#Ўзбек тренди: пахта, Юлдуз ва бодрингнинг нархи

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Пахта кампаниясини қўллаб-қувватлаётган юлдуз битта Юлдуз Усмонова эмас

Ўзбекистонда авжига чиққан пахта кампанияси Twitter нинг асосий мавзуларидан.

"Ватан" филмида ёмғир ёғса ҳам пахта тераётган аёллар тасвирланган. Ҳозир ҳам шунақа.Талабаларни лой ерга киргизворишади пахта теришга" деб ёзади @Qisqa_satrlarda.

Аммо ҳамма фойдаланувчилар ҳам пахта борасида бу қадар умидсиз эмас.

Хусусан, таниқли хонанда Юлдуз Усмонова.

Image caption "Ўзбекнаво" пахтага чиқмаган қўшиқчиларнинг лицензиясини олиб қўйиши мумкин

Юлдуз хонимнинг Instagram да пахта даласида тушган суратини эълон қилгани қўшиқчи ҳукуматнинг пахта кампаниясини қўллаб-қувватлаётганига ишора, дея талқин қилинмоқда.

Аммо пахта кампаниясини қўллаб-қувватлаётган юлдуз битта Юлдуз Усмонова эмас.

Қўшиқчиларни пахтага сафарбар қилаётган "Ўзбекнаво" бирлашмаси ўз вебсайтида бошқа бир таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги пахтакорлар қаршисида қўшиқ куйлабгина қолмай, пахта ҳам тергани акс этган суратларини чоп этган.

Ўтган йили "Ўзбекнаво" таниқли қўшиқчи Жасур Умировни пахтага чиқмагани учун лицензиядан маҳрум этгани хабар қилинганди.

Image caption ҲРВнинг ҳисоботи ўзбекистонлик фойдаланувчилар эътиборини тортмаган

Ҳюман Райтс Вотч инсон ҳақлари ташкилоти шу кунларда эълон қилган Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар тақдирига оид йирик ҳисобот Twitter да, айтиш жоизки, асосан хорижлик экспертлар муҳокамасига сабаб бўлган асосий мавзулардан.

Мавзу ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг эътиборини тортган, деб айтиш қийин.

@hrw -қамоқхонада "сабзини нотўғри артгани учун" қамоқ муддати узайтирилган сиёсий маҳбус Мурод Жўраевнинг тақдирига эътибор қаратган.

@LotteLeigcht "энг узоқ вақт кўп қамоқда ўтирган журналист қайси мамлакатда?" дея савол қўяди.

@billbrowder эса путинпарастларга уни яхши кўрсатишнинг яхши йўлини топгани, бунинг учун жаноб Путинни Ўзбекистон президенти билан қиёслаш кифоя эканини ёзади.

АҚШнинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидаги миссияси -@usosce ҳам ҲРВ ҳисоботини бўлишган.

Россия Бош прокуратураси эса Twitter даги саҳифасида Россияда ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқароси А.Қ.нинг ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилгани ҳақидаги хабарни чоп этган.

@Genproc хабарида айтилишича, бекободлик А.Қ. ватанида қасддан бировга тан жароҳати етказишда гумон қилиниб, қидирувга берилган.

Farruh 78 эса бозордаги нарх-навони эълон қилган. "Бозорда пиёз 750, Картошка,1200, Сабзи 1000, памидор 750, қизил балғар 1200, тухум 350, бодринг 1000, гурунч 6500, пахта ёғи 5000, қўй гўшти 23000 сўм" деб ёзади у.

Бу мавзуда батафсилроқ