиббий муолажаларни режалаштириб, озодликка чиқишлари билан тиббий процедуларалар бошлашларини ўйлаб, ҳаммасини ташкил қилганмиз. Бутун режаларимиз зое кетди. "Турмадан ўзимиз олиб келамиз" деган сўзларни эшитиб, қаттиқ умид қилгандик. Биз ичимизда ўйлагандикки "Ўзбекистондаги халқаро ташкилотларга яхши танилгани учун дадамни сал-пал инсоний бир ҳолатга келтириб, кейин қўйиб юборишади" деб ишонгандик. Афсуски, бундай бўлмади...

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ